Сиёсий партия – эҳтиёж ҳосиласи

/
Сиёсий партия – эҳтиёж ҳосиласи
 
Сиёсий партия атамаси грекчадан таржима қилинганда “давлатни бошқариш санъати” деган маънони касб этади. Партия бу инсонлар жамланмаси бўлиб, улар сиёсий ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилганлар, ўз вакиллари орқали маҳаллий ва давлат даражасидаги бошқарувни қўлга олишга интиладилар. Партия ўз дастури ва ғояларига эга бўлади. Фуқароларни ўз ғоялари ортидан эргаштириш учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради.
 
Сиёсий партия иерархик сиёсий ташкилотдир. У ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, миллий-маданий, диний ва бошқа манфаатлар ва идеалларга эга бўлган шахсларни ихтиёрий равишда бирлаштиради.
 
Инсонларнинг бирор манфаат остида гуруҳларга бўлиниши ибтидоий жамиятда ҳам бўлган. Демак, партиялар кишилик жамияти билан бирга туғилган. Партия қадимий ва тарихий эҳтиёждир.
 
Замонавий партиялар тарихи ХIХ асрдан бошланади. Чунки айнан шу даврда бир қатор ўарб мамлакатларида умумий сайлов ҳуқуқи жорий қилинди. Сайловлар орқали давлат ҳокимияти ўрнатилди. Кўриб турибсизки, ҳуқуқнинг ривожланишига бўлган эҳтиёж сиёсий партияларнинг ташкил топишига туртки бўлди. Бундан хулоса шуки, ҳуқуқий мустаҳкамликка эришиш учун партиялар керак.
 
ХIХ аср ўрталарида Европада либераллар биринчилардан бўлиб ўзларининг мафкуралари ва парламент фракциялари билан сиёсий ташкилотларини яратишди. Илк партиялар сирасига Германиядаги Прогрессив партия ва Бельгия Либерал партияси киради. Кейин эстафетани консерваторлар қўлга олди. Англияда Консерватив клуб ташкил этилди. Аммо клуб ўзини партия эмас, балки “хайрихоҳлар бирлашмаси” деб атади. Сайлов ҳуқуқининг янада кенгайиши уларни ўз ташкилотларини ташкилий жиҳатдан кучайтиришга ундади.
 
У пайтларда партиялар икки турга бўлинарди: парламент партия­лари ва парламентдан ташқари партиялар. Буюк Британиянинг Ишчилар партияси дастлаб шунчаки ташкилот сифатида пайдо бўлиб, кейин парламент партиясига айланди. Конс­титуциявий мухолифат анъанаси нисбатан кейинроқ жорий қилинган. Европа мамлакатларида кўп партиялар парламентдан ташқарида пайдо бўлиб, дастлаб турли клублар, талабалар ташкилотлари, касаба уюшмалари, деҳқон кооперативлари сифатида иш юритган.
 
ХХ аср бошларида Европа қитъасида консерватив гуруҳлар шаклланди. Улар, аслида, либерал партияларга қарши реакция сифатида пайдо бўлди. Бу сиёсий партиялар ўртасидаги илк рақобатдир.
 
Сўнг партиялар марксистик мафкура асосида вужудга келди ва ривожланди. Аввалига улар сайловда ғалаба қозониш ва шу тариқа ҳокимиятга эга бўлиш мақсадида сайлов кампания­ларида қатнашишга интилмади. Бинобарин, улар ҳали бу учун реал имкониятларга эга эмас эдилар. Кейинчалик кучайиб, росмана фаолиятига киришдилар ва ўз дастурий мақсадларини илгари сурдилар.
 
Жумладан, меҳнат партиялари — капиталистик тузумга қарши; аграр партиялар — саноат ислоҳотларига қарши; хрис­тиан партиялари — дунёвий ҳаракатларга қарши; коммунистик партиялар — монархия ва либерал ҳаракатларга қарши; фашистик партиялар — демократиянинг барча шаклларига қарши кураш руҳида вужудга келди.
 
У пайтда электорат тушунчаси бошқачароқ эди. Партияни узоқ вақтдан бери қўллаб-қувватлаётган қатлам ва сайловда доимий равишда овоз бераётган сайловчилар унинг электоратига айланадилар.
 
Европадаги социал-демократик ва коммунистик партияларнинг анъанавий ижтимоий базаси ишчилар синфи эди; либерал-демократларни ўрта қатламларни (ишчилар, зиёлилар, кичик тадбиркорлар ва бошқалар) қўллаб-қувватладилар; аграр партиялар деҳқончиликка суянган; консерватив позицияларни эгаллаган партиялар йирик мулкдорлар, деҳ­қонлар ва ўрта синфларнинг қўллаб-қувватлашларига эга бўлишган.
 
Ҳар бир партия маълум бир ижтимоий гуруҳ манфаатларини ҳимоя қилиш учун яратилган. Аста-секин у тобора кўпроқ сайловчилар қатламини жалб қила бошлайди. Натижада партиялар турли хил ижтимоий гуруҳларнинг манфаатлари ифодаланган уюшмаларга айланади.
 
Бугунги кунда бир нечта партиясиз давлатлар мавжуд. Булар мутлақ монархиялар: Уммон, Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания, Бутан.
 
Яна бир қизиқ ҳолат. Дунё бўйлаб сиёсий партиялар ўзларини маълум ранглар билан боғлашади. Аксарият ҳолларда ранг сайловларда жалб қилиш мақсадида қўлланилади. Қизил сўлларнинг ранги: коммунистлар, социалистлар. Консерватив партияларнинг ранглари — кўк ва қора. Пушти одатда социал-демократларга ишора қилади, сариқ либерализмнинг рангидир. Яшил ранг экологлар ва исломий партиялар билан боғлиқ. Бинафша ранг монархиянинг ранги ҳисобланади. Жигарранг одатда фашистик ва неонацист партиялар билан боғлиқ, қора ранг эса анархистларнинг рангидир.
 
Белгилар партиянинг муваффақиятига жиддий таъсир кўрсатади. Социалистик партияларнинг классик тимсоли қизил атиргулдир. Коммунистлар ўроқ ва болға ишлатишади. Кенияда 2005 йилда ўтказилган референдумда конституция тарафдорлари бананлардан ўзларининг рамзи сифатида фойдаланишган. Рақиблари эса апельсинларни белги қилиб олишган.
 
Юқорида таъкидланганидек, сиёсий партиялар жамиятдаги эҳтиёж ўлароқ вужудга келган. Чинданда инсонлар ўз ғояларини илгари суришда гуруҳлар, бирлашмаларга ҳожатманддир. Сиёсий ташкилот эса ана шу ғояларни реал ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашади.
 
Бугунги кунда ҳам сиёсий партияларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни юқори. Улар аҳолининг сиёсий саводхонлигини ошириш, халқни парламентга яқинлаштириш, уларнинг истакларини ҳукуматга тақдим этишда кўприк вазифасини бажариб келмоқда. 
 
Д.АЛИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги пайтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи кўтарилиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. ...
01 янв 1970
Ёхуд йўл-транспорт ҳодисасидан жабрланган фуқароларнинг манфаатлари ҳимоя қилинмайди... (ми?)...
01 янв 1970
Юртимиз равнақи, истиқболи, келажаги учун, миллатимиз бахт-саодати учун эзгу ишларни амалга ошириб кетган улуғ инсонлар номлари, хотиралари халқими...
01 янв 1970
АнДТИ ректори Мадамин Мадазимов бошчилигидаги институт делегацияси Росток университетининг 600 йиллик юбилей тадбирларида иштирок этиш, мазкур нуфу...