Ҳар кеча қадру ҳар саҳар Наврўздир

/
Наврўз — табиат қўйнида ўзгаришлар бошланган, яъни қишнинг қаҳратон совуқлари, аёзлари барҳам топиб, замин бағрига илиқлик инган, дов-дарахтлар, майсалар, новдалар уйғониб, куртаклар ниш ура бошлаган, сувлар шалдираб оқиб тоғу тошлардан ошиб далалар томон йўл олган, самода хуш саболар эсган, офтоб тафтидан атрофга насим ҳаволар таралган, ҳамалда тун билан кун тенг келган пайт, янги кун ҳисобланади.
Бу кун Шарқ давлатларида, хусусан, Марказий Осиё ва унга туташ мамлакатларда табиатнинг уйғониши, янгиланиши, ўзгариши билан биргаликда Янги йилнинг бошланиши улуғ байрам сифатида нишонланган. Бу улуғ байрамга бағишлаб халқ томонидан сайллар ўтказилган, куй-қўшиқлар тўқилган, турфа хил таомлар тайёрланган. Байрам муносабати билан халқлар, давлатлар ўртасида урушларга, одамлар орасида низоларга барҳам берилган. Инсонлар ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари қаттиқроқ боғланган. Деҳқонлар далалар бағрига йўл олганлар. Ерни шудгорлаш, уруғ қадаш, янги ҳосилга замин яратишга киришганлар. Боғ-роғларга, мевали дарахтларга оро берганлар.
Шунинг учун шарқ мутафаккирлари, шоирлари, илм аҳллари бу кун, бу байрамни улуғлаб асарлар ёзганлар. Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий “Китоб сурат ул-арз”, Абу Бакр Наршахий “Бухоро тарихи”, Абу Райҳон Беруний “Осор ул-боқия”, Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома”, Ҳаким ат-Термизий “Наврўзнома”, “Солнома”, Абу Бакр ал-Хоразмий “Рисолалар”, Умар Ҳайём “Наврўзнома”, Лутфий “Гул ва Наврўз” ва бошқа шу каби кўплаб улуғ аждодларимиз асарларида бу кун, унинг келиб чиқиши, хосияти, аҳамияти, байрам сифатида улуғланиши, тарихи, қайси халқлар томонидан қандай нишонланиши ҳақида турфа маълумотлар ёзиб қолдирганлар.
Умар Ҳаём “Наврўзнома” асарида бу куннинг пайдо бўлиши ва байрамга айланиши ҳақида шундай деб ёзади: “Исфандармуз ойида мевали дарахт ва ўсимликлар кўкара бошлайди. Офтоб бу ойда охирги Ҳут буржига етиб келади. Каюмарс вақтни ўн икки бўлакка бўлди ва йил ҳисобининг бошланишини белгилади. Бу орада тарихдан бир минг қирқ йил ўтди ва офтоб Фарвардиннинг биринчисида тўққизинчи бурж (Қавс)га кирди. Жамшид подшоҳлигининг тўрт юз йигирма биринчи йили ўтгач, бу давр тугади ва қуёш ўз Фарвардинида Ҳамалнинг бошига қайтиб келди. Шундай қилиб, дунё мувозанатга келди. (Яъни кун билан тун тенглашди. — Муаллиф изоҳи.) Биз эслатган бу кунда у байрам ташкил қилди, унга “Наврўз” деб ном берди ва одамларга ҳар йили Фарвардин келганда байрам қилишни ва ўша кунни Янги (йил) деб ҳисоблашни, қуёш турганча Наврўз ҳам барқарор бўлсин, деб буюрди”.
Наврўзнинг ниҳоятда қадимийлигини ва бу байрамнинг шарқ халқлари ҳаётида муҳим ўрин тутишини яна бир улуғ аждодимиз Абу Бакр Муҳаммад Наршахий “Бухоро тарихи” асарида ҳам эътироф этади. У Бухоро яқинидаги Варахша қалъаси ҳақида маълумот берар экан, шундай деб ёзади: “Бу ерда ҳар ўн беш кунда бир кун бозор бўлади, йилнинг охирида эса одамлар йигирма кун бозор қилиб, йигирма биринчи куни Наврўз — янги йил байрамини ўтказадилар. Буни “Наврўзи кишоварзон” — “Деҳқонлар наврўзи” дейдилар. Бухоро деҳқонлари (йил кунлари) ҳисобини ўша кундан бошлайдилар ва бунга эътибор берадилар. Оташпарастларнинг наврўзи ундан беш кун кейин келади”...
Бу маълумотлардан англашилиб турибдики, Наврўз — янги кун, табиатнинг уйғониш айёми сифатида барча даврларда улуғланиб келган. Деҳқонлар бу кунни ўз фаолиятларининг боши, экинлар экишнинг бошланғич куни деб қараган бўлсалар, оловни илоҳий куч деб билган зардуштийлар “Бу илоҳий куч Қуёшнинг бир парчаси, Қуёш эса “Оллоҳнинг жамоли”, куну туннинг тенг келиши Оллоҳнинг қудрати” дея улуғлаганлар ва бу кунни ўз динларининг асосий байрами сифатида нишонлаганлар. Оташпарастлар наврўзи деҳқонлар наврўзидан беш кун кейин келиши ҳақида эса яна бир улуғ муаррих Абул Ҳасан Нишопурий “Хазоин ул-улум” асарида бошқа бир маълумотни ҳам келтиради. Маълумки, Сиёвуш отаси Кайковус ёнидан узоқлашиб Афросиёб ҳузурига келади. Афросиёб унга қизини ва мулкидан бир қисмини беради. Сиёвуш Бухоро ҳисорини бунёд қилдиради. Лекин Афросиёб ёмон одамлар қутқуси билан Сиёвушни ўлдиртиради. Уни ўзи бино қилдиртирган Бухоро ҳисорининг ичига “Дарвозаи ғуриён” деб аталган дарвоза яқинига дафн қилишади. “Шу сабабли Бухоро оташпарастлари ўша жойни азиз тутдилар, — деб ёзади муаррих, — ва унга атаб ҳар бир эркак киши ҳар йили Наврўз куни қуёш чиқишидан олдин ўша жойда биттадан хўроз сўяди. Бухоро аҳолисининг Сиёвуш ўлдирилишига бағишлаб айтган марсиялари бўлиб, у барча вилоятларда машҳурдир. Қўшиқчилар уни “оташпарастлар йиғиси” дейдилар. Бу гаплар бўлганига ҳозир уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтди”.
Агар муаррихнинг бу маълумотлари ҳақиқат деб эътироф этиладиган бўлса, Наврўзнинг байрам сифатида нишонланиб келинаётганининг ўзи 4-5 минг йиллик тарихдан гувоҳлик беради. Бу тарихий маълумотлар Наврўз байрамининг нафақат қадимийлигини, балки унинг туб илдизлари, келиб чиқиши юртимиз билан боғлиқлигини ҳам исботлайди. Наврўз қайси замон, қандай даврон бўлмасин, юртимизда кимлар ҳукмронлик қилмасин, барча даврларда буюк қадрият сифатида улуғланиб келган. Ўлкамизга босқинлар ва бу байрамга нисбатан тақиқлар ҳам уни халқимиз, миллатимиз қалбидан ўчира олмаган. Бу байрам биз учун ҳаёт абадийлигини, табиатнинг яшариш, янгиланиш қудратини, саховатини, аждодларимизнинг ўлмас мероси бўлган урф-одатларимизни, қадриятларимизни намоён этувчи байрам сифатида яшаб келмоқда. Энг муҳими, унда халқимизга, миллатимизга хос юксак инсонийлик, меҳр-мурувват, оқибат, саховатпешалик, бағрикенглик, самимийлик каби қадриятлар намоён бўлмоқда.
Наврўз юртимизга ҳар доим баҳорий ўзгариш, яшариш, гўзаллик билан кириб келган. Табиатдаги гўзаллик байрамга айрича шукуҳ бағишлаган. Шу аснода кўнгилга мутасаввуф шоир Фаридиддин Атторнинг
Гул чеҳрасида насими
Наврўз хушдир,
Гулшан аро рухсори
дилафрўз хушдир.
Паҳлавон Маҳмуднинг
Ҳар бир куни умрингни
ёруғ юлдуздир,
Ҳар кеча қадру ҳар саҳар
Наврўздир.
Ёки улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг
Зулфу рухсор ила комингга
мени еткурсанг,
Ҳар тунинг қадр ўлубон,
ҳар кунинг ўлсин Наврўз,
деган гўзал байтлари келади. Одатда, Наврўз арафасида табиатдаги уйғониш одамлар қалбида ҳам акс-садо беради. Хонадонларда, кўча-кўйларда, маҳаллаларда, қишлоқ ва овулларда, шаҳарларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тозалаш, орасталик ишлари бошланиб, булар умумхалқ ҳашарларига улашиб кетади.
