ИШЧИ ГУРУҲ — СУРХОНДАРЁДА

/

ИШЧИ ГУРУҲ — СУРХОНДАРЁДА

 

Сайловлар якунланди. Депутатлар сайланди. Халқ вакиллари сайловчиларига берган ваъдаларини унутдими? Энди улар аҳолини эшитмайдими? Ушбу саволларга жавобан Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида ўрганиш ишларини олиб борди. Ташрифнинг асосий мақсади маҳаллий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, партия томонидан сайловолди жараёнларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ҳамда ҳудудда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати билан яқиндан танишишдан иборат бўлди. 

 

МУРОЖААТНОМА ВА сайловолди дастурида кЎтарилган масалалар

 

Дастлаб Термиз шаҳридаги вилоят касаба уюшмаларида партия фаолиятини янада жонлантириш, Сайловолди дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириладиган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш масалалари бўйича туман ва шаҳар кенгашлари раислари билан амалий мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда партиянинг вилоят кенгаши вакиллари, шаҳар ва туманлар кенгашлари раислари, депутатлари ва БПТлар аъзолари иштирок этишди.

 

Учрашувни партиянинг вилоят кенгаши раиси Рустам Ҳамраев кириш сўзи билан очиб, тадбирнинг мақсад ва моҳияти хусусида иштирокчиларга тушунтириш берди.

 

Шундан сўнг партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сўзга чиқиб, Президентимизнинг жорий йилги Мурожаатномаси ҳамда партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, депутатлар учун ўқувлар ташкил этиш ва фаолиятини такомиллаштириш лозимлиги юзасидан фикр билдирди. Шунингдек, коррупцияга барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга эришиш партия вакиллари олдида турган долзарб вазифа эканлигига алоҳида тўхталди.

 

Тадбирда маърузачилар томонидан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг янги “Юксак ҳуқуқий маданият — мамлакат тараққиёти гарови” лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳани амалга ошириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар режаси йиғилганларга атрофлича тушунтирилди.

 

Айтиш жоизки, лойиҳанинг асосий мақсади жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлашдан иборатдир.

 

Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, қадр-қимматига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда.

 

“Олтинсой воҚеаларИ” Ҳам ёдга олинди

 

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг  салбий таъсирини кўрсатмоқда.

 

Маърузачилар Олтинсой туманида юзага келган воқеаларнинг асл сабаби ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги оқибати эканлиги, шу нуқтаи назардан жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс — оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиб, бунда партия вакиллари ҳамда депутатлар ҳар бир маҳалла кесимида сиёсий ўқувларни жонлантириши, юзма-юз мулоқотларда мунтазам ҳуқуқий тушунчалар бериб бориши лозимлигини таъкидлашди.

 

— Бугунги депутатнинг олдида жуда катта вазифа ва масъулият турибди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Умаров. — Айниқса, аҳоли мурожаатларини ижобий жиҳатдан ҳал этиш ҳар бир депутатдан билим, тажриба ва масъулият талаб этади. Аниқ ва мақсадли вазифалар барча депутатларнинг ташаббускорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Тадбирда партия томонидан илгари сурилган долзарб лойиҳа ва ғоялар иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди. Партия лойиҳалари ижросини таъминлаш, аҳоли билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Тадбир якунида партия сафида самарали фаолият юритган партия вакиллари ҳамда депутатлар Сиёсий Кенгаш раиси Наримон Умаров томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

 

МАҲАЛЛАДА МТМ ва ҚВП йЎҚ

 

Ўрганишлар давомида депутатлар Қумқўрғон туманидаги педагогика коллежида “Тўда”, “ўалаба”, “Шерозий”, “Меҳриобод” маҳаллалари аҳолиси билан мулоқот қилди.

 

Учрашувда маҳаллий Кенгаш депутатлари, 3-сектор раҳбари, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ўткир Рўзиев, тумандаги ижтимоий соҳа ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

 

Наримон Умаров жорий йилги Президент Мурожаатномасида сиё­сий партиялар олдига энг асосий вазифа сифатида халқнинг, сайловчиларнинг ишончига путур етказмасдан, ҳар бир берилган ваъданинг устидан чиқиш вазифаси қўйилганини алоҳида таъкидлади.

 

Асосий эътибор фуқароларнинг  жамиятдаги ўрни, турмуш тарзи, иш фаолиятидаги қувончу ташвишларига, уларни қийнаётган муаммоларга қаратилди.

 

— Дарҳақиқат, Мурожаатномада бизнинг юрагимиздаги жуда кўп гаплар айтилди. 30 йилдан ортиқ ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Мурожаатномадаги ва “Адолат” СДП дастуридаги педагоглар мавқеини ошириш, дарсликлар сифатини такомиллаштириш, олий таълим қамровини кенгайтириш ҳақидаги вазифалар узоқ йиллардан бери бизни қийнаб келаётган эди.

 

Биз ҳам ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, унга оз бўлса-да ҳиссамизни қўшишни истаймиз. Нафақада бўлсак ҳам ҳовлимизда экин-тикин қилишни хоҳлаймиз, аммо уни суғориш учун сув муаммоси қўл-оёғимизни боғлаб турибди, — дейди “ўалаба” МФЙ фаоли Пўлат Муродов.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Наримон Умаровга 3-сектор бошлиғи Ўткир Рўзиев маҳаллалар юқорисида ер кўчиши натижасида ушбу маҳаллага келувчи ариқда сув камайиб кетгани, тез орада мазкур жарлик кўмилиб, сув миқдори кўпа­йишини маълум қилди.

 

Фуқаро Насиба Бобоназарова “Тўда” маҳалласида мактабгача таълим муассасаси ҳамда ҚВП мавжуд эмаслигини айтди. Наримон Умаров ушбу ҳақли талабни ҳал этиш учун масъул мутасаддиларга бўшаб қолган коллеж биносида мактабгача таълим муассасаси ва ҚВП учун жой ажратиш таклифини билдирди. Сектор раҳбари ушбу таклифни маъқуллаб, жорий йил сентябрь ойига қадар мактабгача таълим муассасаси учун мослаштиришга ваъда берди.

 

Бундан ташқари, тадбиркор Жамшид Тўрахонов бугуннинг талабидан келиб чиққан ҳолда, мазкур ҳудудда хусусий мактабгача таълим муассасаси очиш нияти борлигини, аммо бу масалани ҳал қилиш мақсадида туман ва вилоят ҳокимликлари, туман мактабгача таълим бўлими ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси орасида сарсон бўлаётганини айтиб, ёрдам сўради. Наримон Умаров юртдошларига фойдаси тегиши учун интилаётган тадбиркорни сарсон қилишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини ва мутасаддилар ёрдамида бу ишнинг ижобий ҳал этилишига кўмаклашишини айт­ди.

 

Шунингдек, учрашув қатнашчилари ички йўлларни таъмирлаш, дори-дармонлар нархидаги тафовут, темир йўлдан ўтиш хавфсизлигини таъминлаш учун ер усти кўприги қуриш каби муаммолар борлигини айтишди.

 

Депутатлар мазкур муаммоларни масъуллар билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўришларини маълум қилишди.

 

Электрон поликлиникалар эл хизматида

 

Вилоятнинг Термиз шаҳри ва Жар­қўрғон туманида парламент қуйи палатаси депутатлари ташаббуси билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига намунавий электрон поликлиникалар ташкил этилган.

 

Улардан бири — Термиз шаҳридаги кўп тармоқли марказий полик­линикаси бўлиб, унда таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланмаган бўлса-да, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Фуқароларнинг фикри ўрганилганда, улар тиббий хизматдан мамнун эканликларини маълум қилишди.

 

Поликлиника электрон тизимга ўтказилган бўлиб, аҳоли учун яратилган тиббий хизмат сифати намунали даражада ташкил этилган. Бунинг учун поликлиникада рўйхатдан ўтказиш тизими тўлиқ электрон жадвал асосида ташкил этилганлиги беморларнинг навбат кутиши муаммосини ижобий ҳал этди. Бу тизимнинг яна бир қулайлиги беморларга масофадан туриб, ўзи учун қулай бўлган вақтда шифокор кўригига навбат олиш имконини беради. Бундан таш­қари, беморлар бир шифоркор қабулида бўлган пайтда иккинчи шифокор билан онлайн тарзда боғланиб, маслаҳат олиш имконига эга.

 

Шифокорлар ҳам ўз иш жойида электрон тизим орқали мутахассислар билан алоқага чиқиб, ташхисни муҳокама қилиш, ўзаро фикр алмашиш, тавсиялар олиш имконига эга бўлдилар.  Бу тизимдан тиббиёт ходимлари, айниқса, беморлар жуда ҳам мамнун.

 

Электрон поликлиника Сурхондарё вилояти бўйича 4 та ҳудудда шаклланган бўлиб, ушбу тизимни бос­қичма-босқич қолган туман шифохоналарига ҳам жорий этиш режалаштирилган.

 

Янги қурилган Сурхондарё вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази 100 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2 та бино, яъни биринчи бино 60 ўринга мўлжалланган, иккинчи бино 40 ўринли бўлиб, протезлаш учун мўлжалланган бино ҳисобланади. Бу бинолар тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Шу муносабат билан марказнинг 60 ўринли ногиронларни реабилитация қилиш бўлимини 1 ой муддат ичида ишга тушириш чора-тадбирлари кўрилди.

 

Қўмқўрғон “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи бўйича маҳаллий бюджет доирасида 600 миллион сўм маблағ ажратиш ҳамда қўшимча 2 дона кир ювиш (20-25 кг) ва қуритиш машиналари билан таъминлаш чораси кўрилди. “Мурувват” болалар уйининг Наврўз умумхалқ миллий байрами кунига қадар ишга туширилиши  режалаштирилди.

 

1936 ЙИЛДА ҚУРИЛГАН Онкология маркази...

 

Ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилояти онкология маркази ҳам ўрганилди. Ўрганиш жараёнида Чехия Республикасидан олиб келинган нур билан даволаш замонавий тиббий асбобларини ўрнатиш жараёнлари олиб борилаётгани аниқланди. Бу тиббий жамланма учун махсус хоналар таъмирланиб, мослаштириш жараёни ниҳоясига етказилмоқда. Вилоят онкология маркази таъмирдан чиқарилиб, реконструкция жараёнига хирургия бўлими киритилмасдан қолган. Шу билан бирга, мазкур бино 1936 йилда дала ҳовли учун қурилганлиги аниқланди. Бино эски, унинг ярми нам­гарчилик сабабли яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги беморлар учун ноқулайлик келтириб чиқармоқда. “Адолат” СДП фракцияси депутатлари томонидан касалхона учун янги бино қуриш бўйича таклиф берилиб, бу бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

 

Вилоят онкология маркази мутахассислари билан суҳбатлашилганда беморлар учун зарур бўлган дори-дармон воситалари бўйича етишмовчилик ҳолатлари қайд этилди. Депутатлар таклифи асосида эҳтиёж юқори бўлган дори воситалари ва кимё препаратларини ўз вақтида, керакли миқдорда етказиб бериш масаласида ҳам мутасадди раҳбарлар билан келишиб олинди.

 

болалар шифохонасидаги муаммолар...

