Беш бармоқ бирлашди...

/
Маълумки, азалдан тили, эътиқоди, турмуш тарзи яқин халқлар бир-бирига интилиб келган. Ахир, якка отнинг чанги чиқмас ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган. Яхши-ёмон кунларда бир-бирини қўллаган, бир-бирига ғамхўрлик қилган, бир-бирига суянч ва паноҳ бўлган элатлар дунё тамаддунида ўзларига хос ва мос ўринларни нисбатан тезроқ эгаллашган. Бунга тарихда мисоллар кўп. Туркий тилли давлатлар ўртасида ҳам алоқаларни янада жадаллаштириш мақсадида 2009 йилнинг 3 октябрида Нахичеван шаҳрида Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатлари раҳбарлари “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Битим” имзолаган.
Битимга асосан Туркий кенгаш халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади, унинг мақсад ва вазифалари эса туркий тиллар мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яқин қўшничиликни мустаҳкамлаш, минтақада, умуман дунёда тинчликни қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган.
Ташкилот Туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллар кенгаши ва Котибиятдан таркиб топган бўлиб, аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, инвестиция, божхона, транспорт, таълим, туризм, ахборот каби соҳаларда мутасадди ташкилотлар ва мутахассислари иштирокида учрашувлар ташкиллаштирилиб, ҳар бир аъзо давлатнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда келишувларга эришилади.
Туркий кенгаш унга аъзо давлатларнинг мулоқоти ва ҳамкорлигини илгари суриш мақсадида тузилган йирик минтақавий бирлашма ҳисобланади. Ушбу ташкилотнинг шаклланишига қадар Ўзбекистон туркий тиллар давлатлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ўрнатиш ва янада ривожлантиришда фаол иштирокчи ва ташаббускорлардан бири бўлган.
Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида иштироки ушбу ташкилотнинг аъзо давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқ-тартибот, табиатни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техникавий, таълим, энергетика, транспорт, кредит-молия ва ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга кўмак кўрсатади.
Мазкур тузилмага аъзо бўлиш Ўзбекистонга савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш, товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини босқичма-босқич амалга ошириш имконини беради.
Шу билан бир қаторда бундай кўп томонлама ҳамкорлик Туркий кенгаш доирасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган Ўзбекистоннинг ҳозирги очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсатини илгари суришда қўшимча омил бўлиб хизмат қилади.
Шу боисдан куни кеча Президентимиз томонидан Олий Мажлис Сенатининг 22-ялпи мажлисида маъқулланган “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланганини биз катта мамнуният билан қарши олдик. Агар рамзий маънода айтадиган бўлсак, Туркий кенгаш энди беш бармоқ бўлиб тугилган ташкилотга айланди. Зеро, тили бир, дини бир, қадриятлари бир мамлакатларнинг яқин ҳамкорлиги дунё тараққиёти, инсоният манфаати учун хизмат қилиши шубҳасиз.
Зафар СУЛТОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мана, қирқ йилдирки, Афғонистонда қуролли тўқнашувлар, уруш ҳаракатлари тўхтамайди....
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди....
01 янв 1970
Қачон давлат қудратли бўлади, қачонки, халқ фаровон бўлса, қачон халқ фаровон бўлади, қачонки, у кузатувчи эмас, ислоҳотларнинг иштирокчисига айлан...