Етук мутахассислар тайёрланади

/
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида барча соҳаларни замон талабига жавоб берадиган етук мутахассислар билан таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Хусусан, Сурхондарё вилоятида ҳам мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжни назарда тутиб, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар сурхондарёликларни беҳад мамнун этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 19-20 январь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида ушбу муҳим масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги соҳа ходимларини руҳлантириб юборди.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил сентябр ойидан Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали ташкил этилиб, мазкур олий таълим даргоҳларида бўлғуси ёш мутахассислар бир қатор йўналишларда таҳсил олишмоқда. Айни пайтда ТошДАУнинг Термиз филиали 361 нафар, ТошДТУнинг Термиз филиали 590 нафар талабани ўз бағрига олган. Вилоятимизда юқори малакали кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, бу борадаги янгиланишлар давом этаётганлиги ҳудуд равнақига хизмат қилиши билан бирга ёшларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ифодаси ҳам саналади. Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Термизда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Термиз давлат университетининг Денов филиаллари ўз фаолиятини бошлаганлиги бунинг ёрқин мисолидир. Айни пайтда ТДПУ Термиз филиалида 485 нафар, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалида 300 нафар, Термиз давлат университетининг Денов филиали 505 нафар талаба қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари Сурхон воҳасига ташрифи чоғида вилоят ёшларини шу ернинг ўзида ўқитиш лозимлигини таъкидлаб, таълим сифатини ошириш, дарсларни онлайн режимида ўқитишни йўлга қўйиш хусусида зарур кўрсатмалар берди. Вилоятимизда тиббиёт соҳасида малакали кадрларнинг етишмаслиги, бугунги кунда 3200 та вакант жойлар бўш эканлиги, 5000 га яқин олий маълумотли врач кадрлар кераклиги Тошкент тиббиёт академияси филиалини ташкил этиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Эндиликда вилоятимизда таълим, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, замонавий билимларни пухта ўзлаштирган етук кадрлар тайёрлашнинг янги имкониятлари яратилди.
Туманларнинг олис қишлоқларидан қатнаб ўқийдиганлар учун турар жойлар барпо этиш ишлари ҳам йўлга қўйилмоқда. Энг муҳими, талабаларга таълим бериш мақсадида пойтахтимизнинг нуфузли олий таълим даргоҳларидан ўқитувчи ва профессорлар ишга жалб қилинган.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида инвесторлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда замонавий инновацион лойиҳалар бўйича янги тармоқларни ўзлаштириш билан биргаликда олий таълим тизимининг такомиллашувига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Президентимиз томонидан вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида белгилаб берилган вазифалар, истиқболли лойиҳалар ижроси Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вилоятдаги фаоллари, партия депутатлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастур ва режалар, истиқболли лойиҳаларни амалиётга изчил йўналтириш, айниқса, партия депутатларининг ташаббускорлиги, фидойилиги, депутатлик назоратини самарали олиб боришига ҳам боғлиқ эканини чуқур англаб, ўз олдимизга аниқ вазифаларни белгилаб олдик.
Бахтиёр САФАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат”СДП Термиз шаҳар кенгаши депутати,
Термиз давлат университети доценти

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи дастури ЮНЕСКО бош қароргоҳидан бошланди....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят ёки шаҳарга ташрифи, ўша ҳудудлар ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда....
01 янв 1970
Бугунги кунга келиб автомобилда йўловчи ташиш хизмати бозорида хусусий секторнинг улуши 90 фоиздан ортмоқда....
01 янв 1970
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғидаги самимий мулоқотлар вилоят фаоллари, тадбиркорлари, зиёлилари ва кенг жамоатчилик заммасига янги масъ...