 

Фарзандингизнинг тоби қочиб қолди, дейлик. Тузалиши учун зудлик билан шифохонага ётқизиш мақсадида тиббиёт муассасасига олиб келасиз. Кўрасизки, боласи касал битта сиз эмас экансиз. Қабул бўлимидаги навбатнинг узунлигидан анг­лайсиз-ки, болалар шифокори олдига яқинлашиб бўлмайди. Кунни кеч қилиб, бир амаллаб ётқизишга нав­бат келганида, палатага кирсангиз 2 кишилик хонада 6 киши! 

 

Афсуски, бу боши ғам-кулфатдан чиқмайдиганлар тўғрисидаги одамни йиғлатишга мўлжалланган тўқима асар эмас, ҳаёт ҳақиқати. Ҳа, ҳа, ҳақиқат. Бунга биз Сурхондарё вилоятининг болалар кўп тармоқли шифохонасида гувоҳ бўлдик.  

 

Маълумки, Соғлиқни сақлаш соҳаси Қонунчилик палатаси назоратига берилган. Бундан ташқари, “Адолат” СДП аҳоли соғлиғини сақлашга энг асосий йўналиш сифатида қарайди.

 

Ўрганишлар давомида ижобий жиҳатлар билан биргаликда юқоридаги каби камчиликлар ҳам кузатилди. Жумладан, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 380 ўринга мўлжалланган бўлишига қарамасдан, унда ҳозирги кунда 600 нафарга яқин беморлар даволанмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида тиббиёт соҳаси вакилларига нисбатан норозилик, соҳадаги ислоҳотларга ишончсизлик уйғотмоқда.

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда туғилиш ҳамда болалар сони ­(0-18 ёш) ошиб боришига қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ҳар йили ўринлар сони 5-7% га қисқартирилмоқда. Аксинча бу вазиятда қўшимча ўринлар учун эҳтиёжни ҳисобга олиш зарур. Туманларда тор доирадаги мутахассислар етишмаслиги сабабли беморлар вилоят болалар марказий шифохонасига мурожаат этишга мажбур бўлишмоқда.

 

Шифохона бош шифокори ушбу ҳолатни Термиз шаҳри ва унга ёндош туманларда бемор болалар учун тиббий хизмат сифатининг паст­лиги, ўринлар сони етишмаслиги сабабли ушбу муассасада беморлар шикояти ошишига олиб келаётганини таъкидлади. Яқиндагина таъмирлаб топширилган қўшимча 60 ўринли бино ҳам масалага ечим бўла олмаяпти. Мазкур муаммони ўрганган депутатлар масала ечими юзасидан мутасаддилар олдига қуйидаги ечимларни таклиф этди:

 

Биринчидан, қўшимча бино қуриш ва ҳудудлардаги шифохоналарда ўринлар сонини кўпайтириш орқали юкламани камайтириш мумкин.

 

Иккинчидан, шифохона бош шифокорининг таъкидлашича, гарчи кроватлар мавжуд бўлса-да, санитария нормаларига тўғри келмагани учун беморларни қабул қилишнинг иложи йўқ. Шунинг учун депутатлар санитария меъёрларига оид қонунчиликни такомиллаштириш масаласини илгари сурдилар.

 

Учинчидан, бугунги кунда Сурхондарё вилоятидаги хусусий тиббиёт муассасаларида 2 мингга яқин ўринлар мавжуд бўлса-да, болаларни даволашга ихтисослашган муассасалар мавжуд эмас. Ушбу ҳолатни республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиш мумкин. Шу боисдан, эҳтиёж юқори бўлган болаларни даволашга мўлжалланган хусусий шифохоналарни ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга махсус имтиёзлар бериш, уларнинг олдидаги бюрократик тўсиқларни камайтириш лозимлиги таъкидланди.

 

Жойларда юқоридаги каби муаммолар ҳамон ўз ечимини кутмоқда. Мамлакат эртасини, фарзандлар соғ­лиғини ўйлаган ҳеч бир раҳбарнинг уларга кузатувчи сифатида қараб туришга ҳаққи йўқ.

