«Ёш китобхон» танловига иштиёқ “Spark” сабабми ёки китобга ташналик?..

/
Кун жуда иссиқ. Ёз ҳеч кимни аямай ўз ҳукмини ўтказмоқда. Лекин жазирамада ҳам жонсарак юрган қоракўзларни кўриб, дарров танийсан: улар “Ёш китобхон” танловига қатнашаётганлар.
Ҳозирда танловнинг маҳаллий босқичларида ғолиб бўлган китобхонлар ёзги таътилни кутубхонада ўтказаётган бўлиши аниқ. Чунки рўйхатда белгиланган китобларни ўқиш ва уқиш ақл-идрок билан бирга анчагина вақт ҳам талаб этади. Ҳудудий босқичларга эса жуда оз фурсат қолди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг Маданият, санъат, китобхонликни ривожлантириш ва миллатлараро тотувлик бўлими бош мутахассиси Мансур Бойсариев билан “Ёш китобхон” танлови, ундаги жараёнлар ва янгиликлар ҳақида суҳбатлашдик.
— Интиқлик билан кутилаётган “Ёш китобхон” танловининг ҳудудий босқичлари қачон ва қайси вилоятдан бошланади?
— Албатта, “ғалвир сувдан кўтариладиган” кунлар яқин. Чунки танловнинг ҳудудий босқичлари август ойи давомида ўтказилади. Ҳудудий босқичларни Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бухоро вилояти китобхонлари бошлаб беради. Улар 5-7 август кунлари ўз билимларини синовдан ўтказишади ва республика босқичида қатнашиш имконини қўлга киритган ғолиблар аниқланади.
— Биламизки, ўтган 2018 йилда танлов шов-шувлар ва қизиқишлар остида ўтди. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз: ғолибга Президент совғаси — “Spark” автомашинаси берилишими ёки китобга ташналик?..
— Тўғри, дастлаб машина китоб ўқишга кучли мотивация берган эди. Ҳозир эса жамиятда ўз ўрнини топиш, ҳурматга сазовор бўлиш китобдан бошланишини ёшлар тушунаяпти. Ўйлаб кўринг, оддий энергетик ичимлик ичиб ҳам машина ютиб олиш мумкин. Лекин республикада тенгсиз китобхон сифатида эътироф этилиш — бу умуман бошқа масала.
— Икки йил давомида танловни ташкиллаштириш жараёнида кўплаб қийинчиликлар бўлгани аниқ. Чунки янги ишнинг бошланиши ҳар доим қийин кечади. Ўтган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда бу йил ёш китобхонларни қандай ўзгаришлар ва янгиликлар кутмоқда?
— Билдирилган ҳақли эътироз ва таклифлар асосида низомга айрим ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, саралаш босқичида 86 баллдан юқори тўплаган иштирокчилар 15 нафардан ортиқ бўлса, улар ўртасида қайта тест ўтказилади. Тавсия этилган китоблар сони китобхонларнинг хоҳиш-истакларига кўра ўзгарди (10-14 ёш тоифасида 60 та, 15-19 ёш тоифасида 80 та, 20-30 ёш тоифасида 100 та). Эски низом талаби бўйича ҳудудий босқичларда “Бадиий асарлар билимдони” шартида иштирокчи асардан парчани топа олмаса, ҳеч қандай балл берилмас эди. Янги низомда эса қатнашчи асарнинг номини топа олмаган бўлса-да, лекин унинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берганлиги учун 50 баллгача баҳоланиши белгилаб қўйилди. Республика босқичида бўлиб ўтадиган “Шеърият” шартида ҳам шу тартиб сақлаб қолинди.
— Ўтган 2018 йили “Ёш китобхон” танлови жараёнида кўплаб зиддиятлар келиб чиққани ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқиган эдик? Бу йил ана шундай тушунмовчиликларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
— Зиддиятли ҳолатлар техник хатолар туфайли билдирилган, бироқ ушбу эътирозлар жойида бартараф этилган. Бу йил ҳам танлов шаффоф ва адолатли ўтиши учун телеканаллар томонидан тўлиқ ёзиб олинади. Иштирокчилар танлов жараёнида хато ва камчиликлар юзасидан апелляция тартибида республика ишчи гуруҳига ёзма тартибда мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Маҳаллий ва ҳудудий босқичлар ўша куннинг ўзида, республика босқичида эса мурожаат белгиланган 10 кун муддат ичида кўриб чиқилади.
— “Ёш китобхон” танловининг асосий ташкилотчиси бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқига танлов юзасидан кўпроқ қандай мурожаатлар, саволлар бўлаётгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Тўғриси, саралаш босқичидан то республика босқичигача бўлган вақт оралиғида иштирокчилар биз билан ҳар куни боғланади. Асосан рўйхатдаги китобларнинг айримларини топа олмаётганлигидан шикоят қилишади. Шунинг учун китоблар жорий йилнинг феврал ойидаёқ ҳудудий Кенгашларга электрон тарзда етказилди. Бизда бирор-бир ёшнинг мурожаат ва таклифлари эътибордан четда қолмайди. Қўшимча маълумот учун +998998584354 рақами 24 соат ёш китобхонлар хизматида.
— Танловга катта умидлар билан қатнашаётган китобсевар ёшларга қандай тавсиялар бера оласиз?
— Энг биринчи тавсиям, китобларни тўлиқ ўқиб чиқинг. Ўқиган асарларингизни дўстингиз ва устозларингиз билан муҳокама қилинг ва хулоса чиқаринг. Зеро, бугун ўқиган китобингиздан олган билимингиз эртага ўнта “Spark”дан қиммат бўлиши мумкин.
Гўзал ОХУНОВА
Манба: uza.uz

 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бундан юз йил бурун маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!” деб даъват эт...
01 янв 1970
Зиёлилар, олиму шоирлар вилоятимизнинг чекка ва чегарадош ҳудудларида яшовчи кам таъминланган, кўп болали оилаларга маърифат туҳфалари билан кириб ...
01 янв 1970
Ўзини ҳурмат қилган, ишнинг кўзини билган тадбиркорнинг олтин қоидаси бўлади: “Мижоз ҳамиша ҳақ. Мижознинг кўнглига йўл топиш — устувор...
01 янв 1970
3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....