Хатони тузатиш лозим

/
(“I love Uzbekistan” ёки Ватанни инглизча севиш керакми?” мақоласи, “Adolat” газетаси, 2019 йил, 22 июнь 25-сон)
Яқинда “Adolat” газетасида эълон қилинган мазкур мақоланинг сарлавҳасиёқ эътиборимни тортди. Уни ўқир эканман, муаллифнинг фидойилик ҳисси билан йўғрилган фикр-мулоҳазалари менинг ҳам дилимдан кечди.
“I love Uzbekistan” деб ёзилган (аслида “love” сўзи ўрнида юрак шакли қўлланилган) лавҳани ҳудудларда ўрнатишга изн бераётган мутасаддиларнинг лоқайдлиги, масъулиятсизлиги афсусланарли, албатта. Мамлакатимиз ҳудудларида давлат идораларининг биносида ва бошқа жойларда ўрнатилган бу инглизча лавҳа миллионлаб юртдошларимиз, айниқса, болалар, ўсмирларнинг кўз олдида “оммавий маданият”ни тарғиб қилаётгани ундан-да ачинарли ҳолат. Юрак шакли “love” деган сўзнинг ўрнида қўлланилиши ҳам ғалати хулоса. Ҳар ҳолда инглиз тили изоҳли луғатида ҳам шундай деб изоҳ берилмагандир. Демак, бу лавҳа инглиз тили қоидаларига ҳам юзаки қараш оқибатида тайёрланган, дейиш мумкин.
Она Ватанга муҳаббат ҳақида сўз айтаётганда бундай енгил-елпи шакл-мазмундаги лавҳадан фойдаланиш ўринли эмаслигини биз-ку англаб етдик. Аммо мутасаддилар қачон тушуниб, ўз хатосини тузатиб қўйишар экан?
Ватанни севишга ундаш учун инглизча сўзларга юракча суратини аралаштириб лавҳа ўрнатиш керак эмас. Очиғи, биз ёшларни чалғитувчи бундай сўзлар ўрнига “Ўзбекистон — менинг Ватаним!”, “Сени севаман, Ўзбекистон!” деб ёзса, уни ўқиган барча ёшдаги юртдошларимиз бундан фахрланади.
Туманимиз марказида ўзбек тилида ўрнатилган лавҳадаги сўзларни ҳар гал ўқиганимда, ўзбек тили қанчалар гўзал, дейман ғурурланиб.
Инглизча лавҳани кўрганда хорижлик сайёҳларнинг истеҳзо билан қарашини тасаввур қиламиз ва хижолат тортамиз. Улар ўз юртларига қайтиб борганида шу ҳақда ҳам айтиб беришса, ажабмас. Шуларни ўйлаганда мутасаддилар давлат тилимизда ёзишмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, ана шу юракчали инглизча лавҳани ўрнатишмаса эди, дейсан куюниб.
Мақола муаллифи М.Бобоназарова бу ҳолат кўплаб зиёлиларда эътироз уйғотгани ҳақида ёзган. Зиёлилар маънавиятимизга масъул кишилардир. Демак, маънавиятимизга тўғри келмайдиган бу хатоликни тузатиш лозим. Шундай эмасми?!
Севинч ҲАЗРАТҚУЛОВА,
ўқувчи 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг бир қатор лойиҳалари асосид...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар” деб номланган учинчи бўлимида, кодекснинг 168-моддаси (Фир...
01 янв 1970
1991 йил. Тарих саҳифаларига бу сана юртимиз ҳаётида катта ўзгаришларга, буюк янгиланишларга бой йил сифатида муҳрланди....
01 янв 1970
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилмоқда....