Болангиз боғчага бормайдими, ҳоким бува?!

/
Ҳудудларда ўтказилаётган ўрганишлар, очиқ мулоқотлар чоғида аниқланган муаммоларни ҳал этиш партия депутатларидан алоҳида масъулият ва профессионал ёндашув билан иш олиб боришни тақозо қилади.
Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг ҳудуддаги мактабгача таълим муассасаларида ўтказган ўрганишлари, очиғини айтганда, ўз фаолиятимизга ҳам танқидий қарашимиз, депутатлик назоратини кучайтиришимиз лозимлигини кўрсатди. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур ўрганиш натижалари умумлаштирилиб, халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашининг “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси” ҳамда “Ижтимоий ва маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси” қўшма йиғилишида атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда мактабгача таълим муассасаларини такомиллаштиришга қаратилган жадал ислоҳотларни амалиётга йўналтириш борасида туманда талайгина камчиликлар, туман, вилоят миқёсида ҳал этиш зарур бўлган муаммолар мавжуд.
Хусусан, туманда мактабгача ёшдаги болалар 12 минг нафардан зиёд бўлишига қарамай, бор-йўғи 5 та мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда, ушбу масканларда 555 нафар болалар тарбияланмоқда, холос. Мавжуд мактабгача таълим муассасаларининг педагог кадрлар билан таъминланиши, моддий-техника базаси, тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам ҳаминқадар эканлиги афсусланарлидир. Мазкур МТМларда 38 нафар педагог кадрлар фаолият кўрсатмоқда, улардан 6 нафаригина олий маълумотли эканлиги кишини ўйга толдиради.
Ўрганишларда болаларни ҳар томонлама ривожлантириш, таълим-тарбия бериш, кўникма ва малакаларини шакллантириш ҳамда мактаб таълимига сифатли тайёрлаш бўйича “Мактабгача таълимга қўйиладиган Давлат талаблари” асосидаги 1-ярим йиллик билим, малака, кўникмаларини баҳолаш мониторингги олиб борилмаганлиги аён бўлди. Ваҳоланки, ушбу ўтказилган мониторинг бўйича таълим сифати самарадорлигини ошириш борасида аниқланган бўшлиқлар таҳлил этилиб, ўзлаштириши суст бўлган болалар билан ишлашга доир вазифалар белгилаб олиниши лозим эди.
Туман мактабгача таълим бўлими мудири Д.Амирова, тумандаги 4-, 8-мактабгача таълим муассасалари мудирлари сўзга чиқиб, йўл қўйилган камчилик ва сусткашликлар ҳақида ўз-ўзини танқид руҳида фикр билдиришди. Муҳокамалар чоғида қайд этилганидек, туманда мактабгача таълим тизими фаолиятини такомиллаштириш, тўпланиб қолган муаммоларга ечим топиш бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаш ва кечиктирмай амалга оширишни талаб этади. Шуни назарда тутиб, ушбу долзарб масалани халқ депутатлари Нуробод туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш бўйича “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси” ҳамда “Ижтимоий ва маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси”нинг қўшма қарори қабул қилинди.
Нодира БОТИРОВА,
халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

ТАҲРИРИЯТДАН: Бутун бошли туманда болаларнинг 5 фоизи (!) боғчага қатнайди, холос. Ҳойнаҳой, ўша ишлаётган мактабгача таълим муассалари ҳам туман марказида ёинки “намунавий” хўжаликларда жойлашгандир. Олис қишлоқлар-чи?.. Беихтиёр кўнгилда бир савол туғилади: ҳоким бува, сиз ва сизнинг қўл остингиздаги ходимларнинг, тумандаги катта-кичик раҳбарларнинг фарзандлари, неваралари боғчага боришни исташмайдими?  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Банк кредити ёрдамида барча зарур техникаларни сотиб олганмиз, артезиан қудуқ қазиб сув чиқарганмиз...
01 янв 1970
Интернетдаги ижтимоий тармоқларга қарамлик гарчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий реестрига касаллик сифатида киритилмаган бўлса-да, буту...
01 янв 1970
Вилоятимизнинг олис-яқин жойларидан Самарқанд туманидаги фермер ҳузурига тажриба ўрганиш учун келган ҳамкасблари, деққончилик мутахассислари бу ерд...
01 янв 1970
Тошкент шаҳрида доимий прописка, айниқса, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келиб, бирор ташкилот, муассаса ва корхоналарда меҳнат фаолиятини юр...