Мустаҳкам дўстлик ришталари

/
Ўзбекистон азал-азалдан турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келаётган, қўшни давлатлар билан қадимдан шаклланган дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини муносиб даражада сақлаб келишга эришаётган муқаддас заминдир.
Бинобарин, дунёнинг турли минтақаларида миллатлараро ва динлараро кескинлик кучайиб бораётган, миллатчилик, диний муросасозлик оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг ҳаёти таҳдид остида қолаётган бир пайтда меҳмондўст, бағрикенг, инсонпарвар ўзбек халқи қардош халқлар билан яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратаётгани муҳим аҳамият касб этади.
Шу йилнинг 6-7 март кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Туркманистонга қилган давлат ташрифи ўзбек ва туркман халқларининг азалий дўстликка асосланган муносабатларини янада мустаҳкамлашга имкон бериши билан Ўзбекистонда, хусусан, Қорақалпоғистонда яшаб келаётган биз, туркман миллати вакилларини беҳад қувонтирди.
Президентимизнинг Туркманистонга ташрифи давомида Амударёда “Туркманобод—Фароб” автомобиль ва темир йўл кўприкларининг очилиши ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан барчамизни қувонтирди. Мазкур кўприклар халқларимиз дўстлигининг тимсоли бўлиши баробарида нафақат Туркманистон, балки бутун минтақа учун геостратегик аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, улуғ давлат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини абадийлаштириш мақсадида Туркманобод шаҳридаги марказий кўчалардан бирига унинг номи берилиши, ушбу кўчада ёдгорлик мажмуаси барпо этилиши барча ўзбекистонликларни фахрлантирди. Туркманистонда мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирилиши Биринчи Президентимизнинг бутун минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва аҳиллик муҳитини яратишга қўшган ҳиссаси қўшни давлатлар томонидан муносиб эътироф этилганидан далолатдир.
Мамлакатимизда бошқа миллат ва элат вакиллари сингари биз, туркман миллати вакилларига ўз миллий маданиятимиз, урф-одат ва анъаналаримизни сақлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Фарзандларимиз ўз она тилимизда таълим-тарбия олиши учун етарлича шароит мавжуд. Хусусан, айни кунларда республикамизнинг 40 дан ортиқ умумтаълим мактабларида туркман тилида сабоқ берилади. Туркман тилида таҳсил олаётган ўқувчилар Республика туркман миллий маданий марказининг бевосита ёрдами билан ўқув дарсликлари ва қўлланмалари билан таъминланмоқда. Марказнинг фаол ижодкор аъзолари томонидан атоқли ўзбек, қорақалпоқ ижодкорларининг китоблари туркман тилига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини 12 тилда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда. Улар орасида туркман тилида нашр этилаётган оммавий ахборот воситаси ҳам бор. Қорақалпоғистонда 2001 йилдан буён фаолият олиб борувчи "Мекан" газетаси мавжуд. 2016 йилдан бошлаб эса Қорақалпоғистон радиосида туркман тилидаги "Диёр" эшиттируви иш бошлади.
Қорақалпоғистондаги туркман миллати вакиллари бошқа қардош халқлар билан тотувликда, ҳамжиҳатликда истиқомат қилиб, халқ хўжалигининг барча соҳаларида меҳнат қилмоқда, мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий, маънавий салоҳияти юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Туркман халқининг аждодларидан мерос бўлиб қолган миллий қадриятлари, турмуш тарзи, тарихи, маданиятини ёшларимизга етказиш, халқлараро дўстлик, тотувликни мустаҳкамлаш, келажагимиз бўлган ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишда мамлакатимизда фаолият юритаётган Республика туркман миллий маданий маркази, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар туркман миллий маданий марказлари билан бир қаторда Қорақалпоғистон туркман миллий маданий марказининг хизмати беқиёс. 1999 йилда ташкил топган марказ Қорақалпоғистонда истиқомат қилаётган юз мингдан ортиқ туркман миллати вакилларининг севимли масканига айланиб улгурган.
