Рибонинг фойдаси ҳаром

/
«Рибо» луғатда зиёда маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда ҳеч қандай ҳақсиз ортиқча мол олишга айтилади. Рибо (судхўрлик) бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки қарз беришнинг ўрнига, судхўрлик юзасидан муомала қилади.
Яъни, мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан, дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо. Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар.
Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжга чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади. Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши рибога қарши ўт очгандек ўт очмаган. Қуръони каримда бу ҳақда бир қанча оятлар келган.
Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, шунинг учун ҳам уни турли зарарли иллатлардан қайтарган. Инсонлар ўртасидаги молиявий муносабатларда энг катта зарар келтирувчи иллатлардан бири рибо, яъни судхўрликдир. Судхўрлик гуноҳи кабиралардан бўлиб, унинг жазоси ниҳоятда оғирдир.
Форсчадаги «суд», арабчадаги «рибо» сўзлари тилимизда «кўпайди, зиёда бўлди, фоиз» маъноларини англатади. Масалан, бир кишига юз сўм пул ёки шу миқдордаги молни қарзга берган киши унинг беш-ўн сўм ортиғи билан қайтарилишини талаб қилса, бу фоиз олиш, яъни судхўрлик бўлади.
Давлатлар ва халқлар тарихини ўрганган киши уларнинг инқирозга учраши, бойларнинг бирданига синиши, қарзга ботишлар, иқтисодиётнинг издан чиқиши, ишсизликнинг болалаб кетиши, молнинг касодга учраши, пулнинг қадрсизланиши, қилинаётган оғир меҳнатлару жуда катта маблағларнинг ўша тубсиз фоизларнигина тўлашга кетиши, улкан бойликларнинг қандайдир кимсалар қўлига ўтиб қолиши каби оғир иллатлар рибо (судхўрлик) натижаси эканини яхши билади. Бугун ўарб дунёсида кечаётган оғир иқтисодий бўҳрон ҳам фикримизни тўла исботлайди. Қанча-қанча бой-бадавлат кишиларнинг, катта савдогарларнинг судхўрлик сабабидан бир кечада синганларига воқеълик яхши далилдир.
Рибода, яъни фоиз эвазига маблағни кўпайтиришда барака бўлмайди. Бошда қоплаб пул топилса-да, Аллоҳ таоло рибони ҳаром қилгани учун унинг баракасини кетказиб қўяди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Рибода (мол) кўпайса ҳам, оқибати камлик бўлади», деганлар. Рибо фоизининг оз ёки кўп бўлиши билан белгиланмайди, унинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромдир.
Уламолар фикрича, пул фойдаси муомаласига берилган кимсалар ниҳоятда молпараст, бир тийин учун жонини ҳам беришга тайёр бахил кимсалар бўлишади. Уларда ҳамдардлик, инсоний раҳм-шафқат бўлмайди. Ҳиммат ва сахийликларига халал етмаслиги, вужудлари рибохўрлик каби разил бир иллатдан пок туриши учун Аллоҳ таоло мусулмонларни пул фойдасини ейишдан қайтаради. Рибода қарздор учун машаққат, қийинчилик бор, чунки рибо туфайли қарз миқдори муттасил равишда ўсиб-кўпайиб боради. Рибонинг оқибати ёмон: биринчидан, рибо билан шуғулланган кимсанинг ризқини Аллоҳ баракасиз қилади, иккинчидан, судхўр бошқа бир кишига зулм қилган бўлади, учинчидан, рибо одамлар орасидаги дўстликни йўққа чиқаради. Рибо ҳаром қилинишининг сабаби ҳам шудир.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзим истиқомат қилаётган ҳудудда жойлашган озиқ-овқат дўконидан йогурт ва қатиқ сотиб олгандим. Уйга келиб, уни очиб кўрганимда таъми бузилгани, но...
01 янв 1970
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ҳуқуқий демократик давлат, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги мақсадлар изчил...
01 янв 1970
Ёз фасли озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва истеъмоли учун бироз хавфли мавсум ҳисобланади....
01 янв 1970
Бугун жонажон Ватанимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги кенг нишонланмоқда....