Инсон саломатлиги — сафдошларимиз мақсади

/

Инсон саломатлиги — сафдошларимиз мақсади

 

Соғлом одам табиатнинг энг бебаҳо асаридир, деган эди Европанинг таниқли файласуфларидан Томас Карлейл. Дарҳақиқат, сўнгги вақтларда бутун дунёни саросимага солиб келаётган ва надоматлар бўлсинки, ҳанузгача давоси топилмаётган коронавирус номли инфекция бир неча юзлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлгани баъзан моддиятни ҳар нарсадан устун билиб, ўзи ва яқинларини қадрламаётган одамларга ўзига хос ишора бераётгандек гўё.

 

Иқтисодий жиҳатдан ҳар қанча буюк бўлса-да, Хитой ва бошқа ривожланган мамлакатларнида толиқтириб қўяётган бу касаллик инсоният, илм-фан, замонавий тиббиёт олдига ечимини кутаётган кўплаб масалаларни қўймоқда. Демак, бутун дунё илмий ходимлари, олимлари бирлашган ҳолда илғор фикрларни ўртага ташлаши, касалликка сабаб бўлувчи инфекцияни бартараф этиши, умуман, ҳар қандай касаллик юзага келишидан олдин унинг олдини олишга эришиши бўйича аввалгиданда жадалроқ ҳаракат қилишини тақозо этмоқда.

 

Шу ўринда айтиш лозимки, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилганидек, мамлакатимизда тиббиёт соҳасида юқори малакали хорижий мутахассислар сонини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимида инвес­тицияларни кенгайтириш, кадрлар малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш вақти етиб келди. Партиямизнинг тиббиёт соҳасида илгари сураётган ғоялари қанчалик муҳим аҳамиятга эгалигини, бу соҳага қаратилаётган эътиборни янада кучайтириш, айниқса санитария-эпидемиология йўналишидаги ислоҳотларни жадаллаштириш лозимлигини шу кунларда янада чуқурроқ англамоқдамиз.

 

Биз, тиббиёт мутахассислари, шифокорлар мамлакатимизнинг нафақат бугунги аҳолиси, балки келажак авлодда юзага келиши мумкин бўлган касалликларни бартараф этиш, олдини олишга ўзимизни масъул, деб билмоғимиз шарт. Бу касаллик бизда эмас, бошқа давлатда юзага келиши бизни асло тинчлантирмаслиги керак, аксинча ўз билимимиз, тажрибамиз билан башариятни қутқаришга муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.

 

Мана, 25 йилдирки фаоллари ва аъзоларининг аксар қисми тиббиёт ходимларини ташкил этувчи партиямиз соҳага киритиладиган ҳар қандай самарали янгилик, инновацион лойиҳалар ва ислоҳотларни олқишлаб келади. Зотан, ҳар бир ислоҳот замирида инсонларнинг турмуши, саломатлиги, тақдирини яхшилаш масаласи ётгани барчамизга маълум. Шифокорлар, ҳамшираларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиб келаётган сиёсий партия­миз бугун қутлуғ санани нишонламоқда.

 

Аслида байрам, шодиёна кунларида партиядошларимизни нохуш хабарлару воқеликларни ёдга олиш орқали қутлаш ниятимиз йўқ эди. Бироқ жонкуяр сафдошларимиз, тажрибали ҳамкасбларимизни бу муҳим сана билан табриклаш асносида уларни яна бир бор партия илгари сураётган ғояларни амалда қўллашда жонбозликка чорлашни жоиз, деб билдик. Зеро, соғ­лом инсонлар, соғлом жамиятгина ҳар қандай байрамни кўтаринки кайфиятда нишонлаши айни ҳақиқат.

 

Истагимиз, инсон саломатлиги, юрт тинчлиги ва хавфсизлигига бефарқ бўлмаган сафдошларимиз сони кундан-кунга ортаверсин. Тиббиёт, илм-фан соҳаларида янгилик яратишни ўз олдиган қўйган партиядошларимиз  эзгу мақсадларига эришаверсин. Партиямизнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни янада мустаҳкамланиб, халқимизнинг ишончини қозониш бахти насиб қилсин.  

 

Холиджон КОМИЛОВ,

 

Ўзбекистон Қаҳрамони,

 

партия фаоли


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Унд...
01 янв 1970
Жамиятда ўз ўрнини, сайловчилар ишончини қозонишни истаган партия ўз электорати манфаатлари учун хизмат қиладиган ғоялар, таклифларни илгари су...
01 янв 1970
Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий риво...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....