Ўзбек халқи сингари меҳнатсевар туркманлар ота-боболаримиздан мерос ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга ҳаракат қилиб, ички бозорларимиз расталарини ўзлари ясаган буюмлар билан тўлдиришга эришмоқда. Ўзбек ва туркман ҳунармандларининг қўл меҳнати асосида ишлаб чиқарилган ҳар бир маҳсулот нафақат ўзбекистонликлар, балки хорижлик меҳмонларнинг эътиборини ҳам жалб этиб келмоқда. Авваллари ярим ўтроқ турмуш тарзига эга бўлган туркманлар бугунги кунда ўтроқ ҳолда, яъни яшаш учун зарур бўлган барча қулайликларга эга, юксак маданиятли маҳаллаларда истиқомат қилмоқдалар. Яқин ўтмишда қорақалпоғистонлик туркманларнинг "Калтаминор", "Амирабод", "Мискин", "Оқбошли", "Шимом", "Кетенлер" каби ўнлаб маҳаллаларни обод бўстонга айлантиргани нафақат мамлакатимизда, балки қўшни мамлакатларда ҳам яхши маълум. Тўлиқ ишонч билан айта оламан, биз, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда истиқомат қилаётган туркман халқи вакиллари ҳеч кимдан кам бўлмай, миллий анъана ва қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда маросим ва урф-одатларимизни сақлаш, уларни янада ривожлантиришимиз учун ҳукуматимиз томонидан барча шароит яратилганидан беҳад мамнунмиз ҳамда миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир инсон шаъни қадрланаётган юртда яшаётганлигимиздан фахрланамиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 20-21 январида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрганида, шунингдек, бироз вақтдан сўнг Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган учрашувда сўзлаган нутқи ҳали ҳамон қулоғим остида жаранглагандек бўлаяпти. Ҳар бир чиқиш ва маърузасида Президентимиз халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, ёшларимизнинг билими ва дунёқарашини бойитиш, кўп миллатли халқимизнинг умумий уйини асраш борасида куюниб гапирган фикр-мулоҳалари, турли халқлар маданиятларининг бир-бирини ўзаро бойитишга, Ўзбекистонимизнинг маънавий ва маданий ҳаётини янада ёрқин намоён этишга хизмат қилувчи қимматли маслаҳатлари ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди.
Айниқса, Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган учрашувда давлатимиз раҳбари Фанлар академияси институтлари билан ҳамкорликда мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга бағишланган илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш, қўшни мамлакатлар билан маданий-гуманитар соҳадаги муносабатларни янада фаол ривожлантириш, юртимиздаги ижодий ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг жамоатчиликни Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва халқлар вакилларининг бетакрор маданияти, халқ ҳунармандчилиги, анъана ва урф-одатлари билан тизимли ва доимий асосда таништириш бўйича дастур ишлаб чиқиш ва ҳар йили йил давомида уни амалга ошириш борасида билдирган таклифи биз, миллий маданий марказлар фаоллари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.
Сўзимиз якунида ўзбек — туркман халқлари ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш мақсадида туркман миллати вакилларининг истеъдоди ва иқтидорини тўла намойиш этишларига хизмат қилувчи турли хил кўргазмалар, учрашувлар, фестиваль ва конференцияларни ташкиллаштиришга бош-қош бўлишга ваъда берамиз. Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муваффақиятларимиз гарови бўлиб келган ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади.
Аразмухаммет АБАЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси туркман миллий маданий маркази фаоли,
Тўрткўл тумани "Мекан" газетаси бош муҳаррири,
"Дўстлик" ордени соҳиби 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш барча давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларнинг устувор вазифаси бўлмоғи лозим....
01 янв 1970
Маълумки, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётини холис ёритувчи маънавий кўзгу ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
Мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади.