Жонкуяр устоз

/
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Носир Нурназаров яқин кунларда 90 ёшини қарши олади. Каттақўрғонлик отахон ўз билим ва тажрибаси, дарс бериш маҳорати билан шогирдлари, фарзандларининг онг-шуурига маърифат ва эзгулик уруғини соча олган фахрий ўқитувчидир. Садоқатли ўқувчилар, издошлар, фарзандлар Носир Нурназаровдек фидойи, меҳнатсевар, талабчан ва меҳрибон инсоннинг панд-насиҳатларига амал қилиб, кам бўлишмади.
Носир бобонинг шогирдлари у кишини тез-тез йўқлаб туришади. Тўй-тадбирларни устоз билан маслаҳатлашмасдан ўтказишмайди.
Аввал Каттақўрғон педагогика билим юртини битирган ва ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, СамДУнинг тарих-география факультетида таълим олган Н.Нурназаров меҳнат фаолиятини қадрдон мактабида ўқитувчи сифатида бошлаган. Кейинчалик мактаб директори, 5-МПУК раҳбари лавозимларида ишлади. Кўп йиллар давомида турмуш ўртоғи, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Шарофат Суюрова билан ҳамжиҳатликда минглаб шогирдларни тарбиялади.
Доимо меҳнат қилишга кўникиб қолган қаҳрамонимиз пенсияга чиқиб ҳам бўш ўтирмади. У кўп йиллар Жумабой (собиқ Чуянчи) фуқаролар йиғинида халқ назорати раиси, Чиғатой қишлоғида қарийб ўттиз йилга яқин маҳалла оқсоқоли бўлиб ишлади.
— Бугунги кунда ёшларнинг ҳар томонлама билим олиши, меҳнат қилиши учун яратилган шароитларни кўриб, уларга жудаям ҳавасим келади, — дейди Носир бобо. — Билим олиб, ишлайман деган одамга ҳамма шароит бор. Биз ёшлигимизда ҳозирги имкониятларни ҳатто хаёлимизга ҳам келтира олмасдик. Маҳаллада, мактабларда ёшлар билан учрашганда уларга ҳар доим ўқиш, изланиш, меҳнат қилишдан тўхтамасликларини айтаман. Бугунги ҳамма роҳат-фароғатчилик, ютуқларимиз, тинчлик-осойишталик замирида меҳнат ётганини қайта-қайта уқтираман.
Домланинг 4 фарзанди, 12 набираси, 9 чевараси бор. Фарзандларининг бири шифокор, яна бошқаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотда фаолият юритади. Бобонинг севимли набираси Султон Нурназаров эса спортнинг кикбоксинг тури бўйича Ўзбекистоннинг икки карра чемпиони, Осиё чемпионати совриндори.
— Бобомнинг тарбиясини олиб катта бўлдим, — дейди спортчи С.Нурназаров. — Ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди. Бобом мактабимизга бориб, кун давомида неча соат ўқисам, шунча вақт дарсимизда кузатувчи сифатида ўтирарди. Дарсларимиз тугагач, ўқитувчиларимизга дарс бериш бўйича турли тавсия-маслаҳатларини айтарди. Фикримча, набирасининг мактабда қандай ўқиётгани, кимлар билан дўстлашиб, ўзини қандай тутаётганини яқиндан кузатиш бўйича бобомдан ўтадигани бўлмаса керак...
Ҳаётимизда Носир Нурназаровдек куюнчак, фидойи, олижаноб, фаол бобо ва момоларимиз, юрт ривожи ва ёшлар тарбиясига бефарқ бўлмаган устоз ва муаллимларимиз бор экан, мамлакатимиз тараққий этишда, ҳамюртларимиз юксак марраларни эгаллашда давом этиши муқаррар.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун партиялар фаоллари, номзодлар билан сайловчилар ўртасидаги мулоқотлар чоғида битта фикр қайта-қайта тилга олинмоқда....
01 янв 1970
Ҳаётда бировни алдаб пулини олишдан лаззатланадиганлар ҳам учраб турар экан. Бу худди наркотик моддага ружу қўйиш билан баробар....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтди.