Инновацион таълим қандай бўлиши керак?

/
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида эътироф этилган давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилишдек долзарб вазифаларни амалга ошириш инновацион ривожланишнинг кўлами ҳамда суръатига боғлиқ эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси шундан далолат бермоқдаки, инновацион ривожланиш инсонларда, хусусан, турли ташкилот, корхона ва фирма ходимлари, мутахассисларида инновацион билимларга асосланган фаолият билан шуғулланиш имкониятини, ваколатини ҳамда муайян амалий тажрибани шакллантиришни тақозо этади. Бошқача айтганда, инновацион ривожланиш “инновацион инсон”ни шакллантиришни талаб этади.
Инновацион инсон кенг маънодаги ибора бўлиб, у мамлакат ҳар бир фуқаросининг ижтимоий ҳаётда, иқтисодий тараққиётда, фан ва технологиялар ривожланишида рўй бераётган ўзгаришларнинг фаол ташаббускори, яратувчиси бўлишини ва бу ўзгаришлар унинг ҳаётий принципларининг ажралмас қисми бўлиб қолишини англатади. Бу ҳар бир инсон инновацион муҳитда ўзининг қобилияти, қизиқиши, салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажара олиши талаб қилинади деганидир.
Инновацион муҳит инсонларга жуда юқори талабларни қўяди, улар ичида энг асосийлари қуйидагилардан иборат:
– узлуксиз таълим тизимига тайёр бўлиш, ўз устида тинимсиз ишлаш, мустақил таълим олиш билан шуғулланиш, доимо янгиликка интилиш;
– таҳлил қилиш, танқидий фикрлаш хислатларини қарор топтириш, жамоада ишлаш лаёқати борлигини кўрсатиш, рақобатбардошлик муҳитида фаол бўлиш кўникмасини намоён этиш, ишга ижодий ёндашиш;
– хорижий тилларни глобал миқёсда кенг мулоқот қилиш учун пухта эгаллаш, жаҳон ҳамжамияти халқаро тил сифатида тан олган тилларда эркин суҳбат қуриш қобилиятига эга бўлиш.
Қайд этилган қобилият ҳамда сифатларни шакллантиришда давлатнинг нафақат бир соҳадаги (таълим соҳаси назарда тутилмоқда), балки ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларидаги муҳитни ўзгартириб, инсонларнинг қобилиятларини тўла намоён қила оладиган ҳамда меҳнати рағбатлантириладиган шароитни яратишга қаратилган сиёсати бўлиши лозим.
Юқорида қайд этилган талабларга жавоб берадиган “инновацион инсон”ни шакллантириш вазифаси мамлакатимизда давлат томонидан амалга оширилаётган таълим соҳасидаги сиёсатнинг муҳим йўналишларини, айниқса, олий таълим соҳасини тубдан модернизация қилишни талаб этади.
2018 йилнинг 24 октябрида олий таълим соҳаси вакиллари иштирок этган мажлисда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев бу соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг ечимини топиш борасида сўз юритди.
Республика таълим соҳасини инновацион йўналишда ислоҳ қилишда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим.
Биринчидан, таълим тизимининг дастлабки босқичи (мактабгача таълим тизими)дан бошлаб унинг мазмун-моҳияти, технологияси, методлари, усуллари юқорида қайд этилган, инновацион фаолият учун зарур бўлган сифат ҳамда хусусиятларни шакллантиришга йўналтирилган бўлиши лозим. Бу борада муҳим аҳамият касб этадиган вазифа — глобал миқёсда рақобатбардош бўлган педагоглар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва менежерларнинг янги тоифасини шакллантиришдир. Бу ўта мураккаб ҳамда долзарб вазифани ҳал этишда асосий эътибор, таълим тизимининг узлуксиз бўлишига, иқтисодий фаол аҳолининг, ходим ва мутахассисларнинг ўз малакаларини доимий равишда ошириб боришларини рағбатлантиришга (ҳар йили ўртача 15-20 фоиз ходимнинг малакасини оширишга эришиш), бунинг учун қулай шарт-шароит яратилишига қаратилиши лозим.
Бугунги кунда технологик ривожланишнинг тезкорлигини, олинган билимларнинг тез эскириши, қадрсизланишини, иқтисодий тизимда бўлаётган тузилмавий ўзгаришлар суръатини инобатга олган ҳолда таълим тизими ўқувчиларда тезкор, танқидий таҳлил қилиш қобилиятини, катта ҳажмдаги янги ахборотларни қабул қилиш, ўзлаштириш ва улардан самарали фойдаланиш хусусиятларини шакллантириши лозим. Ҳаёт талабига жавоб бераман деган инсон, шароит тақозо этса, фаолият турини бир неча бор ўзгартириш хусусиятига ҳам эга бўлиши шарт.
Иккинчидан, ёшларнинг инновацион тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантирувчи тизимни яратиш. Бу тизимда асосий эътибор: биринчидан, ёшларга, олий ўқув юртларида таълим олаётган талабаларга техник ҳамда мутахассисликлар бўйича қўшимча дастурлар яратиш.
