Расмий манба қонунийликни таъминлайди

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 20-моддасига қўшимча ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 29-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2015 йил 15 декабрдаги Фармойиши билан тасдиқланган қонунийликни таъминлаш ва қонун устуворлиги соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда босқичма-босқич равишда “Электрон ҳукумат” тизимига ўтилаётган ҳозирги даврда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига интерактив хизматлар кўрсатиладиган ягона портал фаолият юритиб келмоқда. Айни шароитда Ўзбекистон Республикасининг барча қонун ҳужжатларини мужассамлаштирган ягона расмий манба яратиш тақозо этилмоқда. Тўғри, бугунги кунда www.lex.uz сайтида Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси мавжуд.
Аммо амалдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба сифатида белгиланмаганлиги сабабли ҳуқуқни қўлловчи органлар томонидан ушбу базадан фойдаланишда чекловлар мавжуд.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинишининг расмий манбаси сифатида белгилаш назарда тутилаётгани бу борадаги чекловларни бартараф этади. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда халқаро тажриба чуқур ўрганилган.
Ушбу норма билан Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига расмий манба мақомининг берилиши ижрочилар ва аҳолига қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матни билан тезкор, ишончли равишда он-лайн режимида танишиш ва ундан сифатли фойдаланиш имконини беради.
Шу билан бирга, мазкур норманинг ҳаётга татбиқ қилиниши қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳолига ўз вақтида ва тўлиқ етказишга, ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тезкор ўзлаштиришга қўшимча шарт-шароитлар яратади.
Ўз навбатида, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига кўра Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жамиятда қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш, мамлакатимиз АКТ юқори даражада жорий этилган илғор мамлакатлар қаторига киришига эришиш каби дастурий мақсад-вазифаларига мос келади. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси фракциядошларимиз томонидан концептуал жиҳатдан тўла қўллаб-қувватланди.
Муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент давлат аграр университетида жорий йилнинг 15 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....