 

Ҳамширанинг Ҳасрати

 

Афсуски, сўнгги пайтларда тиббиёт ходимларига хизмат вазифасини кўрсатаётган ҳолатларда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан ҳақоратлаш, ҳатто тажовуз қилиш ҳолатлари одатий ҳолга айланиб бормоқда десак, муболаға бўлмайди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларида бўлиб, у ердаги вазият билан яқиндан танишиб чиқиш жараёнида Сурхондарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига  ташрифлари чоғида шу марказда фаолият юритаётган ҳамшира Сабоҳат Бўриева билан ҳам суҳбатлашишди. Ҳамшира ўзига нисбатан содир этилган ноҳуш воқеа юзасидан қонунда белгиланган тартибда  амалий ёрдам берилишини сўради.

 

С.Бўриева ҳамшира сифатида доимо беморларга хушмуомала ва ўз вақтида хизмат кўрсатишга интилиши ҳақида сўзлаб берди. Жорий йилнинг 5 январь куни содир бўлган нохуш воқеадан сўнг узоқ вақт давомида даволангани, дори воситаларини ўз ҳисобидан харид қилгани, ҳозирги кунда ҳам шу воқеа асорати сабабли гипертония касаллигини орт­тирганини таъкидлаб ўтди. С.Бўриева бўлиб ўтган воқеадан сўнг унга шикаст етказган фуқаролар томонидан ҳаттоки бир оғиз кечирим сўралмаганини куюниб гапириб берди. Ҳамшира содир этилган воқеада айбини ҳозиргача тушунмаётганини айтиб ўтди. С.Бўриева шу кунга қадар касбий фаолияти давомида ҳақоратларга чидаш мумкинлиги, лекин тиббиёт ходимларига тан жароҳати етказишнинг олдини олишни кўзида ёш билан илтимос қилди. Аҳамиятлиси, мазкур иш бўйича ички ишлар органлари томонидан бирор-бир амалий иш қилинмаганини қайд этди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП  депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Абдуғани Умиров, Махфират Хушвақтова, Дилшод Ҳамзаев, Муҳаммаджон Валиевлар юқоридаги каби ҳолатларни батафсил ўрганиб чиқиб, мазкур ишга ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборини қаратишни ва адолат қарор топиши зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

 

ёшлар билан мулоҚот

 

Очиқ мулоқотлар Термиз туманидаги  “Солиобод”  маҳалласида давом этди.

 

Учрашувда  партиянинг вилоят ва Термиз туман кенгаши ходимлари, талабалар, ўқувчи-ёшлар ҳамда ҳудудий сектор раҳбарлари, туман ҳокимликларининг ёшлар масалалари бўйича мутасаддилари иштирок этишди. 

 

Тадбирда сўз олган Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров бу галги Мурожаатнома том маънода мамлакатимизни янада юксалтириш, тараққиётини таъминлашга қаратилганини айтиб, унда, айниқса, замонавий билим ва кўникмаларга эга, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашга алоҳида эътибор берилганини таъкидлади. Ўзбекистон “Адолат” СДП раҳбари  ёшларнинг ташаббусларини партия доимо қўллаб-қувватлашини билдирди.

 

— Давлатимиз томонидан намунали фаолият олиб боришларингиз учун катта эътибор қаратилмоқда, — деди мулоқот давомида депутат Н.Умаров. — Олий таълимдаги давлат грантларининг икки бараварга оширилиши, имтиҳонларнинг соддалаштирилиши, мутахассисликка тегишли бўлмаган фанларнинг қисқартирилиши кенг имконият ҳисобланади. Бу эса салоҳиятли кадрларнинг етишиб чиқишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Учрашувда иштирок этган ёшлар ўзларининг муаммо ва мурожаатлари ва ташаббус ҳамда таклифларини билдиришди. 

