Махсус тергов хоналари ташкил этилди

/
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментига ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ташриф буюрди.
Ташриф мобайнида тизимда суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш, конституциявий принципларнинг амалий ижросини таъминлаш масалалари муҳокама этилди. Юртимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ушбу жараёнга ҳукумат томонидан эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг таг замирида ҳам қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, Ҳаракатлар стратегияси суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан, шунингдек, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видеога қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хона ташкил этилди.
Айтиш керакки, бундай махсус хоналарнинг ташкил этилиши, фуқароларнинг, хусусан, вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини судга қадар иш юритувда ҳимоя қилишни кучайтиради, оғир ва ўта оғир жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш самарадорлигини оширади.
—Биз судга қадар иш юритув босқичида тергов ҳаракатларида иштирок этаётган вояга етмаганлар ўзларини йўқотиб қўйишлари ёки руҳан қийналишларига йўл қўймаймиз, – деди Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Акрамхон Бобохонов.— Бундай махсус тергов хоналарда оғир ва ўта оғир жиноят содир этган шахслар ҳамда вояга етмаганларни сўроқ қилиш, таниб олиш, юзлаштириш, масофадан туриб видеоконференцалоқа воситаси ёрдамида тергов ҳаракатлари ўтказилади. Бундан ташқари, жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан қийноққа солиш, психологик, жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала каби ноқонуний усулларни қўллашни бартараф этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва ЮНИСЕФ вояга етмаган жабрланувчи ҳамда гувоҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш борасида қонун ҳужжатларини мустаҳкамлаш доирасидаги ҳамкорликларни давом эттиради. Шу мақсадда келгусида махсус тергов хоналарини Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида ҳам ташкил этиш кўзда тутилган.
Элмурод КУЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси инспектори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Агар талаба шартнома пулини тўлашга қийналса, олий таълим муассасаси томонидан имтиёз берилиши назарда тутиладими?...
01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасаларида таълим сифатини яхшилаш, ОАВлар орқали бу борада тарғибот ишларини олиб бориш бугунги кунда олдимизда турган асоси...
01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳудудий тармоқлар фаолиятига татбиқ этиш...
01 янв 1970
Улуғ донишманд, немис адиби Гётенинг фикрлари асрлар оша инсониятни табиатга тўғри муносабатда бўлишга ундаб келади....