Ўзбекистон тинчликсевар ва прогрессив ташқи сиёсат тарафдори

/
Бугун дунёда кечаётган глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намоён этмоқда. Ана шундай шароитда давримизнинг энг обрўли халқаро тузилмаси – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида самарали ҳамкорлик қилиш халқимизнинг туб миллий манфаатларига тўлиқ мос келади.
БМТ билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва ишончли ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб келаётганлигининг яққол мисоли сифатида жорий йилда БМТнинг янги Бoш кoтиби Антониу Гутерришнинг мaмлaкaтимизгa амалга оширган тaшрифини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Таъкидлаш жоизки, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистон — БМТ муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди. Дунё жамоатчилигининг диққат-эътиборини ўзига тортган ушбу маърузада Президентимиз, энг аввало, мамлакатимизда мустақиллик йилларида барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилганлиги, Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантириш йўлида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.
Президентимиз амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон омили ётишини қайд этиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилиши натижасида ҳозирги кунга қадар бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз бу қабулхоналар орқали ўзларининг долзарб муаммоларини ҳал қилганини баён этди. Шу билан бирга, маърузада мамлакатимизда сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг роли тобора ортиб бораётганлиги, оммавий ахборот воситаларининг ўрни сезиларли даражада ошганига ҳам эътибор қаратди.
Умуман олганда, Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида билдирилган таклифлар ушбу йирик саммит иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Ушбу тарихий маъруза бугунги кунда минтақа давлатлари, қолаверса, дунё аҳлини ташвишга солаётган турли глобал муаммолар ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишлангани билан ҳам аҳамиятлидир.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг Нью-Йорк шаҳрига ташрифи дастури жуда пухта ишлаб чиқилган бўлиб, унда БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида иштирок этиш ва маъруза қилиш баробарида қатор учрашувлар ўтказиш ҳам ўрин олган эди. Ана шундай учрашувлардан бири Болгария Республикаси Президенти Румен Радев билан бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон Болгария билан қатор соҳаларда ҳамкорлик ўрнатганлиги, мамлакатимизда Болгария инвестициялари иштирокида тузилган 14 корхона фаолият юритаётганлиги, 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23 миллион долларни ташкил этганлигига қарамай, ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, ҳар икки томон ҳамкорликни ривожлантириш учун катта иқтисодий салоҳиятга эга экани, икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очиш зарурлиги, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар ўзаро манфаатли экани таъкидланди.
Президентимиз ўзининг АҚШга ташрифи доирасида Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили билан ҳам учрашди. Мазкур учрашувда Ўзбекистон — Грузия ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, томонлар товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, савдо уйлари ташкил этиш ва қўшма кўргазмалар ўтказишга келишиб олдилар.
Маълумки, Грузия Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган маҳсулотларни хорижий мамлакатларнинг бозорларига олиб чиқиш учун муҳим транзит мамлакати ҳисобланади. Шу боис, Ўзбекистон — Грузияга автомобиллар, тўқимачилик ва электр техникаси маҳсулотлари экспорт қилиш билан бирга, Грузия йўллари орқали жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдор.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги, бу эса мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.
Президентимизнинг Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашувида ҳам бугунги кунда мамлакатимизнинг мазкур банк билан ўзаро ҳамкорлиги энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларни қамраб олганлиги алоҳида қайд этилди.
2016 йилда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида 2020 йилгача ҳамкорликнинг қўшма дастури қабул қилинган бўлиб, унга 27 та муҳим лойиҳа киритилган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 4 миллиард доллардан иборат. Шундан 3 миллиард долларини Жаҳон банки кредитлари ташкил қилади.
Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар, истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди. Мамлакатимиз раҳбари Жаҳон банки Президенти билан суҳбатда Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилингани, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида фикр билдирди. Ўз навбатида, Жаҳон банки Президенти ҳам Ўзбекистонда банк-молия тизимини такомиллаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар бизнес ривожига хизмат қилаётганини таъкидлади.
Президентимизнинг АҚШга ташрифи доирасида ташкил қилинган энг йирик тадбирлардан бири, бу Ўзбекистон – АҚШ бизнес форумидир. Ушбу йирик бизнес анжуманида АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари, жумладан, “General Electric”, “Honeywell”, “ExxonMobil”, “CNH Industrial”, “John Deere”, “Coca-Cola”, “Boeing”, “Caterpillar”, “City Group”, “Visa”, “AGCO”, “Gilead Sciences” каби йирик корпорацияларнинг раҳбарлари иштирок этдилар.
Мазкур бизнес анжуман Ўзбекистон ва АҚШ тадбиркорларининг икки томонлама ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришга томон интилишининг ёрқин ифодасидир. Бизнес форумни ўтказишдан асосий мақсад икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, унинг изчил ва барқарор ривожланишида томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдан иборат.
Айтиш жоизки, америкалик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқиши жуда юқори бўлиб, форум давомида улар мамлакатимиздаги қатор соҳаларга сармоя киритишга тайёр эканликларини маълум қилдилар. Бизнес форум давомида иштирокчилар умумий масалаларни муҳокама қилиш билан чекланмасдан, томонларни қизиқтирган аниқ лойиҳаларни муҳокама қилганликлари, уларни амалга ошириш бўйича қўшма тадбирларни белгилаб олганликлари диққатга сазовордир. Тадбир якунида АҚШ компаниялари билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган йирик ҳужжатлар тўплами имзоланганлиги икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканлигидан далолат беради.
Президентимиз АҚШга ташрифи доирасида, шунингдек, Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан ҳам учрашди. Маълумки, бугунги кунда АҚШда истиқомат қилаётган кўплаб юртдошларимиз, хоҳ ишда, хоҳ ўқишда бўлсин, бошқаларга ибрат ва намуна бўлмоқдалар. Президентимиз америкалик ватандошларимизга юртимизда юз бераётган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берар экан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.
Америкалик ватандошларимиз Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиш ўзлари учун улкан шараф эканини таъкидлаб, она юртимизда илм-фан, таълим, технология, инвестиция ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, Ўзбекистон ва АҚШ муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Бир сўз билан айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари жуда самарали якунланди. Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг тинчликпарвар, очиқ, прогрессив ташқи сиёсатини дунёга намоён қилиш билан бирга, жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини яна бир бор намойиш этди. Ташриф давомида бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотлар, эришилган натижалар, шак-шубҳасиз, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга, пировард натижада халқимиз фаровонлигини оширишга ҳамда Ўзбекистоннинг ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишига хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...
01 янв 1970
Маълумки, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси асосий йўналиш сифатида устуворлик касб этади. ...
01 янв 1970
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғидаги самимий мулоқотлар вилоят фаоллари, тадбиркорлари, зиёлилари ва кенг жамоатчилик заммасига янги масъ...
01 янв 1970
Ҳозир Ўзбекистонда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг дунёқараши мисли кўрилмаган даражада ўзгармоқда, эртанги кунга бўлган ишончи тобора мустаҳамланиб ...