 

Хусусан, мулоқот жараёнида ёш тадбиркорлардан Ислом Обидов асаларичилик йўналиши билан шуғулланаётганлиги, Маъруф Жўраев эса ҳунарманд уста бўлиб, айни кунда устачилик билан шуғулланаётганлигини айтиб, фаолиятини кенгайтириш учун маблағ зарурлиги, банкдан кредит олиш қийинчилик туғдираётганини айтишди. Депутат мазкур мурожаатларни ўрганиб, банк мутасаддилари билан ҳамкорликда масалага ойдинлик киритишга ваъда берди. 

 

Шунингдек, тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилган ёшлардан Абдувоҳид Мамадуллаев ва Соҳиб Абдуллахоновлар иссиқхона қуришни мўлжаллашаётганлигини, бунинг учун 30 сотих унумдор жойдан ер ажратиб беришни сўраб, мурожаат қилишди. Бу муаммо ҳам туман ҳокимлиги ер кадастри мутасаддилари билан биргаликда ўрганилиб, ҳал қилиб берилиши таъкидланди.

 

Шунингдек, тумандаги 6-умумтаълим мактаби спорт залида спортга қизиқувчи ёшларга унинг сир-асрорларини ўргатишни мақсад қилган Холмурод Болтаев спорт секцияси очиш учун  тўсиқларга дуч келаётганлигидан шикоят қилди. Аниқланишича, Х.Болтаевнинг тренерлик билан шуғулланиши учун лицензияга эга эмаслиги маълум бўлди. Депутат ва мутасаддилар томонидан Х.Болтаевга фаолият олиб боришда мазкур соҳада лицензия муҳимлиги ҳамда уни олиш тартиб-қоидалари тушунтирилди.

 

Мулоқотлар давомида шунга ўхшаш 10 дан ортиқ муаммолар жойи­да ҳал этилди, 20 дан ортиқ муаммолар эса мутасаддилар назоратига олинди. Жумладан, 10 нафар фуқаро ишли, 6 нафар фуқаро фаолият бошлаш учун кредитли, 2 нафар фуқаро тиббиёт муассасалари учун йўлланмали бўлди. Шунингдек, 2 километр йўллар таъмирланиб, 4 та таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаси моддий-техник базаси яхшиланди.

 

Аҳамиятлиси, ер ажратиш тизимидаги процессуал жиҳатлар, ёшларга кредит беришдаги имтиёзлар, ёшлар саноат зоналарини ташкил этиш каби қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид таклифлар билдирилди.

 

Учрашувлар давомида депутатларнинг аҳоли билан очиқ мулоқатлари натижасида кўплаб муаммолар кун тартибига чиқиши жойлардаги мутасаддиларга масъулият юкламоқда. Депутатлар эса тизимли муаммоларни умумлаштириш орқали қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш, ишламаётган нормаларга ҳаёт бағишлаш учун манбалар тўпламига эга бўлмоқда.

 

Ишчи гуруҳ аъзолари Сурхондарёдан бир қанча режа ва вазифаларни бажаришни олдиларига мақсад қилиб қайтишди. Аҳоли мурожаатлари, ўй-фикрларидан келиб чиқиб, бажарилажак амалий ишлар аниқланган муаммоларга тугал нуқта қўйишидан умидвормиз. Халқ ўзи сайлаган депутатларига ишонади. Бу ишончни оқлаш эса депутатлар зиммасидаги олий масъулиятдир.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида барча соҳаларда давом этаётган ислоҳотлар биз, халқ вакилларининг зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқд...
01 янв 1970
Булунғур туманидаги “Сайилтепа” маҳалласида яшовчи олий маълумотли ёш педагог Нилуфар Қўнарова ташкилотма-ташкилот қатнаб узоқ вақт иш ...
01 янв 1970
Фуқароларнинг дарду ташвишларини эшитиб, хулоса чиқариш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиш ҳар биримизнинг зиммамизга  масъул...