Дўстлик боғидаги кўркам ниҳол

/
Билинг, Фироғийнинг икки эли бор,
Бири Атрак бўлса, бири Хоразм.
Билинг, Фироғийнинг икки кўзи бор,
Бири туркман бўлса, бири ўзбегим.

Улуғ шоир Махтумқули томонидан битилган бу сатрлардаги сўзлар минглаб йиллар давомида тарихи ва ҳаёти, маданияти ва санъати, қадрият ва урф-одатлари, тили ва дини бир бўлган, яшаш маконлари бир-бирларига туташиб кетган ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик, жондошлик, ҳамкорлик алоқаларининг ёрқин ифодаси дейиш мумкин.
Бир дарёдан сув ичган бу икки халқ, икки оға-ини ўртасидаги яқин ҳамкорликлар барча даврларда изчил давом этиб келган. Лекин эндиликда, XXI асрда, дунёда жиддий ўзгаришлар юз бераётган бир пайтда бу дўстлик алоқаларини янада кучайтиришни, уни янги поғонага кўтаришни ҳаётнинг ўзи заруратга айлантирди. Бошқача айтганда, икки халқ, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга — стратегик шериклик даражасига кўтариш талаб этилди.
Бу борада мамлакатимиз Президенти алоҳида фаоллик кўрсатди. Республикамиз раҳбари 2017 йилнинг март, май, сентябрь ойларида Туркманистонга давлат ташрифлари билан борди. Икки мамлакат Президентларининг Ашхобод учрашувлари, мулоқотлари, ҳамкорликлари натижасида стратегик шерикликнинг мустаҳкам замини яратилди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик даражадаги муносабатларга янги суръат бахш этди, эришилган келишувлар амалга оширилишига жиддий туртки бўлди. Натижада жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 55 фоизга ошди. Бу борада савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия иш олиб бормоқда. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Тадбир доирасида бадиий асарлар кўргазмалари ташкил этилди. Жорий йилнинг март ойида Ашхободда Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси намойиш қилинди. Бошланган бу хайрли ишлар келгусида давом этиши аниқ. Шунинг учун республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев “Туркманистон — биз учун тарих ва вақт синовидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари боғлаб турадиган энг яқин қўшнимиз. Ҳақиқий дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари қандай бўлиши лозимлигини биз бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш учун барча имкониятларни ишга соламиз”, дея бу жараёнда қилинадиган улуғвор ишлар кўламини белгилаб берди.
Айни пайтда, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг шу йил 23-24 апрель кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи билан келиши икки халқ, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уни янги босқичга кўтариш йўлидаги амалий ҳаракатнинг мантиқий давоми бўлди.
Иккала мамлакат раҳбарларининг Кўксарой қароргоҳидаги тор доирада бўлиб ўтган суҳбатларида Ўрта Осиёда тинчликни сақлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликларни янада мустаҳкамлаш масалалари, республикалар расмий делагациялари иштирокида ўтган музокараларда эса давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, нефть-кимё, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш вазифалари муҳокама қилинди.
Савдо-сотиқ борасида Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникаси, сархил ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, кимё, тайёр текстиль маҳсулотлари экспорт қилинадиган бўлди. Туркманистондан юртимизга нефть ва нефть маҳсулотлари, механик ускуналар, пропилен полимерлари, бошқа кимёвий товарлар келтирилиши режалаштирилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодиётида ҳали тўла ишга солинмаган кўплаб имкониятлар мавжудлиги ҳам айтиб ўтилди. Улардан фойдаланиб, ўзаро савдо айланмасини жадал ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Икки мамлакат бозорларига харидоргир маҳсулотлар етказиб бериш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари кўриб чиқилди. 2020 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.
Шу билан биргаликда икки мамлакат минтақада йирик энергетик лойиҳаларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Булардан бири йилига 25 миллиард куб метргача газ етказиш қувватига эга бўлган “Туркманистон — Ўзбекистон — Қозоғистон — Хитой” газ қувурлари лойиҳаси бўлса, иккинчиси Ўзбекистоннинг “Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон” газ қувури қурилиши лойиҳасида қатнашаётганлиги билан боғлиқдир.
Ташриф давомида мамлакатлар ўртасида икки томонлама ҳужатларни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар.
Икки томонлама ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, таълим ва спорт соҳаларида янада мустаҳкамлашга ва ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришга доир 17 ҳужжат имзоланди. Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, 2018-2020 йилларга мўлжалланган транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро дастурлар, Ўзбекистон ва Туркманистонда савдо уйларини ташкил этиш, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида битимлар, Ўзбекистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2019 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.
Икки томонлама ҳамкорликни қишлоқ хўжалиги, ёшлар, хотин-қизлар масалалари, фан-техника, касаба уюшмалари ва бошқа соҳаларда янада мустаҳкамлашга доир ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунингдек, ташриф доирасида олий ўқув юртлари ўртасида ва ахборот коммуникация соҳаларига оид 15 ҳужжат имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар очиқ, самимий, ишчанлик руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатлари йўлидаги серқирра ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Айни пайтда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Туркманистон ва Ўзбекистон тинчликсевар давлатлар, яхши қўшнилар сифатида танилган. Мамлакатларимиз халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Бугунги музокаралар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун яхши имкониятдир. Туркманистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар бўйича кенгайтиришга тайёр” эканлигини билдирди.
Албатта, Туркманистон Президентининг юртимизга ташрифи кунларида Тошкентда Туркманистон миллий кўргазмаси ва Махтумқули кўчасига ёндош нуқтада шаҳримизда ниҳоятда катта “Ашхобод боғи”нинг очилиши мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларининг барқарор бўлишидаги муҳим воқеалар сифатида эътироф этилди.
Республикамизда ҳозирги кунда 192 мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг фарзандлари учун туркман тилида сабоқ берадиган 44 та мактаб фаолият юритмоқда. Шу билан биргаликда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида туркман филологияси йўналишида мутахассислар, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида туркман тили ўқитувчилари тайёрланмоқда, мамлакатимиздаги таълим муассасаларида Туркманистондан келган 720 фуқаро таълим олмоқда. Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги ўойбу қишлоғида яшаётган туркманлар ҳам ана шу халқнинг вакиллари ҳисобланади. Уларнинг ўз она тилида таълим олиши, урф-одатлари ва анъаналарини ривожлантириш учун барча шароит яратилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу ҳудудда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлик ишлари амалга оширилди. Янгиланган лойиҳадаги уй-жойлар, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаби, оилавий поликлиника қад ростлади. Қисқа муддатда замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида “Ўзбек—туркман” дўстлик уйи бунёд этилди.
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов халқларимиз дўстлиги рамзи сифатида барпо этилган ушбу иншоатни бориб кўрдилар. Бу ерда яратилган шароитлар билан танишдилар. Бинода икки мингдан зиёд туркман, ўзбек ва жаҳон адабиёти фондига эга кутубхона, икки халқнинг кўп асрлик тарихий дўстлигини ифодаловчи музей, турли фан ва санъат тўгараклари хоналари ва икки юздан ортиқ ўринга эга фаоллар зали жой олган. Дўстлик уйи атрофида эса кўркам боғ бунёд этилмоқда.
— Ушбу қишлоқнинг яна бир тарихий бойлиги бор. Бу бойлик унинг марказидаги “Улли ҳовли” деб аталган ёдгорлик мажмуаси ҳисобланади, — дейди хоразмлик ижодкор, Туркманистоннинг Махтумқули номидаги халқаро мукофоти соҳиби Қурбон Муҳаммадризо. — Бу мажмуа ХVII асрда қурилган. Канал соҳилида барпо этилган бу мажмуада туркманлар яшаганлар ва фаолият юритганлар. “Улли ҳовли”нинг қадимий деворлари сақланиб қолган. Кейинги йилларда ушбу мажмуада Президентимиз ташаббуси билан кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Таъмирлаш жараёнида бинонинг асл тарихий ҳолатини сақлаб қолишга ҳаракат қилинди. Мазкур обида салкам бир гектар майдонни эгаллаган ҳимоя қўрғони билан ўралган. Бу ерда туркман халқининг миллий маданиятига тегишли осори-атиқалар бор. Мажмуада сайёҳлик ва зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Йигирма ўринли меҳмонхона қурилди. Туркман ўтовлари ўрнатилди. Иккала мамлакат раҳбарлари ушбу мажмуада бўлиб, бу ерда амалга оширилган ишларга юксак баҳо бердилар.
Икки мамлакат Президентларининг Хоразмнинг кўҳна шаҳри Хивага, Очиқ осмон остидаги музей “Ичон қалъа”га ташриф буюришлари бежиз эмасди. Зеро, бу шаҳар бағрида ўзбек ва туркман халқлари дўстлигидан, биродарлигидан гувоҳлик берувчи кўплаб осори-атиқалар, тарихий масканлар мавжуд. Шулардан бири “Шерғозихон” мадрасаси ҳисобланади. Бу мадрасада бир пайтлари кўплаб алломалар, ижодкорлар, муаррихлар билан бирга туркман халқининг улуғ шоири ва мутафаккири Махтумқули таълим олган. Равнақ, Махтумқули, Ажиниёз, Сайқалий, Сайидо Насафий каби шоирлар таълим олган маскан эндиликда музейга, ижодкорларимизнинг дўстлик музейига айлантирилган. Демак, аждодлардан мерос дўстлик деб аталган завол топмас туйғу авлодлар қалбида ҳам яшамоқда.
Ўзбекистон ва Турманистон Президентлари Тошкентдаги “Ашхобод боғи”да бўлганларида яхши ният билан ниҳол экдилар. Бу кўчат азалий қардошлик, биродарлик боғига экилган дўстликнинг янги ниҳолидир. Бу боғда бўлганимизда ушбу ниҳолга ёш қизча сув қуяётганига гувоҳ бўлдик. Ҳаётнинг азалий қонунияти шундай: катталар эккан ниҳолларни ёшлар парваришлаб, вояга етказадилар. Зеро, бу кўркам ниҳолнинг келажакда гуллаб-яшнайдиган дўстлик боғининг улуғвор дарахтига айланишига шубҳа йўқ!
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Аҳолига қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор уларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамламоқда....
01 янв 1970
Кейинги йилларда аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатимиз равнақ топишига хизмат қиладиган кўплаб қонунлар, меъёрий ҳужжатлар, давлат дастурлари ...
01 янв 1970
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Тадбир доирасида бадиий асарлар кўргазмалари ташкил этилди....