Аҳоли саломатлигини асраш — муҳим вазифа

/
Холиджон КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Қаҳрамони

“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”. Бош қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган мазкур модданинг асосий моҳияти, яъни малакали ва сифатли тиббий хизматга эга бўлиш борасида ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига оид тамойил мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш тизимида ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотларда ўз ифодасини топди. Зотан, соғлом фуқаролар давлат ва жамият ривожланишига муносиб даражада ҳисса қўша олади.
Эътиборлиси, жорий йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан ўтказган учрашувда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири эканлиги, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом эттирилишини алоҳида таъкидлагани нафақат учрашувда иштирок этган биз, сенаторлар, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, балки ушбу учрашувга бағишланган кўрсатувни телевидение орқали кузатган халқимиз, ҳамюртларимизни мамнун этганига шубҳа йўқ.
Дарҳақиқат, Президентимиз учрашувда таъкидлаганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этиш, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳолига малакали хизмат кўрсатадиган, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича яхлит тизимни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бир неча йиллардан буён тиббиётнинг офтальмология йўналиши бўйича фаолият юритаётган соҳа вакилларидан бири сифатида айта оламан, биргина кўз касалликларини даволашга ихтисослашган офтальмология ва унинг замонавий йўналиши – кўз микрохирургияси соҳасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди.
Замонавий андозалар даражасида барпо этилган, кўз касалликларини эрта аниқлаш ва самарали даволаш борасида тараққий этган мамлакатларда қўлланилаётган юксак технологиялар амалиётга кенг татбиқ этилаётган Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказининг ташкил этилганини эътироф этмасдан бўлмайди. Бугунги кунда кўзни микрохирургия усулида даволаш амалиётининг яратилиши натижасида илгари даволаш имкони бўлмаган кўплаб беморларни мутлақо соғломлаштиришга эришилмоқда. Жумладан, катаракта, миопия касаллигини даволашда қўлланилаётган лазер жарроҳлиги усули, неоваскуляр глаукомани даволашда қўлланилаётган дренаж имплантацияси, шишасимон тана ва тўр парданинг оғир хасталикларини даволашда қўлланилаётган витреоретинал жарроҳлик амалиётлари бунга мисолдир.
Тиббиёт тизими вакиллари билан ўтказилган учрашувда Президентимиз соҳада эришилган ютуқлар билан бир қаторда касалликларни камайтириш, халқимизнинг саломатлик кўрсаткичларини янада ошириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмаслиги, бугун замон ўзгариб, одамларнинг тиббий маданияти юксалиши натижасида уларнинг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишига бўлган талаби ҳам ошиб бораётганлигини алоҳида қайд этар экан, “Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир”, дея алоҳида таъкидлаб ўтди.
Президентимиз ўз нутқида бугунги кунда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятида учраётган баъзи муаммоларга эътибор қаратар экан, ушбу ҚВПлар туну кун ишлаши лозимлиги, қолаверса, бундай муассасаларда тиббий ускуналарни ишлатадиган малакали мутахассислар етарли даражада эмаслиги, баъзи чекка ҳудудларда оддий қон топшириш учун туман маркази ёки шаҳарга боришга тўғри келаётгани хусусида куюнчаклик билан тўхталди. Давлатимиз раҳбари томонидан чекка ҳудудларда малакали мутахассислар етишмаётганлиги масаласи билан бир қаторда айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилаётганлиги, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ҳаммаси пойтахт — Тошкент шаҳрида жойлашгани қишлоқ аҳолисига муайян ноқулайликлар туғдираётгани кескин танқид остига олинди. Эътиборлиси, Президентимиз муаммоларга шунчаки тўхталмасдан, уларнинг ечимига оид аниқ ва самарали таклифларни илгари сурди.
Чиндан ҳам, республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларидаги қишлоқ врачлик пунктлари аҳолининг саломатликни сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида энг яқин маслаҳатхонаси, кўмакчиси бўлмоғи лозим. Бундай масканларда фаолият юритаётган умумий амалиёт шифокорларидан фуқароларнинг касалликлар, уларнинг сабаб ва оқибатлари, профилактикаси ва даволанишига оид саволларига тўлиқ жавоб бера оладиган салоҳият ва тажрибага эга бўлиш, бир сўз билан айтганда, бутун оила аъзоларига тиббий ёрдам кўрсата оладиган мукаммал шифокор сифатида фаолият юритиш талаб этилади. Назаримизда, оилавий шифокор ва ҳамширалар ўзларига бириктирилган ҳудуд аҳолисининг хонадонларига бориб, уларнинг ҳар бирлари билан алоҳида суҳбатлашиши, саломатликларини қатъий назорат остига олиши керак. Касалликнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, беморларни тор доирадаги мутахассисларга ўз вақтида йўналтириш, текширув натижалари ҳамда даволаш жараёнини қатъий кузатиб бориш, халқона айтганда, улар билан доимий мулоқот ўрнатиши лозим бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, халқимизнинг турмуш фаровонлиги, уларнинг саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилаш бўйича олдимизда турган вазифалар ҳали талайгина. Уларни нафақат тиббиёт соҳаси ходимлари, балки кенг жамоатчилик вакиллари, сенаторлар, депутатлар, шунингдек, маҳаллалар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорликда босқичма-босқич ҳал этишимиз даркор. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир инсоннинг улғайиб, вояга етишида ва ўз йўлини тўғри танлаб, жамиятда ўрнини топишида устозларнинг ўрни беқиёс....
01 янв 1970
Автомобиль транспорти Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқариш инфратузилмасининг энг муҳим таркибий қисмидир. ...
01 янв 1970
2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар” деб номланган учинчи бўлимида, кодекснинг 168-моддаси (Фир...