Бу йилги Наврўз байрами мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ҳам кўплаб бунёдкорлик ишлари, яратувчиликлар, янгиланишлар амалга оширилган, улкан ўзгаришлар юзага келган ҳолда кутиб олинмоқда. Тошкент шаҳрида барпо этилаётган метро йўллари, Сергели туманидаги уй-жойлар, Металлургия заводи, «Toshkent city», «Olmazor city», Жиззах вилоятида қад ростлаётган автомобиль заводи, “Mega invest industrial” қўшма корхонаси, Қорақалпоғистонда Мўйноқ шаҳридаги қурилишлар ва Орол денгизининг сувсиз сатҳи ўрнида яшил зоналарнинг яратилаётгани, Хива ва Бухоро, Самарқанднинг туризм шаҳарларига айлантирилаётгани, Наманган, Қашқадарё вилоятларида йирик саноат мажмуаларининг тикланаётгани, Сурхондарё, Фарғона, Андижон вилоятларидаги аграр, саноат соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Навоий вилоятида қурилаётган янги саноат корхоналари, юртимизнинг турли ҳудудларида барпо қилинадиган атом электр станциялари, мактаблар, олий ўқув юртларининг бинолари ана шу бунёдкорликларнинг бир қисми ҳисобланади. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг кўплаб қишлоқлари, маҳаллаларида “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари асосида амалга оширилаётган қайта қуриш, ободонлаштириш ишлари натижасида юзага келаётган кўркамликлар, гўзалликлар ҳам ҳар қандай одамнинг қалбида Наврўз насимлари каби қувонч уйғотади.
Президентимиз шу йилнинг ўзида Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Наманган ва Навоий вилоятларига, Тошкент шаҳрининг бунёдкорлик масканларига ташриф буюриб, амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан танишди. Бу ерларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қилиниши зарур бўлган янги вазифаларни белгилаб берди, фойдаланилмаётган имкониятлардан фойдаланиш йўлларини кўрсатди. Бугунги бунёдкорликлар, яратувчиликлар келажакнинг мустаҳкам пойдевори эканлигини алоҳида таъкидлади. Наврўз байрами эндиликда халқимизнинг маънавий қудратининг, қадриятларининг, урф-одат, анъаналарининг қанчалик юксак эканлигини намоён қилса, мамлакатимизда қад ростлаётган улуғвор иншоотлар, бинолар, саноат корхоналари, ташкил этилаётган аграр хўжаликлари юртимизнинг келажаги буюк эканлигидан дарак беради.
Эътибор беринг, мамлакатимизда кейинги йилларда 21 та эркин иқтисодий зона ташкил этилган. Бунинг аксарияти саноат ва аграр соҳага ихтисослашган эркин иқтисодий зоналардан иборат. Айни пайтда фармацевтика, туризм, спорт, болалар спорти билан боғлиқ эркин иқтисодий зоналар ҳам вужудга келган. Ушбу зоналардаги корхоналарнинг кўпчилиги хорижий мамлакатлар корхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилиб, маҳсулотларининг асоси қисмини экспорт қилмоқдалар. Энг муҳими, ана шу эркин иқтисодий зоналарда халқимиз учун 43 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Ҳар бир байрамга, тўйга тўёна билан бориш халқимизга хос одат. Юқоридаги айтганимиз катта бунёдкорликлар ушбу байрамга муносиб тўёналар ҳисобланади. Айни пайтда, юртимизда, пойтахтимиз Тошкентда ушбу муборак байрамга атаб яна бир совға тайёрланмоқда. Шаҳарнинг қоқ марказида ушбу байрам тантаналари ўтказиладиган “Наврўз” боғи яратилмоқда. Бу боғ бағрида байрам тантаналари қадим қадриятларимизга ҳамоҳанг тарзда, юксак ва кўтаринки руҳда ўтишига шубҳа йўқ!
Наврўз табиатни, кун ва тунни мувозанатга келтирувчи айём эди. Энди у инсонларни, халқларни, мамлакатларни, ҳаётни мувозанатга келтирувчи, барча яхшиликларни, гўзалликларни қарор топтирувчи байрамга айланди.
Бунёдкор элнинг, бунёдкор халқнинг улуғ байрами — Наврўз муборак бўлсин!
Камол МУҲАММАД ЁҚУБ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Вилоят ҳудуди икки томони тоғлар билан ўралган, ўртаси текисликдан иборат узун йўлакни эслатади. ...
01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг минглаб йиллар, кўп асрлар давомида шаклланган ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, одоб-аҳлоқ, таълим-тарбия борасида тўпланган бо...
01 янв 1970
Ҳозирги глобаллашув ва ривожланиш шароитида дунё бўйлаб табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда....
01 янв 1970
Келгусида Президентимиз, давлатимиз билдирган юксак ишонч ва эътиборга лойиқ бўлишни шарафли бурчим деб биламан....