Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида янги давр

/
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. Унинг замирида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-интилиш ва манфаатлари акс эттирилган. Юртимизда, айниқса, охирги бир йил давомида кузатилаётган ўзгаришлар ва амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ташқи сиёсатимизда янги саҳифа очилишига замин яратди.
Қайд этиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон дунёдаги барча давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Зеро, “Ён қўшни – жон қўшни”, “Қўшнинг тинч — сен тинч” каби халқимизга хос нақллар тарих тажрибасидан келиб чиқиб, неча минг йиллик яхши қўшничилик муносабатларининг таҳлили асосида айтилган буюк ҳикматли сўзлардир. Шуларни инобатга олган ҳолда, ўзбек сиёсий доира вакиллари, оддий халқ билан бирдек, жорий йилнинг 15 октябрида Қирғизистонда ўтказилган президентлик сайловини диққат билан кузатиб борди.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, қўшни мамлакатда бўлиб ўтган сайловнинг Ўзбекистон учун бир неча аҳамиятли жиҳатлари мавжуд эди. Шулардан энг муҳими, шубҳасиз, сайловда ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, сайловнинг тинч-осойишта ўтиши, Қирғизистонда сиёсий барқарорлик сақланиб қолиниши, шунингдек, ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасида кузатилаётган сиёсий илиқлашув жараёнлари узвийлигини таъминлаган ҳолда, алоқаларни янада кучайтириш ва чуқурлаштиришдан иборат эди.
Шундай қилиб, 11 нафар номзод иштирок этган сайлов якунларига кўра, мамлакат собиқ Бош вазири, Социал-демократик партиядан номзоди кўрсатилган Сооронбай Жээнбеков мамлакатни 6 йил давомида бошқарган Алмазбек Атамбоевнинг қўллови остида ғалаба қозонди. Янги сайланган қўшни мамлакат раҳбари таҳлилчиларнинг Қирғизистон янги бошқаруви қайси йўналишда кетиши атрофидаги хавотирларини йўққа чиқариш мақсадида, ўз баёнотида аввалги маъмурият ишини давом эттириши ва жамиятда мавжуд бўлган қоидалар ҳамда ўзаро муносабатларни ўзгартирмаслигини таъкидлаб ўтди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, президентликка номзод сифатида сайловда қатнашар экан Сооронбай Жээнбеков ўз сайловолди дастурида Қирғизистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни давом эттирган ҳолда, “Қирғизистонни 2040 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси”ни амалга ошириш устувор вазифаси эканлигини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, Сооронбай Жээнбековнинг режасида 6 йил давомида Қирғизистонни иқтисодий жиҳатдан тараққий этган мустақил демократик мамлакатлар қаторига киритган ҳолда тадбиркорларга қулайликлар яратиш, ўқитувчи ва нафақахўрларнинг шароитларини яхшилашга ваъда берди. Шу билан бирга, 2027 йилгача мўлжалланган ирригация дастурини амалга ошириб, қишлоқ хўжалигини суғориладиган сув билан таъминлаш ҳам унинг эътиборида эканлигини маълум қилди.
Халқаро муносабатлар ҳақида гап кетганда, сайланган Президент Россия, Хитой, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан ҳамкорликни сақлаб қолган ҳолда, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга урғу беришини билдириб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, сайловнинг дастлабки натижалари 16 октябрда эълон қилинган бўлса-да, якуний натижалар 4 ноябргача эълон қилиниши керак. Мамлакат конституциясига кўра, Қирғизистон Президенти олти йил муддатга фақат бир марта сайланади. Мамлакатда 3 миллион 26 минг нафарга яқин сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга. Сооронбай Жээнбеков қарийб 55 фоиз овоз тўплаган бўлса, унинг асосий рақиби Омурбек Бабанов учун сайловчиларнинг 33 фоизи овоз берди. Амалдаги Президентнинг ваколатлари 1 декабрь куни тугайди. Сайланган Президент эса 7 декабрь куни қасамёд қилиши лозим.
Маълумки, Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон Бош вазири бўлиб турган вақтда, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти вафоти муносабати билан Ўзбекистонга уюштирилган сафар делегациясига бошчилик қилган ташрифида, Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва халқаро майдонларда ўз ўрнига эга бўлишида Ислом Каримовнинг алоҳида хизматларига тўхталиб ўтган эди.
Бундан ташқари, 2017 йилнинг 16 август куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳукуматлараро комиссияси мажлисида Сооронбай Жээнбеков қуйидаги сўзларни айтиб ўтганди: “Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни ривожлантириш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Қирғиз-ўзбек ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган икки томонлама муносабатларни алоҳида қайд этиш қувонарли”.
Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида Ўзбекистоннинг барча давлатлар, хусусан, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан ўзаро тенг ҳуқуқли ва тенг манфаатли конструктив ҳамкорликка асосланган изчил ва фаол ташқи сиёсат тарафдори эканлиги алоҳида қайд этилган. Шунингдек, партия Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик алоқалари ўрнатилган ҳудуд ташкил этилишидан манфаатдор эканлиги қайд этилган.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Қирғизистоннинг янги раҳбарияти билан яхши қўшничилик ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган алоқаларни, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, мустаҳкамлаш ва муносабатларни янги босқичга кўтариш учун барча имкониятлар мавжуд.
Аброр ИБРАГИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати матбуот хизмати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Ўткан кунлар” асари қаҳрамонларининг ўзаро муомаласида, уларнинг ҳатто фарзандларини ҳам “сиз”лаб гапириши мисолида ота-бо...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида сўзлаган нутқи депутатлик фао...
01 янв 1970
Тан олишимиз керак, кейинги уч йилда давлатимиз раҳбарининг юксак минбарлардан ҳар бир чиқиши, ҳар бир маърузаси ўзининг мазмуни, кўламдорлиги, тан...
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...