Беш кунлик таълим: имкониятларнинг янги йўли

/
Болалик давримдан хотира сифатида хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан баъзиларини эслаб тураман. Шулардан бири иккинчи синфда ўқиётганимизда ўқитувчимизнинг бизларни баҳор пайтида қишлоқ четидаги тўқай деб аталган жойга олиб бориб, бу ердаги ҳар бир гиёҳ, ҳар бир ўсимлик, ҳар бир дарахт, ҳар бир қуш ҳақида айтиб берган ҳикоялари бўлган. Биз болалар ўшанда ҳар куни кўриб, билиб юрган нарсаларимиз ҳақидаги бу ажабтовур ҳикоялардан сеҳрланиб қолганмиз.
Ана шундай ҳолат учинчи синфда ўқиётганимизда ўқитувчимизнинг вилоят марказидаги ўлкашунослик музейига олиб бориб, юртимиз, халқимиз тарихи, ота-боболаримиздан қолган нодир буюмлар, ашёлар тўғрисидаги айтиб берган сўзлари орқали ҳам дилимизда муҳрланиб қолган. Ўшанда бизлар, табиийки табиат қўйнига, музей ва бошқа жойларга сайру саёҳатлар нима учун уюштирилганини билмаганмиз. Фақат эндиликда, ўзимизни англаб етганимиздан кейин, бу ишларнинг ҳаммаси қалбимизда шу юртга, шу Ватанга меҳр-муҳаббат уйғотиш, ҳаётни англатиш йўлидаги эзгу ниятлар эканини ҳис қилаяпмиз.
Бу воқеаларни эслаяпману хаёлимдан, «Хўш мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда, хусусан, бошланғич синфларда устозларимиз, ўқитувчиларимиз томонидан авваллари амалга оширилган бундай хайрли ишлар, ибратли анъаналар ҳозир ҳам давом этаяптимикан?» деган фикрлар кечади.
Тўғри, мамлакатимизда илм-фан ривожи учун, ёшларни иқтидорли, талантли, ҳаёт тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган авлод қилиб тарбиялаш учун катта ишлар қилинмоқда. Мактабгача таълим тизимининг фаолиятини яхшилаш учун алоҳида вазирлик ташкил этилди. Умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар таълими тизимида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Республика Вазирлар Маҳкамасида шу йилнинг 9 февралда бўлиб ўтган йиғилиш баёнида умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларини (1-4-синфлар) ҳафтасига 5 кунлик ўқиш жараёнига ўтказиш вазифаси белгилангани амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчил давоми ҳисобланади.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида режалар ҳам ишлаб чиқилган. Яъни жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб республикамизнинг барча умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари ҳафтасига 5 кунлик ўқиш жараёнига ўтадиган бўлдилар. Қолган бошланғич синфлар эса янги ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич тарзда ҳафтасига 5 кунлик ўқув режимига ўтказилиши кўзда тутилган.
Ўқиш, таълим жараёнида фарзандларимизга бундай имкониятлар берилгани бежиз эмас. Бунинг сабаблари бор. Энг аввало, болаларимиз онги бугунги тараққиёт натижасида 2-3 ёшидан бошлаб телевидение, уяли телефон ва бошқа техника воситалари орқали бериладиган ҳар хил хабарлар, ўйинлар, фильмлар билан тўлиб бормоқда. Бунинг устига 6 кунлик узлуксиз ўқиш тизими уларни толиқтириши ҳам табиий. Шундай ҳолда уларни бундай толиқтирувчи жараёнлардан халос этиш ҳаётий заруратга айланганди.
Демак, беш кунлик таълим жараёни болаларни ана шундай толиқтирувчи ҳаракатлардан халос қилиш учун жорий қилинмоқда. Бу эса оилаларда, мактабларда, муассасаларда болаларнинг хохиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда сайру саёҳатлар, қизиқарли ўйинлар, турли фан тўгараклари, спорт секциялари, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилишини, фарзандларимиз бу тадбирларда фаол иштирок қилишини таъминлашимиз талаб этилади.
Иккинчидан, болаларимиз, хусусан, бошланғич синфларда таълим олаётган фарзандларимиз 6 кунлик узлуксиз ўқиш сабабли уларнинг оилавий муҳитдан узоқлашиш ҳолатлари кўзга ташлана бошлаган, ота-она билан бола ўртасида меҳр-оқибат тушунчаларини мустаҳкамлаш эндиликда заруратга айланган эди. Шунинг учун 5 кунлик таълим тизимининг жорий қилинишидан асосий мақсад ота-оналарнинг оилавий дам олишларига имконият яратиш, улар ўртасида оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, болаларда оилавий анъаналарга эҳтиром туйғуларини шакллантиришдан иборатдир.
Учинчидан, бошланғич синфларда ўқиётган болалар қалбан ўйинқароқликка, дам олишга мойил бўлади. Уларнинг қалбидаги бу туйғуни инобатга олмаслик, уларни узлуксиз равишда таълим олишга ундайвериш болаларнинг илм олишга бўлган қизиқишини сўндириши мумкин. Шунинг учун 5 кунлик таълим уларнинг дам олишига, ўйинлар билан шуғулланишига имкон яратади. Бу ҳолат эса унинг қобилиятини юксалтиришга, зеҳнини ўткирлашга, ҳар бир нарса ҳақида фикрлашга ўргатади.
Умуман, ушбу йиғилиш баённомасида белгиланган режалар таълим тизимида ислоҳотлар давом этаётганлигини, ёш авлодни келажак эгалари қилиб тарбиялашда жиддий ишлар амалга оширилаётганини, оила — мактаб — оила тизими таълим ва тарбияда муҳим роль ўйнашини кўрсатади. Дарвоқе, мамлакатимизда бошланғич синфларда ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизимига ўтиш жараёни юқорида айтганимиз, устозларимиз бошлаб берган энг яхши анъаналар бугун ҳам мактабларимизда давом этиши учун имкониятлар юзага келаётганини намоён қилди.
Замира СОДИҚОВА,
ўқитувчи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Илм — инсон онгу шуури, ақл-заковати, тафаккури ҳосиласи.
01 янв 1970
Маълумки, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётини холис ёритувчи маънавий кўзгу ҳисобланади. ...
01 янв 1970
...Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак...
01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз эркин, демократик жамият қуриш йўлига ўтганидан бери орадан йигирма олти йил ўтди....