“Янги турмуш”даги янгиланишлар

/
“Янги турмуш”даги янгиланишлар
 
Шу кунларда мамлакатимиз раҳбарининг топшириғи асосида давлат идораларининг биринчи раҳбарлари энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда халқ билан юзма-юз учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга яқиндан кўмак бермоқдалар.
 
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси раиси Бехзод Мусаев томонидан Бухоро туманидаги “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан сайёр қабул ўтказилди.
 
Сайёр қабул жараёнида фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
 
—  Ҳукуматимизга раҳмат, — дейди кекса отахон Акбар Шодиев. — Кейинги йилларда раҳбарларимиз халққа яқинлашиб, уларнинг муаммоларини ҳал этишга яқиндан ёрдам бермоқда. Қишлоғимизда ташкил этилган сайёр қабул жараёнида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган озиқ-овқат ярмаркаси ҳам кўпчиликни қувонтирди, десам янглишмайман. Бу ерда биз ун, ёғ, шакар, тухум, гўшт каби рўзғор учун керакли маҳсулотларни бозордагидан анча арзон нархларда харид қилдик.
 
Учрашувда ҳудуддаги барча қишлоқлардан келган 100 дан ортиқ фуқаролар турли масалалардаги мурожаатлари билан иштирок этишди.
 
Айни пайтда, Бухоро туманидаги “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида 1100 дан ортиқ хонадонларда 5900 нафарга яқин аҳоли яшайди. Фуқароларнинг яшаш тарзи нисбатан яхши. Аммо, яширишнинг кераги йўқ, кейинги 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида қишлоқ аҳолисининг дарди-ташвишларига эътиборсизлик билан қараш оқибатида бу ерда ички йўлларни таъмирлаш, табиий газ таъминоти ва электр энергияси билан боғлиқ масалалар аҳолининг оғриқли муаммоларига айланди.
 
Сайёр қабулда аҳолининг аксарияти давлат солиқ қўмитаси раисига ички йўлларни таъмирлаш, тез-тез ўчиб турадиган электр таъминотини яхшилаш ва хонадонларни газ тармоғига улаш каби масалалар юзасидан мурожаат қилди.
 
Қувонарлиси, уларнинг мурожаати эътиборсиз қолдирилмади. Негаки, давлат солиқ қўмитаси раиси аҳоли билан учрашувга қуруқ қўл билан эмас, яъни ҳудудга шағал ортилган машиналар, янги трансформатор ҳамда эҳтиёжманд оилаларга газ ва кўмир маҳсулотлари билан кириб келди.
 
Сайёр қабул давомида фуқаролардан 57 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 38 таси жойида ҳал этилди. Қолган 18 та мурожаат ижроси юзасидан аниқ муддатлар белгиланиб, назоратга олинди. Айрим мурожаатлар юзасидан тушунтириш берилди.
 
Хусусан, “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Десўхта (жами 1 300 метр), Қаражери  (1 300 метр),  Бешариқ (400 метр), Ипакчи  (300 метр), Қайрағоч (400 метр) ҳам Туркон (300 метр) қишлоқларидаги жами 4 километрлик ички йўлларга шағал тош  тўкилиб, текисланди.
 
Мазкур қишлоқда 100 та хонадонни электр токи билан таъминлайдиган 10 000 вольтлик янги трансформатор ўрнатилди. 30 дан ортиқ фуқаронинг газга бўлган талаби қаноатлантирилиб, уларнинг хонадонларига суюлтирилган газ балонлари етказиб берилди. 5 нафар ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачалари тарқатилди. 2 нафар фуқарога даволаниш учун имтиёзли ордер берилди. 6 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.
 
Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад халқни рози қилишга қаратилган. Эътиборлиси, бу борада жойларда ўтказилаётган очиқ мулоқот ва сайёр қабулларнинг самараси катта бўлмоқда.
 
Бухоро вилояти ДСБ
Ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маъ...
01 янв 1970
Ободлик, тозалик, бунёдкорлик, иқтисодиёт барқарорлиги, элимиз-юртимиз фаровонлиги, бир сўз билан айтганда, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида сувнинг алоҳ...
01 янв 1970
Ислом Каримовни айрим сиёсатшунослар авторитар усул тарафдори қаторидаги раҳбарлар тоифасига киритишарди....
01 янв 1970
Маълумки, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни ҳамда жамиятимизда таъминланаётган қонун устуворлигини ички ишлар органлари ва уларнинг фидойи ходимлари...