Ҳуқуқий маслаҳат

/
— Ёз фасли озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва истеъмоли учун бироз хавфли мавсум ҳисобланади. Шунга кўра, истеъмолчилар маҳсулотлар харидида нималарга эътибор беришлари лозим?
Р.Газиев, Тошкент шаҳри

— Мавжуд тартиб-қоидаларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотларини йилнинг барча мавсумида витринада қуёш нурлари ва ёғингарчиликларнинг тўғридан-тўғри таъсирига учрайдиган ҳолатда, шунингдек, уларни ёнма-ён сақлаш тартиби бузилган ҳолда сақлаш ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Гўшт-сут, балиқ, қандолатчилик маҳсулотлари (бисквит тортлар, пирожноелар ва бошқалар), ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр масаллиқлар ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни сотишга фақат совутиладиган пештахталар, витриналар бўлган тақдирда рухсат берилади.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига биноан, ҳар бир истеъмолчи ўзи харид қилаётган маҳсулоти тўғрисида ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри маълумот олиш ҳуқуқига эга. Унга кўра, харид қилаётган маҳсулотининг мувофиқлик сертификатини сўрашга ҳақли. Сотувчи ҳам ўз ўрнида харидорнинг биринчи талабидаёқ уни тақдим этиши шарт.
Истеъмолчи озиқ-овқатларни харид қилиш жараёнида, аввало, унинг қадоғидаги маълумотларга ва қандай ҳароратда сақланаётганига эътибор қаратиши керак. Маҳсулотнинг қадоғи ва ўрамида унинг қайси давлатга тегишлилиги, уни ишлаб чиқарган корхона ва маҳсулотнинг номи, оғирлиги, ишлаб чиқарилган сана, яроқлилик муддати ва сақланиш меъёрлари қайд этилган бўлиши керак. Мазкур маълумотлар қайд этилган ва меъёрий ҳароратда сақланиб, сотилаётган маҳсулотлар истеъмолга яроқли ҳисобланади.
— Ҳаридор маҳсулотларнинг сифатсизлиги, яроқлилик муддати ўтганлиги каби ҳолатларга дуч келганда қандай йўл тутиши ёки қаерга мурожаат қилиши керак?
Н.Нўъманова, Самарқанд вилояти

— Амалдаги ҳуқуқий меъёрларга кўра, маҳсулотларнинг сақланиши ва яроқлилик муддатини назорат қилиш сотувчи-ходим зиммасига юклатилган. Шу билан бир қаторда сотувчи-ходим товарнинг номи, унинг сорти, маркаси, модели, типи, товарнинг оғирлиги, ўлчами ёки бирлигига нархи кўрсатилган ҳолда сотиладиган товарларнинг ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархномалари бўлишини таъминлашга ҳам мажбурдир.
Истеъмолчи савдо шохобчаларида яроқлилик муддати ўтиб сифатсиз ҳолга келган маҳсулотларга дуч келса, биринчидан, албатта, бу ҳақда сотувчига мурожаат қилиши керак ва маҳсулот сотувдан олиб ташланиши зарур. Чунки бундай маҳсулотлар инсонларнинг ҳаёти ва соғлигига хавф туғдириши мумкин.
Иккинчидан, истеъмолга яроқсиз маҳсулот харид қилган бўлса, мавжуд тартиб-қоидаларга кўра, назорат-касса чеки билан бир сутка давомида уни сифатлисига алмаштириб олиши мумкин. Бундан ташқари, харидор сотиб олинган товарни рад этишга ва товар учун тўланган пул суммаси қайтарилишини талаб қилишга ҳам ҳақли.
Истеъмолчиларнинг харид жараёнида ҳуқуқлари бузилса, ўз манфаатларини ҳимоя қилиб, ваколатли давлат органлари ҳамда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “1091” ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.
Саволларга Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари
федерацияси ҳуқуқий бўлим бошлиғи в.б. Нодир МУҲАММЕДОВ жавоб берди. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Миллий матбуот марказида “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан тадбир ўтказилди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментига ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ташриф буюрди....
01 янв 1970
Ўзбекистон ғоят мураккаб шароитда мустақилликни қўлга киритиб, 1992 йилда ўз мустақил Конституциясига эга бўлди. ...
01 янв 1970
Маълумки, қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш жараёнида битта норма икки ёки ундан ортиқ ҳужжатда ҳар хил қўлланилиши ҳолатлари аниқланади...