Ватанга бахшида умр

/
Мамлакатимиз Президенти шу йилнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи пайтида ҳудудда келгусида саноат, қишлоқ хўжалиги, бунёдкорлик, соғлиқни сақлаш тизими, болалар спортини ривожлантириш борасида амалга ошириладиган ишлар кўламини белгилаб берди. Халқимизнинг фаровон яшаши, кўнгилли дам олиши учун маданият ва истироҳат боғларини, дам олиш масканларини барпо этиш, маҳаллалар фаолиятини янада яхшилаш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга маънавий, маданий жабҳада қилинадиган ишлар хусусида ҳам фикрлар билдирди.
Маълумки, Қашқа воҳасида қадимда кўплаб алломалар, донишманд мутафаккирлар яшаб ўтганлар. Шулардан бири XI асрда умргузаронлик қилган, ислом маданияти ривожига катта ҳисса қўшган аллома Абул Муъийн Насафий ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари бу алломанинг номи билан боғлиқ қадамжони обод зиёратгоҳга айлантириш, бу ерга келувчилар учун зарур шароитлар яратиш, ушбу зиёратгоҳда кутубхона ташкил этиш, Абул Муъийн Насафий асарларини таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берди.
Айни пайтда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг хотирасини абадийлаштириш, номини улуғлаш борасида Қарши шаҳрида амалга оширилаётган ишларга ҳам эътибор қаратди. Жумладан, шаҳарнинг Ўзбекистон кўчасида шоирнинг ҳайкали ўрнатиладиган бўлди. Президент бу ҳайкалнинг лойиҳасини янада такомиллаштириш, ҳайкал қўйиладиган масканда Абдулла Ориповнинг мактаби ва музейини ташкил қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Абдулла Орипов ўзбек адабиётини янги босқичга кўтарган ноёб истеъдод соҳиби эди. Унинг юксак бадиий, теран фалсафий шеърлари халқимиз кўнглидан жой олган. Драматик ва публицистик асарлари, достон ва таржималари адабиётимиз ривожига жуда катта ҳисса бўлиб қўшилган. Қуйида берилаётган мақола ҳам улуғ шоир хотирасига ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.
Баҳор бу табиатнинг уйғониши, наботот оламининг қайтадан юз очиши, рутубатли қиш изғиринларидан қутилган мавжудотнинг ёруғликка интилиши, кўнгилларнинг сурури, зангори тусга кира бошлаган кўҳна дунё, ҳаётда бунёдкорлик, яратувчиликларнинг бошланиши – ҳаммаси шу фасл билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам у барчанинг, хусусан, ижодкорларнинг қалбини ўзига кўпроқ ром этади. Абдулла Ориповнинг эса бу фаслга мафтункорлигининг яна бир боиси бор. У минг тўққиз юз қирқ биринчи йилда, Ҳамалнинг илк куни, Наврўз тонгида дунёга келган. Бу фасл унга ёшликнинг илк дамларини, беғубор болалик йиллари ўтган Қўнғиртов этакларидаги қишлоқ ҳаётини, донишманд ота бағрида кечган масрур кунларни, меҳрибон онанинг қадоқ қўллари тафтидан энтиккан айёмларни, улар мангу ором топган масканларни, ортга қайтмас хотираларни, инсон қалбини бир умрга тарк этмайдиган мусаффо туйғуларни эслатади. Буларнинг бари шоирнинг кўнглидан соғинч бўлиб, баҳор қиёфасида шеърий мисраларга айланган.
У шеърият оламига ўтган асрнинг 50-йиллари охирларида кириб келди. Ўша пайт адабиёт шўролар ютуқларини кўкка кўтариб мақтаётган, социализм одамларга фақат бахт берди, дея уни мадҳ этаётган давр эди. Бундай даврда она Ватан, унинг тақдири, тарихи, яшаб ўтган улуғ алломалари, халқ бошига тушаётган ташвишлар, одамлар қалбидаги орзу-армонлар, дардлар хусусида сўз айтиш мумкин эмасди. Абдулла Орипов ана шундай даврда шеърларида юрт тақдирига, тарихига, буюк боболаримиз қисматига мурожаат этди. Халқимизнинг ташвишларини, миллий ғурурини, инсоний туйғуларини мисралар бағрига жойлади. Фусункор, нафосатга бой, ранг-баранг туйғулар акс этган шеърлар яратди. Қалбидаги туғёнларни китобхонларга ҳам юқтирди. Бу, ўша пайтда адабиётда ўзига хос янгилик эди. Шунинг учун замондошлари уни “адабиётга чақмоқдек кириб келди ва шеъриятда ўз оламини яратди”, деб эътироф этдилар.
Ҳар бир инсон учун ота-она, оила, туғилиб ўсган замин, яшаётган ўлка, унинг ҳавоси, тупроғи, суви, гиёҳи ниҳоятда қадрли ҳисобланади. Уларнинг ҳаммаси қўшилиб яхлит Ватан деган улуғ тушунчани ҳосил қилади. Ҳақиқий истеъдод эгаси бўлган шоирлар эса Ватан қиёфасини бадиий акс эттирувчи, унинг дардлари, қувончлари, орзу-умидлари, ўтмиши, келажагини намоён этувчи халқнинг виждони ҳисобланади. Абдулла Орипов ана шундай шоирлар сирасидан саналади. Унинг ярим асрдан ошиқ вақт ичида яратган асарларида она юртга, она Ватанга, Ўзбекистонга муҳаббати уфуриб туради. Шоир юртга эҳтиром виждондан, меҳр-оқибат, халққа муҳаббат, қалбдан бошланади, дейди. Айни пайтда, ижодкор Ватанни улуғлаш билан чекланиб қолмайди. Унинг қудратини намоён қилувчи куч халқ эканлигини чуқур англайди. Шу сабабли унинг асарларида Ватан билан ҳамоҳанг тарзда довюрак ва танти, мунис ва мушфиқ, инсофли ва диёнатли, инсон бошига тушиши мумкин бўлган барча қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтган, ёруғ кунлар келишига ишонган ва бу йўлда курашган халқимизнинг ҳалол, пок, самимий қалби намоён бўлиб туради. Бошқача айтганда, шоир шеърларида Ватанга бахшида қалбнинг ва қалбларнинг туғёнларини акс эттирди.
“Биз ХХ аср ўзбек адабиётини Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек каби мумтоз адибларсиз, замонавий адабиётимизни Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов сингари ижодкорларсиз тасаввур эта олмаганимиздек, маънавий келажагимиз, фаровон ва буюк истиқболимизни Абдулла Орипов ижодисиз ҳам кўз олдимизга келтира олмаймиз. Унинг шеърлари халқимизни адолат тантанаси, ёруғ келажакка ишонч руҳида тарбиялайдиган юксак маънавий омил бўлиб хизмат қилади”.
Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти
Эрксеварлик, миллат келажаги учун, ҳақиқат учун кураш асрлар давомида халқимизнинг руҳига сингган эди. Бу руҳ – Ватанни ҳур, озод кўриш, халқнинг ўз эркини қўлга киритиш орзуси, адолатни қарор топтириш армони сифатида Абдулла Ориповнинг шеърларида ҳам аксини топди. Мамлакатимизда мустақилликнинг қўлга киритилиши бу орзуларнинг ушалиши эди. Шунинг учун шоир шеърларида истиқлол ғояларини ниҳоятда улуғлайди.
Албатта, юртимизнинг истиқлолга эришиши, бу, халқимизнинг ўз эркига етишиш йўлидаги дастлабки қадам эди. Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп эди. Маълумки, аждодларимиз ўз даврларида миллий истиқлол ғоясини ўртага ташлаган, бу ғоя учун курашган, унга жонларини фидо қилгандилар. Мустақиллик воқеликка айланганидан кейин бугунги авлодлар зиммасига истиқлолни ички ва ташқи хуружлардан асраш, уни мустаҳкамлаш учун кураш каби масъулиятли вазифа тушди. “Бунинг учун, — дейди шоир, — халқ онгида миллий ғурурни тиклаш керак. Халқ, миллат ўзини ҳар томонлама озод, ҳур, мустақил эканлигини теран англаб етиши зарур. Истиқлол бизга ўз ғуруримизни, ўзлигимизни эслатиб турадиган абадий туйғуга айланиши шарт”. Бу мақсад шоирнинг кейинги йилларда ёзган асарларида, мустақил мамлакатимизнинг Давлат мадҳиясини яратишида ҳам намоён бўлди.
Абдулла Орипов кўплаб йирик жанрдаги асарлар муаллифи сифатида ҳам танилган. “Ҳаким ва ажал” достони улуғ аждодимиз Абу Али ибн Сино ҳаётига, унинг тафаккур олами, табобат илмидаги буюк ишларига бағишланган. “Жаннатга йўл”, “Ранжком” драматик достонларида ижодкор замондошларимиз ҳаётига назар ташлайди. “Соҳибқирон” шеърий драмасида Ватанимиз давлатчилик тарихида катта роль ўйнаган, улуғ соҳибқирон, ҳукмдор Амир Темурнинг бунёдкорлик фаолияти қаламга олинган.
Ҳар қандай ижодкор фаолиятида бадиий таржима алоҳида ўрин тутади. У ижодкорнинг бадиий тафаккур оламини бойитишдан ташқари адабиётлар, халқлар ўртасидаги ҳамкорликларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Шоирнинг Леся Украинка, Еньё Хелтаи, Қайсин Қулиев, Пушкин, Ҳалил Ризо каби турли халқлар ижодкорлари асарларидан қилган таржима асарлари адабиётимизда ҳамкорлик сабоқлари бўлди. Айниқса, машҳур итальян шоири Алигери Дантенинг “Илоҳий комедия” асарининг ўзбек тилига ўгирилиши ҳам ўзбек, ҳам итальян адабиёти учун катта воқеа бўлди.
“Абдулла Орипов — Ватан куйчиси. У Ватанни борлиғича, бутун гўзаллиги билан бирга кўради. У Ватаннинг ўтмишига назар ташлаб, толеи ўнг келмаган юртини, жабрдийда халқини, бугунги кунига назар ташлаб, яшнаётган шаҳар ва қишлоқларни, буюк ишларни амалга ошираётган халқини кўради”.
Матёқуб ҚЎШЖОНОВ,
адабиётшунос олим
Унинг асарлари бир неча ўнлаб номларда китоблар ҳолида ўзбек ва рус тилларида нашр этилган. Шеърлари белорус, грузин, латиш, молдован, немис, япон, хитой, озарбайжон, татар, тожик, туркман, украин, эстон, қозоқ, турк ва бошқа тилларга ўгирилган. Хорижий мамлакатларда ҳам шоирни эҳтиром билан тилга олишарди. У Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан олтин медаль билан тақдирланган. Япониянинг нуфузли университетларидан бири уни фахрий фан доктори сифатида эътироф қилган. Италияликлар шоирни “Илоҳий комедия” асарининг энг етук таржимони, деб эълон қилишган.
Абдулла Орипов Ватанимизга, халқимизга нафақат бадиий асарлари билан, ижтимоий фаол шахс сифатида ҳам хизмат қилди. У кўп йиллар республикамиздаги газета ва журналларда бош муҳаррирлик қилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини бошқарди. Республика Олий Мажлиси ва Сенатида депутат ҳамда сенатор сифатида мамлакатимизнинг тараққиётини белгилаб берувчи қонунлар ишлаб чиқилишида фаол иштирок этди. Унинг Ватанимизга, халқимизга қилган хизматлари бесамар кетмади. Мамлакатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Орден, медаллар, “Халқ шоири” унвони, “Ўзбекистон Қаҳрамони” олтин юлдузи билан тақдирланди. Ҳаёт давом этади. Умр ўтаверади. Лекин маданият, санъат, ижод аҳли ҳеч вақт халқ ҳаётидан, Ватан тақдиридан узилиб яшай олмайди. Улар санъати, мусиқаси, асарлари билан халқнинг маданий-маърифий юксалишига, инсонларнинг комиллик даражасига етишишига, мамлакатнинг юксак тараққиётига хизмат қилаверади.
Бугун Абдулла Орипов жисман орамизда йўқ. Лекин кундалик ҳаётимизда, фаолиятимизда, ҳар бир ишимизда, маънавий юксалишимизда асарлари биз билан доимо ҳамроҳ бўлиб турадиган ижодкорни орамизда йўқ деб айтишга тил бормайди. У ҳаётда ҳамиша биз билан ҳамқадамдек. Буюк иқтидор эгаси бўлган, қалбини Ватани, халқи учун, унинг бахт-саодати учун бахш этган ижодкор, шоир эл-юртини улуғлади, уни дунёга танитди. Эл-юрт ҳам бундай фидойи ижодкор, шоирни бошига кўтарди, оламга кўз-кўз қилди. Бундай эл-юртга эга шоир ҳам, бундай фидойи ижодкори бор эл-юрт ҳам бахтли ҳисобланади. Абдулла Орипов ана шундай улкан бахтга эришган буюк шоир эди.
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий а...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар кўлами янада кенгайди. ...
01 янв 1970
Шунга қарамасдан, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кириш...
01 янв 1970
Фарғона шаҳар Мирзо Улуғбек номидаги маҳаллада яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 90 ёшли Гилмуддин ота Ҳусаиновнинг файзли хонадони бугун ҳар қ...