Бошланғич партия ташкилоти кўмагида юзта хонадоннинг оилавий тадбиркорлари меҳнат дафтарчаларига эга бўлишди

/
Аввало, бошланғич партия ташкилоти жамоатчилик назоратини амалга оширишда нафақат сиёсий кучнинг таянчи, балки ҳудуд аҳолиси, кексаю ёш ўзининг ишончли ҳамкори, у ёки бу масала ҳал этилишини таъминлашга қодир куч деб биладиган тузилма сифатида намоён бўлиши зарур.
— Булунғур туманидаги ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида 12 та маҳалланинг минг нафардан зиёд ёшлари ўқийди, — дейди БПТ раиси, тарих фани ўқитувчиси Ботирали Абдуллаев. — Коллеждан энг олис маҳаллагача бўлган масофа 20 километрдан ортиқроқ бўлса-да, ўқувчиларнинг давомати деярли юз фоизни ташкил этаяпти. Шу ўринда маҳаллий Кенгаш депутатлари кўмагида жамоатчилик назоратини ишга солиб, маҳаллалар ва коллеж оралиғидаги жамоат транспорти қатновини яхшилашга эришганимизни алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Ҳокимлик ва тегишли бошқарув ташкилотлари, хусусан, автомобиль ва дарё транспорти ҳудудий идорасига мурожаатларимиз асосида транспорт қатнови йўналишлари ва вақт жадвалига оид қабул қилинган тегишли қарор ижросини бугун ҳам мунтазам назорат қилиб бораяпмиз. Демоқчиманки, БПТнинг жамоатчилик назорати бир марталик, мавсумий тадбир эмас. У фуқаронинг қонуний ҳуқуқ-талабларидан бошқарув идораларини ҳар доим огоҳ этиб туриши, раҳбарлик масъулиятини чуқур англашга ундаши лозим. Жамоатчилик назорати ва унинг самарадорлигига айнан шундай талабчанлик ва қатъият билан эришиш мумкинлиги хусусида БПТ аъзоларидан ўқитувчи Элдор Болтаев, ёш сафдошимиз, коллежнинг III босқич ўқувчиси Азиза Баҳодирова ва бошқалар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
— Маҳаллалардаги ободончилик, фаровон турмуш одамлар дунёқарашидан, атрофдаги ўзгаришларга онгли муносабатидан бошланади, — дейди БПТ аъзоси Баҳриддин Жалилов. — Шу боис партия фаоли сифатида маҳалладошлар билан ҳар галги учрашув, мулоқотлар чоғида ижтимоий муаммоларга фуқаролик позициясидан туриб қарашга, уни ҳал этишнинг мақбул йўлларини излашга, таклиф ва мурожаатларимизни депутатларимиз орқали маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик органига олиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Мурожаат эгаларига қонуний ҳуқуқ-ваколатлардан фойдаланиш йўлларини ўргатамиз. Шу боис маҳалладошлар доим биздан маслаҳат ва йўл-йўриқ сўрашади. Тадбиркорлик масаласида ёрдам кутишади. Халқ билан амалий мулоқот, ҳамкорлик туфайли “Гулистон” маҳалласида тадбиркорлик кенг миқёсда йўлга қўйилгани ибратлидир. Бу ерда айни пайтда 300 кишини иш билан таъминлаган “Мароқанд” ип йигирув корхонаси ва 200 фуқарога даромадли иш ўрни таклиф этган “Имон текс” трикотаж фабрикаси фаолият юритмоқда. Ҳар иккала корхонанинг ишчи-мутахассислари ҳунармандчилик коллежининг кечаги битирувчиларидир. БПТ аъзолари улар билан алоқани мустаҳкамлаш мақсадида корхонада тез-тез бўлиб, давра суҳбатлари ўтказиб туришади.
Маҳалладошларининг муносиб меҳнат ва яшашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигининг асосий мақсадига айлангани маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик тобора кенг қулоч ёзиб, қурилиш-ободончиликлар кўлами кенгайиб бораётганига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ёки салкам 4 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган “Гулистон” ва “Дўстлик” маҳаллаларидаги йўлсозлик, коммунал соҳалардаги айрим муаммоларни ҳал этиш дастурга киритилгани ҳам БПТнинг депутатлар билан яқин ҳамкорлиги натижасидир. Биргина оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари билан таъминлаш туфайли ўнлаб оилаларда томорқа хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиш ривожланиб, арзон маҳсулот етиштириш имконияти туғилди. Бугун ҳар иккала маҳаллада юздан ортиқ оила тадбиркорлик билан банд. Партия фаоллари уларга меҳнат дафтарчаси очилишига кўмаклашишиб, оилавий меҳнат учун қонуний кафолат яратмоқда.
Ҳа, БПТ аъзолари аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш учун ўз ҳозиржавобликларини намоён этмоқдалар. Тегишли бошқарув идораларидан зарур масъулият талаб қилмоқдалар. Жамоатчилик назоратидан ўринли фойдаланмоқдалар. Бундай ёндашув, қатъият ва ишчанлик партия ташкилотининг муҳим бўғини ҳисобланган БПТга электорат ишончини қозониш, халқ билан ҳамқадам бўлишга шароит яратиши шубҳасидир.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг II чорагида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши таркибида шаҳар ва туманларда БПТлар сон...
01 янв 1970
Булунғур туманидаги ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида 12 та маҳалланинг минг нафардан зиёд ёшлари ўқийди...
01 янв 1970
Жорий йилнинг май ойида вилоятимизнинг Бешариқ туманидаги “Ҳамид Олимжон” маҳалласида сафдошларимиз жонбозлигида яна бир янги бошланғич...
01 янв 1970
Бугун қишлоқдаги аграр ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти инновацион ғоя ва янги технологияларни жорий этишга қаратилганлиги билан қимматлидир...