Халқ қабулхоналари — халқ хизматида

/
Халқ қабулхоналарида фуқароларнинг ариза ва шикояти белгиланган тартибда, холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилаётгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларига олий қадрият сифатида қаралаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Қуйи Чирчиқ туман Халқ қабулхонаси мудири Сайфуддин Ергешбаев билан суҳбатда айнан шу мавзуга асосий эътибор қаратилди.

— Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган Халқ қабулхоналари одамлар оғирини енгил қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Шу ўринда, сиз Қуйи Чирчиқ тумани Халқ қабулхонаси фаолияти мисолида уй-жойга муҳтож бўлган ногиронларга, кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган амалий ёрдам хусусида сўз юритсангиз.
— Халқимизга хос хислатлар ҳақида сўз кетганда, мурувват ва меҳр-оқибат, саховатпешалик алоҳида тилга олинади. Инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат замирида ҳам аҳоли турмушини янада фаровон этиш, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш каби эзгу мақсадлар мужассам.
Тўрт мучаси соғ одам меҳнат қилади, оиласи билан яшаш учун уй-жой қуришнинг ҳам уддасидан чиқади. Жисмоний имконияти чекланган киши эса маҳалла-кўй кўмагига, ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезади.
Қуйи Чирчиқ туманида уй-жойга эҳтиёжманд ногиронларга, кам таъминланган оилаларга қуруқ сўзда эмас, амалда ёрдам кўрсатилаётгани эътирофга молик, албатта. Мисол учун, “Дўстлик” МФЙда истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Гулбаҳор Ҳусанова Халқ қабулхонасига айнан шу масалада мурожаат қилганди. Бу мурожаат тегишли ташкилотлар кўмагида ижобий ечим топди. Янги намунада таъмирланган уй топширилганида Г.Ҳусанованинг юз-кўзида акс этган қувончни сўз билан ифодалаш мушкул. У бир умрлик орзусига эришди ахир.
Халқ қабулхонасига мурожаатлар бўйича иккинчи гуруҳ ногирони Шуҳрат Алихўжаев, кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи Нодира Пайзиева, 2-гуруҳ ногирони Шолпан Мамбеталиева ҳамда Меҳрибонлик уйида тарбияланган 2 нафар фуқарога Дўстобод шаҳарчасидаги “Шодлик” МФЙда жойлашган, ҳокимлик ҳисобида турган бино тўлиқ таъмирланиб, яшаш учун барча шароит яратилиб, жиҳозлари билан топширилди.
“Абай” МФЙ ҳудудидаги Тама қишлоғида истиқомат қилаётган 1-гуруҳ ногирони Жанабай Аленовга ҳам тўлиқ таъмирланган ва жиҳозланган уй берилди. 2-гуруҳ ногирони Матлуба Усмонова эса “Сурум” МФЙ ҳудудида уй билан таъминланди.
— Қуйи Чирчиқ тумани Халқ қабулхонасига мурожаатлар аниқ рақамларда акс эттирилса, уларнинг таҳлили қандай кўриниш касб этади?
— Аввало, асосий мақсадимиз “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни ҳаётда қарор топтиришдан иборатлигини таъкидлаш жоиз. 2018 йил давомида Қуйи Чирчиқ тумани Халқ қабулхонасига фуқаролардан 954 та мурожаат келиб тушди. Уларни қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда, ўз вақтида, холис кўриб чиқиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш зиммамиздаги асосий вазифалар сирасига киради. Шу боис мурожаатлардан биронтаси эътибордан четда қолмади. Улардан 472 таси қаноатлантирилди. 478 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Тегишлилиги бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, мурожаатларнинг 44 таси коммунал соҳага, йўлларни таъмирлаш масаласида 12 та, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш юзасидан 58 та, моддий ёрдам ва нафақа тайинлашга оид 115 та, алимент ундириш тўғрисида 28 та, уй қуриш учун ер ажратиш бўйича 180 та, уй-жой кадастр ҳужжатлари масаласида 43 та, иш ҳақини ундириб олиш юзасидан 33 та, ички ишлар органлари фаолиятига оид 45 та, бандликни таъминлашга доир 60 та ва бошқа масалаларда мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улар тегишли ташкилотларга йўналтирилди ва ижобий ҳал қилиниши назоратга олинди.
— Халқ ичига кириб бориш, камчиликларни ўрганиш, муаммоларни бартараф этиш орқали фуқароларнинг ишончини қозониш мақсадида Халқ қабулхонасида туман ҳокими, сектор раҳбарлари ўтказаётган қабуллар самараси хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Қуйи Чирчиқ тумани Халқ қабулхонасида жорий йилнинг ўтган ойлари давомида туман ҳокими томонидан 5 маротаба қабул ўтказилди ва 30 та мурожаат кўриб чиқилди, шундан 12 таси қаноатлантирди. Туман прокурори томонидан 4 маротаба, туман ИИБ бошлиғи томонидан 5 маротаба қабул ташкил этилди. Уларда бир қатор масалалар ўзининг ечимини топди.
2019 йил 15 февраль ҳолатига кўра, Қуйи Чирчиқ тумани Халқ қабулхонасига фуқаролардан 121 та мурожаат келиб тушди. Улардан 73 таси қаноатлантирилди, 23 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди, қолгани эса ўрганилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Қуйи Чирчиқ тумани Халқ қабулхонаси томонидан жойларда 6 маротаба сайёр қабул ўтказилди ва уйма-уй юриш орқали аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Мухтасар айтганда, Халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини тезкорлик билан ҳал этишга кенг имконият яратмоқда. Одамларнинг оғирини енгил қилиб, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Севдора ЛАТИПОВА суҳбатлашди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу кунларда мамлакатимиз раҳбарининг топшириғи асосида давлат идораларининг биринчи раҳбарлари энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларга чиққан ҳолд...
01 янв 1970
Ўзбекистон азал-азалдан қўшни давлатлар билан қадимдан шаклланган дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини муносиб даражада сақлаб келишга эришаётган муқадд...
01 янв 1970
Маълумки, Қашқа воҳасида қадимда кўплаб алломалар, донишманд мутафаккирлар яшаб ўтганлар....
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари билан ҳам танишди....