Ёшлар орасида турли конкурслар, форумлар, олимпиадалар ўтказиш, иқтидорли ўқувчиларни ўрта таълим тизимининг юқори босқичларидан бошлаб илмий фаолиятга жалб қилиш тизимини яратиш зарур. Олий таълим муассасаларида мактаб ўқувчилари учун илм-фаннинг турли йўналишлари бўйича кундузги, сиртқи курсларни ташкил этиш. Қишлоқ мактабларидаги ўқувчиларни (камида 20 фоизини) ана шундай курсларга жалб қилиш мақсадга мувофиқдир.
Учинчидан, жамиятда инновацион фаолиятнинг обрўсини ошириш, инновацион маданиятни тезкор шакллантириш лозим. Бу борада ижтимоий хизмат кўрсатиш турларининг буткул янги кўринишлари (инновацион музейлар ташкил этиш, замонавий кинотеатрлар қуриш, интерактив сервисни кенгайтириш, таълим тизимининг буткул янги инфратузилмасини яратиш) ва бошқаларни жорий этиш давр талабидир. Инновацион маданиятни шакллантириш янада сермазмун, оммабоп, маърифий телерадио кўрсатув ва эшиттиришларини кўпайтириш, автоматлаштирилган электрон ахборотлар манбаларига кенг йўл очиб беришни тақозо этади.
Инновацион фаолиятни юксалтириш, таълим тизимини такомиллаштиришда илмий оммабоп китоб ҳамда журналлар, айниқса, ёшлар, ўсмирларга мўлжалланган нашрлар кўплаб яратилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Мактаб ўқувчиларини илм-фан, техника соҳасидаги ютуқлар билан таништириб бориш, уларда билимга бўлган қизиқишни уйғотади, талантли ёшларни аниқлаш имконини беради ҳамда уларда илмий фаолият билан шуғулланишга қизиқиш уйғотади.
Тўртинчидан, мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларда йиллар давомида инновацион ривожланиш борасида мисқоллаб йиғилган анъаналарни, тажрибаларни, ютуқларни ҳисобга олган ҳолда таълим сиёсатини юритиш. Қайд этилган вазифаларни самарали ҳал этиш давлат, илм, таълим, бизнес соҳаси вакиллари ҳамда фуқаролик институтлари билан узвий ҳамкорликни тақозо этади. Бу ҳамкорликни амалга ошириш механизми мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан фан, таълим соҳаларида, тадбиркорликни ривожлантириш борасида ишлаб чиқилаётган давлат дастурларидан иборат бўлиши лозим.
Бугунги кунда таълим тизими ҳамда илм-фан, инсоният тараққиётининг асоси, инсон капитали ривожланишининг кафолати, ҳар қандай давлатнинг янги босқичга кўтарилишини таъминловчи кучга айланди.
Ўзбекистоннинг яқин ўн йиллардаги ривожи жамият аъзоларининг барчасини кенг маънода ўқимишли қилиш, бу ўзгарувчан оламда ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун имкон яратишга боғлиқ. Бунга мамлакатда ишлаб чиқилиши керак бўлган “Таълим концепцияси” асос бўлиши мумкин. Ушбу концепцияда ишлаб чиқилган таълим тизимининг мақсади, вазифалари, принциплари ҳозирги даврдаги глобаллашув жараёнларининг, мамлакатни инновацион ҳамда информацион ривожланишининг талабларига мос бўлиши лозим.
Инновацион таълим тизими мамлакатда интеллектуал қатламни яратишга, ҳар бир инсоннинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилиши керак. Айни пайтда, бу таълим тизими барчага баробар очиқ ҳамда юқори сифат даражасида бўлиши лозим. Инновацион таълим нафақат инсонларнинг касбий ўсишини, ижтимоий мақомини, балки улар ҳаётининг мазмунини ҳам белгилаб бериши керак.
Бир сўз билан айтганда, инновацион таълим инсонда мустақил ҳамда ижодий фикрлашни тарбиялаш билан бир қаторда, у инсоннинг ўзини намоён этишига, тинмай илмга интилишига, янги-янги билимларни ўзлаштиришига, инновацион маданиятнинг шаклланишига хизмат қиладиган тизим бўлиши лозим.
Абдуғаффор ОРТИҚОВ,
партия эксперти

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон — бундай муаззам ўлкада яшашнинг ўзи катта бахт. Чунки юртимизда тинчлик, осойишталик ҳукмрон....
01 янв 1970
Барча етук шоир ва адиблар сингари Бобур ҳам фақат алоҳида шахс тақдири билан эмас, балки бутун халқ маънавий, ахлоқий ҳаёти билан қизиққан....
01 янв 1970
Мамлакатимизда сўнгги икки йилдан иборат қисқа вақт ичида 160 дан ошиқ йирик саноат объектлари ишга туширилди....
01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...