Айбсиз айбдорлар

/
Ёхуд йўл-транспорт ҳодисасидан жабрланган фуқароларнинг манфаатлари ҳимоя қилинмайди... (ми?)
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайгани билан боғлиқ масала ҳам муҳокама қилиниб, бу борада энг асосий муаммо ҳайдовчи ва пиёдаларнинг билим-кўникмалари, қонунга итоаткорлик ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига ўзаро ҳурмат маданиятининг ўта пастлигида экани таъкидланди. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо қўлланилаяпти, лекин натижа кутилганидек эмас. Йўлларнинг аҳволи, йўл белгиларини хатловдан ўтказиш, уларни босқичма-босқич замонавий қопламали йўл белгилари билан алмаштириш борасидаги ишлар талабга жавоб бермайди. Ички ишлар вазирлиги, Автомобиль транспорти агентлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси 2018-2022 йилларга мўлжалланган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясида кўрсатилган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаши даркор. Шу билан бирга, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш, ҳудудларда магистраль йўлларни хусусийлаштириш, пуллик хизматни йўлга қўйиш, йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш чораларини кўриш кераклиги таъкидланди.

СЎЗБОШИ ЎРНИДА
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб айтиш керакки, айни юқорида тилга олинган масала бугун кўпчилигимизни ўйлантириб, қийнаб келаётган долзарб муаммолардан бири эди. Ахир ҳар ким ҳам эрталабдан фақат эзгу ниятлар билан кўчага чиқади. Хонадон аҳли бир-бирларига чин дилдан “ой бориб, омон келиш”ни тилаб қолади.
Аммо... Мана шу “аммо”си ёмон-да. Кунда бўлмаса ҳам кунора кўзимиз тушади: халқ тилида — АВАРИЯ, биз, газетачилар тили билан айтганда, АВТОҲАЛОКАТ! Расмий тилда қуруққина “ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИ” деб аталмиш воқелик ортида не-не уқубатлару йўқотишлар, не-не асаббузарликлару дилхираликлар, не-не аламлару қалбни ўртаб юборадиган пушаймонликлар бор – буларни тасаввур этиш қийин эмас...
Эҳтимол ўзингизни юпантириш учун “фалокат-да, ҳеч ким ундан кафолатланмаган”, деб қўярсиз; айниқса, фожиа бегоналар билан рўй берганида. Балки шундайдир. Аммо бу баҳона бўлолмайди. Илло, Оллоҳнинг суюкли бандаси, ҳар қандай давлатнинг энг бебаҳо бойлиги бўлган Инсон ҳаёти, соғлиғи билан боғлиқ масалага бундай юзаки, панжа орасидан қараб бўлмайди.
САБАБ ВА ОҚИБАТ
Ижтимоий тармоқларда берилаётган кундалик хабарларга эътибор беринг, кейинги йилларда, ҳатто ойларда ҳам автоҳалокат билан боғлиқ фожиавий ҳодисалар ошгандек, кундан-кунга кўпайиб бораётгандек туюлади кишига. Хусусан, шаҳарларда, айниқса, шаҳарлараро йўлларда бундай фожиалар кўпроқ рўй бермоқда. Янаям афсусланарли томони, содир бўлаётган аксарият ЙТҲларда турли ёшдаги, турли жинсдаги, энг аламлиси, ҳаттоки, ёш болалар ҳам ҳаётдан КЎЗ ЮММОҚДА!..
Авваллари кунора бир кўзингиз тушадиган ЙТҲга бугун кунига камида икки марта шоҳид бўласиз. “Фалончининг машинасини катта йўлда... пистончининг машинаси юз эллик тезликда... экспертиза билан гаплашибди, ўлган шопирни роса ичган деб ёздириб олибди...” қабилидаги хунук гап-сўзлар ҳам ора-сира қулоғингизга чалиниб қолади. Шунда йўлга қарайсиз: учиб кетаётган машиналар, “Пиёда” белгиси қаршисида машиналар оқими камайишини бетоқат кутиб турган йўловчилар, бир-бири билан пойга ўйнаётган, ичи йўловчига тўла (!) автобуслар... Буларга қаерда камера йўқлигини ёддан биладиган, шу жойларда тезликка зўр берадиган учар таксичиларни қўшинг... Булар САБАБ, ОҚИБАТ эса маълум...
ХОРИЖ ВА БИЗ
Албатта, йўл-транспорт ҳодисаси фақат бизга хос муаммо эмас, у бутун дунё муаммоси. Аммо аҳамиятли томони шундаки, жаҳон мамлакатларида бу иллатга қарши кенг миқёсда ва кўламда кураш олиб борилмоқда ҳамда одам ҳавас қиладиган натижаларга эришилмоқда ҳам.
Биргина мисол. Ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб Швецияда йўллардаги автоҳалокатлар сабаб одамлар кўп ҳаётдан кўз юма бошлади. Ташвишга тушиб қолган ҳукумат 1997 йили “Vision Zero” лойиҳасини қабул қилди. Унга кўра, мамлакат йўлларида одамларнинг жароҳат олиши ва ҳалок бўлиши жуда қисқа муддат ичида “0”га етказилиши керак эди. Эътибор беринг, НОЛга! Яъни, бирор одам жароҳат ҳам олмасин, вафот ҳам этмасин!
Бу сизга фантастика бўлиб туюлдими? Бизга ҳам аввалига шундай туюлган эди. Бироқ Швеция ўз мақсадига эришиш йўлида тинмай ва самарали ҳаракат қилмоқда. 2000 йилга келиб, машиналар сони икки баробар ошганига қарамасдан, йўллардаги автоҳалокат қурбонлари сони икки баробар камайди. 2012 йили эса ЙТҲ оқибатида бутун мамлакат йўлларида етти ёшгача бўлган болалардан фақат бир нафари қурбон бўлди. Ҳолбуки, 1970 йили бу борадаги кўрсаткич 38 та эди!
Бугун Швецияда ЙТҲдан ҳалок бўлиш миқдори ҳар юз минг кишига 3 кишини ташкил этади ва у тобора камайиб бормоқда. Таққослаш учун: мазкур кўрсаткич АҚШда 11,4 га тенг.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай кўрсаткичларга эришиш учун Швеция, кўплар таклиф қилаётганидек, амалдаги қоидаларни кескинлаштириш йўлидан эмас, балки уларга амал қилишнинг техник шарт-шароитларини яратиш йўлидан борди. Йўллардаги биринчи даражали эътибор хавфсизлик ва яна хавфсизлик масаласига қаратилди. Шу сабабли дунёдаги энг хавфсиз дея Швеция йўллари эндиликда дунёдаги энг хавфсиз йўллар, дея эътироф этилмоқда.
ЖАЗО МУҚАРРАРЛИГИ ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ
Бизда-чи? Кўчаларимизга қаранг. Кун тиғида баъзан автомобилларнинг тўхташ чизиқлари ҳам кўринмайди. Асабий ҳайдовчилар. Қулоқни батанг қиладиган узлуксиз сигналлар.
Биз ҳар бир хорижий мамлакатнинг яхши томонларини ўрганишимиз лозим. Россияда ишлаб келган юртдошимиз “Бир йил таксичилик қилдим, лекин бирор марта машинам сигналини босмадим”, деб турса, Қозоғистонда ҳайдовчилик қилган қўшнимиз кўчада “зебра” белгисини кўрган заҳоти тормозни босса... Бунинг нимаси ёмон? Аксинча, булар ибрат олишга арзигулик жиҳатлар эмасми?
Меҳрибон халқмиз. Машинаси билан бировни уриб кетган ҳайдовчига ҳам ачинаверамиз. Иложи топилса, орага тушиб, жазодан олиб қолишга ҳаракат қиламиз. Яқинда матбуотда эълон қилинди. Вилоятларнинг бирида ўз “Жигуси”сида онаси тенги аёлни катта кўчада босиб кетиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи-талаба маҳалланинг, Ёшлар иттифоқининг кафиллиги боис... озодликда қолибди. Ҳатто бир кунга ҳам қамалмабди! Шуми аёл қадри? Шуми инсон қадри? Нима, ўша бечора марҳума эрталаб уйдан “Бугун машина тагида қолай”, деган ниятда чиқибдими? Ёки ўша шўрлик аёл ўрнида светофорнинг қизил чироғида ўтганлигини ўзи ҳам тан олиб турган йигитчанинг онаси ёки холаси бўлганда нима бўларди? Шунчалик инсонпарварми бизнинг қонунларимиз? Наҳот “Ўлдинг – ўчдинг”, деган гап тўғри бўлса?.. Энди бу “Шумахер йигитча” яна машинасига ўтирадими, яна... Худо кўрсатмасин!..
Ахир жазо муқаррарлиги қонун устуворлигини таъминлаши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат-ку!
ТОРМОЗ БОСМАСАНГ, АЙБДОР БЎЛМАЙСАН!
Ўз вақтида ва қонуний берилмаган жазо иллатнинг маддалаб, урчиб кетишига сабаб бўлади. Бу ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатлардан бири. Яқинда бир танишимиз ҳикоя қилиб қолди. Катта йўлда, соатига олтмиш километр тезликда келаётган машинасига камида юз қирқ тезликда қутуриб келаётган “Жигули” келиб урилган...
Ҳодиса жойига ЙПХ ходимлари етиб келган, нималарнидир ёзган-чизган. Танишимиз эса ҳалокат пайти жиддий жароҳат олган фарзандини шифохонага олиб боришга шошган.
Орадан ҳафталар-кунлар ўтади. Ҳеч ким танишимизни сўрамаган. Суриштириб кўрса, аён бўладики, ЙТҲ содир бўлган кундан бошлаб тергов-суриштирув ишлари олиб бориш, яъни ишни судга оширишгача қонунда белгиланган вақт УЧ ОЙ экан. Чунки суд-тиббий экспертиза хулосасини олиш БИР ОЙ, машинани техник экспертизадан ўтказиш учун яна БИР ОЙ муддат талаб этилар экан.
Шу ўринда сизнинг кўнглингизда ҳам “НЕГА? НИМА УЧУН? Ахир ҳамма нарса кафтдагидек кўриниб турган бўлса, техник эксперт жарима майдончасида турган машинани суратга олиш учун бор-йўғи ТЎРТ-БЕШ дақиқа сарфласа, НЕГА бу иш судга етиб бориши учун БИР НЕЧА ОЙ керак бўлади?”, деган савол уйғондими? Ҳа, баракалла. Бизнинг кўнглимизда ҳам иштибоҳ уйғонди. Ва ўзимизча таҳлил қилиб кўришга ҳаракат қилдик.
Танишимизнинг ҳикоя қилишича, бунинг сабаби тез орада аён бўлади. Оғир жароҳат олган бола шифохонада ётганида на ҳайдовчи, на бирор-бир терговчи келиб суриштирмайди. Ваҳоланки, бу пайтда эндигина йигирма ёшга кираётган йигит жонлантириш бўлимида ажал билан олишиб ётган эди!..
Ҳар қалай, айбдор ҳайдовчи ўтган муддат орасида елиб-югуриб, бир балолар қилиб улгурган, шекилли, энди техник эксперт ҳам “Келиб урилган машина тезлигини аниқлай олмаймиз, чунки кўчада тормоз изи қолмаган”, деб турибди. Бу нима деган гап? ХУДО КЎРСАТМАСИНУ ЙЎЛДА БИР ФАЛОКАТ БЎЛСА, машинасини учириб КЕЛГАН ТАҚДИРДА ҲАМ ТОРМОЗИНИ БОСМАГАН ҲАЙДОВЧИ ЮТИБ ЧИҚАВЕРАРКАН-ДА... ҲАР ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ҲАМ ТОРМОЗ БОСМАСЛИК КЕРАК ЭКАН-ДА... Шунақами? Кейин бемалол “Тошбақа суръатда, ўттизда келаётгандим”, деб айтса ҳам бўлаверадими?..
Бунинг аксини исботлаб кўринг-чи? Исботлай олмайсиз. Чунки бу ҳам қонунда белгилаб қўйилган. ТОРМОЗ ИЗИСИЗ тезликни аниқлаб бўлмайди, деб. Наҳотки ХХI асрда, техника асрида, олимларимиз ой бир четда қолиб, қуёшни забт этамиз, деб турган даврда техник экспертлар бир машинани уриб ағдариб юбориш учун иккинчи машинанинг тезлиги қанча эканлигини аниқлашнинг иложини топишолмаса?! Қани бу ерда МАНТИҚ?!
Шу ўринда беихтиёр хаёлингизга бир фикр келади. Автоҳалокатларда кимнидир айбсиз, деб топиш учун КОРРУПЦИЯ шу нуқтадан бошланмаяптими?! Қолаверса, ТОРМОЗсиз автоҳалокат содир этганларнинг жазоланмаслиги ёки енгилроқ жазо олиши ҳам йўлларимизда автоҳалокатлар сони ошиб кетишига ХИЗМАТ ҚИЛМАЯПТИМИ? Ва охир-оқибат бундан кимдир ёки кимлардир МАНФААТДОР бўлишмаяптими?!
Шу ва шу каби бошқа саволларнинг жавоби ҳам, ечими ҳам битта. Демак, эскирган қонунларга ўзгартириш киритиш вақти келибди.
ҚОНУН НИМА ДЕЙДИ?
Шу ўринда яна бир савол туғилади. Хўш, бугун қонунчилигимизда автоҳалокат айбдорларига қандай жазо белгиланган?
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 266-моддасида шундай дейилади:
Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш,
Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, —
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одамлар ўлимига;
б) ҳалокатга;
в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Энди шу ўринда дўппини олиб қўйиб, бир ҳисоб-китоб қилайлик. Дейлик, кимдир катта кўчада фарзандингиз, (Албатта, бу ўринда Худо асрасин, демасликнинг иложи йўқ. Аммо мулоҳазаларимизни мисолсиз тушунтиришнинг бошқа йўлини топа олмадик.) ўзингиз ёки бирон-бир қариндошингизнинг машинасини машинасида уриб юборди. Ўша инсон, қонун тили билан айтганда, автоҳалокат натижасида оғир тан жароҳати олди. Яп-янги машинаси бир уюм темир-терсакка айланди. Энг асосийси, ўлмай қолди! ЙТҲга сабаб бўлган ҳайдовчининг инсофи бўлса-ку, хўп-хўп. Виждони қийналиб бир-икки келар, жароҳат олган инсонга моддий-маънавий кўмак берар. Агар виждони бўлмаса-чи? Йўқлаб келмаса-чи? Жазо аниқ: энг кам иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Бўлди. Бошқа жазо йўқ. Чунки қонунда кўзда тутилмаган.
Энди танганинг иккинчи томонини ўгириб кўрайлик.
Ўша, бировнинг айби билан автоҳалокатга учраган инсон, дейлик, кимнингдир фарзанди, онаси, отаси ёки ўзи бир умр ногирон бўлиб қолса-чи?! Яна жазо аниқ: энг кам иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Тўғриси, энди бунисига куйишни ҳам, кулишни ҳам, хато бу хусусда фикр билдиришни ҳам билмадик...
Энди шу ўринда ўша, босар-тусарини билмай қолган ҳовлиқма ҳайдовчининг айби билан техник шикаст етган машинага нима бўлади, деган яна бир савол туғилиши табиий. Албатта, қонунчиликда белгиланган тартибда етказилган моддий зарар қопланади. Яъни, автомашина таъмири учун айбдордан маълум маблағ ундирилади. Бир томондан қарасангиз адолат қарор топгандек. Лекин яна айтамиз, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Яп-янги машинангиз таъмирланган, яъни, у ер, бу ери қайта бўялгандан кейин унинг бозор нархи икки бараварга тушиб кетади. Буни билиш, англаш учун ҳуқуқшунос ёки мутахассис бўлиш шарт эмас. Афсуски, автомашинанинг бозор нархига етказилган зарарни ундириш ҳам қонунчилигимизда белгиланмаган.
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
Ахир ҳар битта йўл-транспорт ҳодисаси ортида бир эмас, ўнлаб инсонлар тақдири ётади. Жабр кўрганларга, руҳий зўриқишга учраган юртдошларимизга ўз вақтида ва ҳар томонлама кўмак бериш шундай ишларга масъул давлат органларининг бирламчи вазифаси эмасми? Ортиқча сансалорликдан, “бор отангга, бор онангга” қабилида иш юритишдан, шусиз ҳам дили хуфтон одамларни баттар руҳий зўриқтиришдан, уларга босим ўтказишдан кимга қандай ва нима наф?..
Статистикага мурожаат қиламиз. 2017 йилда республика бўйича йўлларда 3,5 миллион қоидабузарлик содир этилган. Йил давомида 61 минг ҳайдовчи рулга маст ҳолда ўтирган (!).
Маълумотларга кўра, биргина пойтахтимизда йил бошидан бери 700 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси cодир бўлган. Шаҳар кўчаларида 396 554 та қоидабузарлик ҳолати қайд этилган. Шулардан 97 174 таси қўпол қоидабузарлик, 30 040 таси маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, 198 316 та ҳолатда транспорт воситасини хавфсизлик камарини тақмасдан бошқариш оқибатида келиб чиққан, 763 та ҳолатда эса ҳайдовчилар йўл-патруль хизмати инспекторларининг талабларига бўйсунмаганлар.
Жорий йилнинг 6 ойида мамлакатимизда рўй берган йўл-транспорт ҳодисаларнинг 871 тасида 943 нафар одам ҳалок бўлган, яна кўплаб инсонлар жароҳатланган.
Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, бу борада вазият ўта жиддий. Шу сабали бу соҳада яқин вақтлар ичида кескин ўзгаришларни амалга оширмаса бўлмайди.
Биз қонун талабларини ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ҳайдовчиларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш тарафдоримиз. Сизнинг бу борадаги фикрингиз бизни қизиқтиради, албатта. Демак, мавзу юзасидан мулоқотимиз давом этади. Сизлардан таклиф ва мулоҳазаларингиз битилган хат-хабарлар кутиб қоламиз.

Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“ДЎРМОНАВТОЙЎЛ” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти диққатига!...
01 янв 1970
Энди борсам раҳбарларни топа олмаяпман. Улар телефон қўнғироқларимга ҳам жавоб беришмаяпти....
01 янв 1970
Барчамизга маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига 25 йил тўлади....
01 янв 1970
Бухоро вилоятида солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга чек қўйиш мақсадида мунтазам рави...