Қолдирилган рейс ёхуд сохта чипталар билан саёҳатга бормоқчи бўлганлар

/
Ўзини ҳурмат қилган, ишнинг кўзини билган тадбиркорнинг олтин қоидаси бўлади: “Мижоз ҳамиша ҳақ. Мижознинг кўнглига йўл топиш — устувор мақсад, даромад эса ўз-ўзидан келади”.
Ҳаёт қарама-қаршиликлар, зиддиятлардан иборат бўлганидек, фаолиятида юқоридаги тамойилга амал қилмайдиган, диққат-эътибори фақатгина фойда кўришга қаратилган “ишбилармон” шахслар ҳам топилади. Хусусан, сони кўп-у, аммо сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ёки мижозга қўл учида хизмат кўрсатиш эвазига даромад топиш илинжида бўлган бундай “уддабурон”ларнинг фаолияти одатда узоққа чўзилмай касодга учрайди.
Энг ачинарлиси, баъзан тадбиркор билиб ёки билмай фирибгар, бировнинг ишончини суиистеъмол қилувчи шахсларни ишга қабул қилиши оқибатида ўзининг ҳам, мижозларининг ҳам кўнгли хира бўлиб қолиши ҳоллари учраб туради. Фирибгар ходим иш берувчининг яқин кишиси бўлса-чи? Ундан ёмони бўлмаса керак.
2012 йилдан Назар Жамилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Бухоро шаҳрида “Муборак плюс Бухоро транс” МЧЖга қарашли авиакассани ташкил этиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК билан авиачипта бронлаш ва сотиш бўйича шартнома тузиб ишлаб келаётган эди. У ўзининг умр йўлдоши Нилуфар Жамиловани чипта сотувчи сифатида ишга қабул қилди.
Авиакасса бўлганидан кейин асосий масъулият чипта сотувчининг зиммасига юклатилади. Чипта сотувчи мижозлар билан бевосита мулоқот ўрнатади, уларга муайян йўналиш бўйича чипталар бор-йўқлиги ҳақида маълумот беради, зарурат туғилса, олдиндан буюртма қабул қилади, хуллас, мижозларнинг мушкулини енгил қилишга интилади. Ана шундай кунларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментининг Бухоро вилояти бошқармасининг режали текшируви ўтказилиб, натижада авиакасса томонидан валютани давлат ҳисобига конвертация қилишда камчиликларга йўл қўйилгани аниқланади. Шундан сўнг мазкур авиакассага нисбатан муайян миқдордаги валюта тўловини кирим қилиш тўғрисидаги мажбурият юклатилади.
Бундан тўғри хулоса чиқара олмаган, яъни давлат ғазнасига тушиши керак бўлган пулларни ўз вақтида ўтказмаган авиакасса ходимлари хатони тузатиш ўрнига навбатдаги катта хатога йўл қўяди. Хусусан, чипта сотувчи Нилуфар Жамилова чипта сўраб келган мижозларга сохта ёки бекор қилинган чипталарни сотиш эвазига давлат олдидаги қарзини узмоқчи бўлади.
Шундай қилиб, 2-3 ой оралиғида фуқаро Р.Юсуповга “Домодедово—Бухоро”, С.Зариповага “Тошкент—Нью-Йорк”, Ш.Пўлатовга “Тошкент—Шереметово—Нью-Йорк”, Ш.Саъдуллаев, И.Шарипова, Ф.Жумаев, Т.Салоевларга “Тошкент—Владивосток”, С.Баротовга “Бухоро—Санкт-Петербург”, Н.Қаноатовга “Бухоро—Домодедово”, И.Умировга “Тошкент—Истанбул”, З.Розиқовага “Внуково—Бухоро” йўналиши бўйича авиачипта расмийлаштириб беришини айтиб, улардан авиачипта учун белгиланган пулларни олиб, айримларига қалбаки, айримларига бекор қилинган авиачипта берган. Натижада фуқароларнинг жами 60.713.536 сўмлик маблағи ўзлаштирилган.
Бошқа авиакассаларга нисбатан арзон нархда чипта сотиб олганидан қувонган Тоҳир Салоевнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. У ўғли Анварга “Тошкент—Владивосток” йўналишидаги авиарейсга чипта сотиб олади. Бироқ Н.Жамилова унга 1-2 кун қолганида қўнғироқ қилиб, белгиланган кунда рейс қолдирилганини маълум қилади. Шундан сўнг авиачипта эгаси Н.Жамиловадан чипта пулини қайтариб беришни сўрайди. Бироқ “эрта, индин” деб ўзини олиб қочган Н.Жамилова ишни ижобий ҳал қилавермагач, фуқаро Т.Салоев Бухоро шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Суриштирса, унга ўхшаган чув тушганлар озчилик эмас экан...
Албатта, етказилган моддий зарар қопланиб, жиноятчи ўз қилмишига яраша жазосини оладиган бўлди. Айни пайтда бундай дилхираликнинг олдини олиш, эзгу мақсадларда ишини бошлаган тадбиркор буромад ўрнига даромад топиши мумкин эди-ку, деган фикр кишини ўйлантиради.
Бунинг учун сўзимиз бошида таъкидлаганидек, тадбиркор, энг аввало, мижозлари ишончини оқлаши лозим эди. Қолаверса, ҳар биримиз ўз фаолиятимизда қонунда белгиланган қоидаларга асосан иш юритишга одатланишимиз шарт.
Феруз ИБРАГИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг катта мутахассиси.
Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири
Lawanda 16:45, 03 февраля 2017
Brnilialce for free; your parents must be a sweetheart and a certified genius.
Bertha 10:16, 05 февраля 2017
Stay with this guys, you're helinpg a lot of people.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Коррупция муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўт...
01 янв 1970
2017 йилнинг 19 май куни ота-онаси ва укалари билан Чирчиқ шаҳрида ижарада яшовчи қашқадарёлик Нодир Ўткиров Юнусободдаги “Универсам” б...
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди. 
01 янв 1970
Миллий қонунчиликка биноан давлат болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, уларни ҳимоя қилади, шунингдек, ота-оналардан вояга етмаган фар...