AVTOTEST нима ўзгарди?

/
Маълумки, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича чиқарилган қарор аҳоли орасида кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Кимдир бу тадбирни ёқлаётган бўлса, бошқа биров бу ҳеч қандай ўзгаришга олиб келмаслигини таъкидлайди. «Адолат» ижтимоий-сиёсий газетасида ҳам ушбу мавзу юзасидан бир неча мақола ва мутахассислар билан суҳбатлар эълон қилинган эди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 февралда "Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги янги қарори эълон қилинди. Унга кўра, содда тилда айтганда, аввал “Автотест” МЧЖга берилган монопол ваколат бекор қилинди, мазкур фаолият тури билан бошқа ўқув муассасалари ҳам шуғулланишига рухсат берилди.
Бироқ бир қатор саволлар ҳамон очиқлигича қолмоқда. Шу сабабли биз яна мавзуга қайтиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Акмал Раҳимов билан суҳбатлашдик.
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 февралдаги “Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жамоатчилик ўртасида анчадан буён баҳс-мунозарага сабаб бўлиб келаётган ҳайдовчиларни қайта ўқитиш масаласига кутилган даражада аниқлик киритмагандек. Яъни, тушунишимизча, қарорда юртимизда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи “Автотест” инновацион автомактабининг монопол ҳуқуқи бекор қилинган, холос. Айтинг-чи, мутахассис сифатида қарордан келиб чиқадиган хулосалар, натижалар нималардан иборат, деб ўйлайсиз?
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги 139-сонли қарорига асосан 2018 йил 1 июндан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш фаолиятини нафақат “Avtotest Report” МЧЖ, балки махсус лицензияга эга бўлган давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим муассасалари ва бошқа юридик шахслар ҳам амалга оширишлари мумкинлиги қайд этилди. Бундан ташқари, автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара(прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахсларнинг малака оширишлари шарт эмаслигини ҳам ўзгариш сифатида қабул қилиш мумкин. Қарорда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг маъмурий жазо муддати ниҳоясига етгач ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширгунига қадар малака оширишлари шартлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Бу ўз навбатида, автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиши бўйича жавобгарлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда хўжалик юритувчи субъектларнинг барчаси иштирок этиши учун тенг имкониятлар тақдим этади.
— Қарорда ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш муддати, тўланадиган маблағ миқдори ва тўловчи ҳам ўзгаришсиз қолдирилган. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
— Юртимизда автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сонли қарори билан тасдиқланган бўлиб, ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш муддати ушбу қарор билан белгиланган.
Ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш учун тўланадиган пул миқдори эса ҳар бир ўқув ташкилоти томонидан мустақил белгиланади. Ўйлаймизки, бундай жараён соғлом рақобат муҳитининг вужудга келишига замин яратади.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, ушбу қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сонли қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартишлар киритилган. Унга кўра, юридик шахсларнинг автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака оширишлари иш берувчининг, бошқа шахсларнинг эса ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.
— Қарор лойиҳаси тайёрланаётганда жамоат ташкилотлари, ҳайдовчиларнинг фикр-истаклари эътиборга олинганми?
— Албатта, авваламбор ушбу қарор лойиҳаси кўплаб фуқаролар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қилган мурожаатларидан келиб чиққан топшириқ асосида тайёрланган. Кейинги жараёнда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутахассислари томонидан чуқур ўрганиб чиқилганидан сўнг тасдиқланди.
Суҳбатни «Adolat» мухбири
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ жазони ижро этиш муассасалари ички ишлар органлари тизимидадир. ...
01 янв 1970
Давлат хизматининг барқарорлиги ва ишончлилиги мансабдор шахснинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда маънавий-ахлоқий фазилатларига ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
Ҳаётда ўйламай босилган қадам фақат ташвиш келтириши, оқибати ҳамиша аянчли якун топиши бор гап. Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермас экан....
01 янв 1970
Тилимизда “харидоргир”, “биринчи тоифали” ёки “арзон автомобиль давлат рақамлари” сингари сўз ва сўз бирикмалар...