Яратувчилик, бунёдкорлик қудрати шаҳримизнинг гўзал қиёфасида мужассам

/
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят ёки шаҳарга ташрифи, ўша ҳудудлар ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда. Уларда ижтимоий-иқтисодий ҳаётни яхшилашга, катта бунёдкорликларнинг юзага келишига, одамлар онгида жиддий янгиланишларнинг бўй кўрсатишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, шаҳарларнинг замонавий ва миллий асосда қайта қурилишига, янги даҳалар, мавзелар, кўчаларнинг барпо этилишига асос яратилмоқда.
Юртбошимизнинг Қашқадарё вилояти, хусусан, Қарши шаҳрига қилган сафарлари натижасида ҳам ана шундай ютуқлар, муваффақиятлар қўлга киритилганлигининг гувоҳи бўламиз. Хусусан, Қарши шаҳри кейинги уч-тўрт йил ичида давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари, ташаббуси билан янги қиёфа касб этмоқда. Шаҳар ҳудуди кейинги йилларда 9 минг гектардан 17 минг гектарга кенгайтирилганлиги ҳам бу ерда кўплаб обод, кўркам, замонавий бинолар қад ростлагани, кўп қаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилгани, янги йўл ва кўприклар қад ростлаганини кўрсатади.
Кейинги йилларда Қаршида йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 56 километрлик ҳалқа йўли барпо этилаётганлигини шаҳар ҳаётини ободонлаштиришнинг янги босқичи, деб баҳолаш мумкин. Чунки ҳалқа йўл қурилиши муносабати билан темир йўл, дарё ва каналлар кесишадиган жойларда, кўчалар чорраҳаларида олтита замонавий йўл ўтказгич ва кўприклар барпо қилинмоқда. Бу эса, табиийки, шаҳарнинг қиёфасини янада гўзал ва обод этишга хизмат қилади.
Маълумки, Юртбошимизнинг Қашқадарёга аввалги ташрифлари натижаси ўлароқ вилоятимизда катта ишлар амалга оширилди. Айниқса, Президентимизнинг 2013 йил 2 августдаги “2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида воҳада салкам 600 та лойиҳа асосида янги корхоналар, ишлаб чиқариш объектлари, хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Уларда 11 мингдан ортиқ фуқаролар иш билан таъминланди. Бу қилинган ишларнинг ниҳоятда катта кўламини акс эттиради. Айни пайтда Президентимизнинг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори шаҳар ҳаётини тубдан янгилашга замин бўлди. Шаҳар бағрида кейинги йилларда ўнлаб иншоотлар, бинолар, мажмуалар бунёд этилди. Қарши темир йўл вокзали, Мустақиллик ва Ўзбекистон кўчалари чорраҳасида бунёд этилган 30 метрлик замонавий курант ва унинг яқинидаги катта хиёбон ана шу бунёдкорликларнинг намуналари ҳисобланади.
Қарши шаҳри мамлакатимизнинг жанубий қисмида, ҳаво ниҳоятда иссиқ бўладиган ҳудудда жойлашган. Бундай иқлим шароитида аҳолининг яхши яшаши, уларга қулайлик яратиш осон кечадиган жараён эмас. Юртбошимиз шаҳар қурилиши ва бунёдкорлиги жараёнида ана шу масалаларни назарда тутаётганлиги бизни қувонтиради. Эътибор беринг, кейинги йилларда шаҳар бағридан оқиб ўтадиган Қашқадарё соҳилларида кўркам хиёбонлар, боғ-роғлар, дам олиш масканлари, эколандшафт тизимидаги яшил майдонлар барпо бўлди. Дарё тўлиб-тошиб оқадиган ҳолатга келтирилди. Унинг бағрида учта тўғон қурилди, дарё қирғоқларида ҳордиқ чиқарадиган жойлар пайдо бўлди. Улардан ташқари шаҳарда 50 та фаввора қуриш режалаштирилган эди, бугунги кунда уларнинг ярмидан кўпи ишлаб турибди. Буларнинг бари шаҳарда микроиқлим яратишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, дарё қирғоқларида эски бинолар ўрнида гўзал хиёбон бунёд этилди, янги турар жойлар қад ростлади. Болалар учун замонавий аттракционлар ўрнатилди. 14 коттеж, 4 кафе-бар, болалар майдончалари, 4 сунъий қопламали спорт майдончаси барпо этилди. 24 гектар майдон кўкаламзорлаштирилиб, 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилди. Қаршининг янги қиёфаси ана шу бунёдкорликлар тимсолида ҳам намоён бўлмоқда.
Бугун дунё миқёсида иқтисодий жиҳатдан инқирозлар юз бераётган бир пайтда бирор-бир бино, иншоот, иморат, даҳа ва мавзелар қуриш осон кечадиган жараён эмаслиги барчага аён. Лекин ана шундай шароитда ҳам мамлакатимиз Президенти кўплаб шаҳарларни янгидан қайта қуриш, халқимиз ҳаётини яхшилаш, улар учун қулайлик ва фаровонлик яратиш учун имконият яратиб бермоқда.
Бу биргина Қарши шаҳри мисолида эмас, мамлакатимиздаги деярли барча шаҳарлар бунёдкорлиги тимсолида ҳам намоён бўлмоқда. Халқнинг яратувчилик, бунёдкорлик қудрати ҳар қандай иқтисодий инқирозлардан устун эканлигини бугунги ҳаётимиз тасдиқламоқда. Биз бунёдкорликлар, яратувчиликлар бардавом юртимизнинг келажаги буюк бўлишига ишонамиз.
Муқаддас МИРСАИДОВА,
халқ депутатлари Қарши туман Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбек халқининг ўзига хослигини, унинг миллий яхлитлигини кўрсатадиган ва ўзида миллат, халқ руҳини ифодалаган ҳолда дунёга танитадиган бебаҳо воси...
01 янв 1970
Йигирма етти йилдирки, халқимиз пешонасида эрк, озодлик қуёши порлай бошлаган саховатли кузнинг биринчи кунини умумхалқ байрами, ҳаётимиздаги энг у...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят ёки шаҳарга ташрифи, ўша ҳудудлар ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда....