Сафдошларимиз янги тузилмага бирлашди

/
Маълумки, тиббиёт ходимлари Ўзбекистон “Адолат” СДП электоратининг кўпчилик қисмини ташкил қилади. Кўплаб тиббиёт муассасалари қошида бошланғич партия ташкилотлари фаолият юритаётгани ҳам бежиз эмас. Яқинда улар қаторига яна бир янги БПТ қўшилди.
Шифокорлик касби инсон ҳаёти, соғлиғи билан боғлиқ эканлиги боис тиббиёт ходимларидан янада кўпроқ масъулият талаб этилади. Иштихон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Митан” ҳудудий поликлиникаси қошидаги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бошланғич партия ташкилоти аъзолари жамиятнинг бебаҳо бойлиги бўлган инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада яхшилашга доир дастурий вазифаларимизни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этишмоқда.
Мазкур поликлиника шифокорлари Митан шаҳарчаси, “Намуна”, “Тупор”, “Қ.Қаршиев” маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳолига тиббий хизмат кўрсатишади.
Хусусан, ҳудудда аҳоли патронаж тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олинган. Шифокорларнинг ҳар бири ўзига бириктирилган ҳудудда аёллар ва болаларга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган беморлар ҳолидан хабар олиш билан биргаликда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, санитария-гигиена ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ишларига эътибор қаратишмоқда. Аҳоли ўртасида она ва бола саломатлигини асраш, ҳар бир инсон ўзи ва оила аъзолари соғлиғига эътиборли бўлиши, репродуктив саломатлигини асраш, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, оилада тиббий маданиятни шакллантириш ва бошқа шу каби мавзуларда тарғибот ишларини олиб боришмоқда.
Ҳудудий поликлиника томонидан жорий йилнинг март ойида “Соғлом оила – соғлом жамият — порлоқ келажак” шиори остида “Соғлом аёл” ойлиги ўтказилди. Бунда малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи томонидан 15 ёшдан 45 ёшгача бўлган хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликларни ўз вақтида даволаш чоралари кўрилди.
Мазкур тиббиёт муассасасида аҳоли соғлиғини асраб-авайлаш ишига ҳисса қўшиб келаётган партиядошларимиз ташаббуси билан янги бошланғич партия ташкилоти ўз фаолиятини бошлади.
— Муассасамизда 92 нафар малакали тиббиёт ходимлари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Улар орасида 17 нафар сафдошимиз ҳам бор, — дейди поликлиника бош шифокори, бошланғич партия ташкилоти раиси Дилмурод Болтаев. —Ҳамкасбларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириб боришга партиямиз аъзолари алоҳида эътибор қаратиб, ҳар ҳафтанинг сешанба куни жаҳонда ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берган янгиликлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни ҳақида сиёсий ўқувлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлари билан яқин алоқа ўрнатилган. Партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Соғлом оила — соғлом жамият — порлоқ келажак” каби бир қатор лойиҳалари мазмунан касб фаолиятимизга ҳам уйғун эканини таъкидлаш жоиз. Аҳоли ўртасидаги тарғибот ишларида ана шундай лойиҳаларда акс этган мақсад-вазифалар ҳақида ҳам кенг тушунчалар берилмоқда.
БПТ аъзоларининг касб маҳорати, ҳар бир ишга жиддий масъулият билан ёндашуви, фикр-мулоҳазалари билан танишиб, ҳудудда партиямизнинг яна бир мустаҳкам таянчи қарор топаётганидан мамнун бўлдик. Чунки бошланғич партия ташкилоти электорат билан бевосита ишловчи, жойлардаги мавжуд муаммолардан хабардор бўғин саналади. Партиямизнинг дастурий мақсад ва ғояларини рўёбга чиқаришда “Митан” ҳудудий поликлиникаси қошидаги БПТ аъзолари бор билим ва салоҳияти, куч-ғайратларини сафарбар этадилар.
Лола САЙИДОВА,
Самарқанд вилоят кенгаши матбуот котиби 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бухоро вилоятида партиямизнинг етакчи ва фаоллари жойларда электорат манфаатини самарали ҳимоя қилишга қаратилган ҳаётий таклифларни илгари суриш, ...
01 янв 1970
Бугун Жиззах вилоятида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 104 та бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда....
01 янв 1970
Партиямизнинг халқчил ғоялари ва мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишда жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Учтепа туман кенгаши Тошкент шаҳар партия тузилмалари орасида пешқадам ташкилотлардан бири саналади. ...