ЭҲТИЎТ БЎЛИНГ, РУЛДА ЁШЛАР!

/
“Ўғлимни яхши кўраман, шунинг учун машина олиб бермайман!”
Автобусда кетар эканман, беихтиёр икки йўловчининг гурунги қулоғимга чалинди:
— Насиба опанинг аҳволини қара, дунёга сиғмай қолди, шўрлик. Биттаю битта ўғли эди-я...
— Ҳали 19 ёшгаям тўлмаган экан... “Ўртоғингнинг тўйига ҳайдаб кетган машинанг тобутга айландими, болам”, деб хуни гирён йиғлашини кўрган биронта инсон чидаб туролмади она бечоранинг ноласига.
— Бунинг устига Мухторбек машинасида босиб ўлдирган кишининг ҳали мактаб ёшига ҳам етмаган 3 боласи етим қолибди-я...

Олдинги ўриндиқда ўтирган отахон асабий равишда суҳбатга қўшилди:
— Ҳали меҳнат қилиб, меҳнат билан топилган ноннинг таъмини тотмаган болага машина олиб беришади. Тўғрими шу?! Фарзандини ёшлигидан меҳнатга ўргатиш, ўқишга меҳр уйғотиш, касб-корли қилиб, оқ-қорани танитиш ота-онанинг бурчи. Машинани меҳнати билан топган пулга олса қадрли бўлади, эҳтиёт бўлиб бошқаради...
Манзилимга етиб келганлигим учун автобусдан тушиб қолган бўлсам ҳам бу суҳбат қулоғимдан кетмади. Бир неча кун олдин икки ҳамкасбимнинг худди шу мавзудаги суҳбатини эсладим:
— Эшитдингизми, иккита даҳшатли автоҳалокат бўлибди, ўн олти киши ўлибди. Ҳайдовчилар ёшгина йигитчалар экан.
— Эсиз... Машиналарни ота-оналари олиб бериб қўйган-да.
— Шундай. Бир танишим ўғлига мактабни тугатган куни “Тико” русумли машина совға қилса, у хафа бўлган. Отаси эртаси куниёқ “Нексия” совға қилди арзандасига.
— Мана, масаланинг туб илдизи қаерда? Гап болаларга нотўғри тарбия берган ота-оналарда!
Қишлоғимиз раиси бўларди. У пайтларда ўзига тўқ хонадон эгалари учун ўғлига велосипед олиб бериш “мода” бўлган пайтлар эди. Раиснинг ўғлида велосипед йўқ эди.
— Велосипед тугул машина олиб беришга ҳам қурбинг етади-ку. Боланг тенгдошлари олдида ўксимасин, — дебди бир таниши унга.
— Тўғри, қурбим етади, лекин мен боламни яхши кўраман! — дебди раис бува. — Унга бирон фалокат бўлишидан қўрқаман. Велосипед ёки машинада бориб бирон жойга урилса-чи ёки бошқа бирон бахтсиз ҳодисага йўлиқса-чи? Унда ким нима дейди-ю, ким куяди?! Ундан кўра ўқисин, ишласин, одам бўлсин, кейин вақт-соати келиб ҳамма орзусига эришаверади.
Тўғри, ўшанда ҳар ким ҳар хил фикр билдирди: уни зиқналикда айблаганлар ҳам бўлди. Аммо вақт – олий ҳакам. Бугун ўша ўғил қишлоқнинг олди кишиларидан — зиёли, обрўли, машинасиям бор, аммо у ҳам отаси каби болаларини қаттиққўллик билан тарбиялайди.
Бугун ҳам ҳар бир ота-она боласини ўша раис бува каби яхши кўргани учун, турли бало-қазолардан асраш мақсадида машина рулига ўтқизмаганида эди боласининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаётига хавф туғилмаган бўлар эди.
Дарвоқе, автоҳалокатлар катта ёшдагилар томонидан содир этиладими, ёшлар томониданми, уларнинг барчаси кимнингдир бахтли ҳаётига якун ясаши ёки ҳам руҳан, ҳам жисмонан ногиронликка олиб келиши мумкин. Аммо ёшлар томонидан содир этилаётган бундай ҳодисалар жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланиб бормоқда. Айни катта ҳаёт бошида турган, эндигина ўқиб, изланаётган, бирон касб сирларини ўрганаётган, ота-онасининг суянчиғига айланган, жамиятда ўз ўрнини топишга интилаётган йигит кимнингдир ҳаётига зомин бўлса, турмуш ўртоғи ва эндигина дунёга келган фарзандини ташлаб жазо ўташ ҳудудларига кетса ёки бу дунёни тарк этса – бу жуда ачинарли ҳолдир. Бунинг туб илдизлари эса биз ота-оналарнинг “орзу-ҳавас”имиз, керагидан ортиқ меҳримиз туфайли эмасмикан?
Ўтган 2017 йил давомида республикамиз автомобиль йўлларида жами 10044 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, шундан 1230 нафари 18 ёшдан 22 ёшгача, 2462 таси 23 ёшдан 27 ёшгача бўлганлар томонидан содир этилган. 28 ёшдан 32 ёшгача бўлганларда автоҳалокатлар сони пасая боради, яъни 2149 тани ташкил этади. 33-37 ёшлилар ўртасида бу кўрсаткич пасайиб, 1641 тага, 38-42 ёшлиларда эса 1091 тага тушгани кузатилган. Таҳлиллар 18-22 ёшли ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини билмаслиги ёки унга риоя қилмаслиги оқибатида автоҳалокатлар содир этишини кўрсатади.
Жорий йилнинг биринчи чорагига эътибор қаратадиган бўлсак, 1701 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига солиштирганда 7,9 фоизга, ўлим ҳолати 2,3 фоизга, тан жароҳати олганлар сони эса 10,6 фоизга камайган. Бироқ, афсуски, 18-22 ёшли ҳайдовчилар 173 та йўл-транспорт ҳодисаларини содир этишган...
Ҳар куни ёки кунора мамлакатимизнинг қайсидир ҳудудида 18-20 ёшлар атрофидаги ҳайдовчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисаси рўй бераётганлиги сабабли бир неча киши ҳаётдан кўз юмаётганлигини эшитиб юраги оғрийди кишининг. Бор-йўғи тўрт кун ичида содир этилган айрим якуни фожиали автоҳалокатларга эътиборингизни қаратамиз:
4 апрель куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳудудида 24 ёшли С.Асилбеков шахсий “Дамас” автомобилида йўлни кесиб ўтаётган Т.Қўчқоровни уриб юборган. Пиёда тан жароҳати олиб, касалхонада вафот этади.
Шу куни Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳудудида йўлни кесиб ўтаётган Б.Мухторовни 1999 йилда туғилган Б.Шокиров “КамАЗ-53212” русумли автомашинасида уриб юборган.
7 апрелда эса Пайариқ туманида О.К. (1996 йилда туғилган) бошқарувидаги “Кобальт” автомобили йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиши оқибатида С.С.(1995 йилда туғилган) бошқарувидаги “Нексия” билан тўқнашади. Натижада 8 киши ҳаётдан кўз юмади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Матбуот хизмати бошлиғи Акмал ЮНУСОВ берган маълумотларга кўра, 8 апрель куни Чиноз туманида 19 ёшга қадам қўйган Ж.Фаёзов “Москвич-412” русумли автомобилини Сирдарё туманида яшовчи Ж. ўайбуллаев бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомобилга бориб уради, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Т. Баҳодиров бошқараётган “Истана” русумли микроавтобус билан тўқнашув содир этади. Натижада 2 киши ҳалокат жойида вафот этади.
Шу куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган М.Мақсудов “Нексия” автомобилида Т.Шомуродов бошқарувидаги “Матиз” ҳамда Т.Дўстмуҳамедов бошқарувидаги “ВАЗ-2107” русумли автомобиль билан тўқнашув содир этади. Натижада ёнғин содир бўлиб, ҳайдовчи Т.Дўстмуҳамедов ҳамда унинг йўловчилари Ф.Бозоров ва Ж.Аҳмедов воқеа жойида, яна бир йўловчи М.Азимова эса касалхонада вафот этадилар...
Эьтибор берсак, 4 апрелдан 8 апрелгача бўлган вақт ичида содир этилган автоҳалокатларда 24 киши ҳаётдан бевақт кўз юмган. Бу ҳам бўлса 19-24 яшар ҳайдовчиларнинг нотўғри хатти-ҳаракати туфайлидир. Энди бу кўрсаткичларни бир ойга, бир йилга кўпайтиринг-чи...
Замон ўзгармоқда, тўкин-сочин яшамоқдамиз. Аммо ота-онанинг фарзандга бўлган меҳри ва тарбия бериш масъулияти ҳеч қачон ўзгармаслиги керак. Албатта, дунёда ота-она учун фарзанд азиз. Аммо болага меҳр кўрсатишнинг ҳам меъёрлари бор. Ўз меҳрини фарзандига моддий бойлик бериш билан ўлчаганлар эса кейинчалик қаттиқ афсусланиб қолишлари мумкин. Шуни унутмайлик.
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat”мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Энг муҳими, барча жарроҳлик амалиётлари ва даволаш ишлари шу ернинг ўзида бажарилади. ...
01 янв 1970
Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги диққатига!
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари билан ҳам танишди....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган камчилик...