УСТОМОН ФИРИБГАР

/
Ҳаётда бировни алдаб пулини олишдан лаззатланадиганлар ҳам учраб турар экан. Бу худди наркотик моддага ружу қўйиш билан баробар. Ундай бўлмаганда одамларнинг пулини ғирромлик йўли билан ўзлаштирганлар биринчи маротаба судда жазо олганларидан сўнг бундай ишни қайта такрорлашмасди. Эркаклар ўртасида фирибгарликни касб қилганлар ҳақида кўп эшитганмиз. Аммо шу кунларда бу борада эркакларимизни ҳам ортда қолдираётган аёлларнинг кўзга ташланаётгани оддий ҳолга айланиб бормоқда.
Аёл киши бировнинг ўртасига тушиб, ишингни битириб бераман, фалон жойда танишим бор деб катта кетишининг ўзи ҳеч бир қолипга сиғмайди, аслида.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида фирибгарлик бобида анча-мунча эркакларга дарс берадиган ана шундай аёллардан бирининг жиноий қилмишлари қўриб чиқилди.
Мадина Назирбекова (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) кўп қатори бир оиланинг бекаси бўлиши мумкин эди. Бироқ ёшликдаги нотўғри тарбия унинг кейинчалик енгил пул топиш йўлини танлашига сабаб бўлди. Ота-она ва акаларнинг насиҳатлари унга заррача таъсир қилган эмас. Аксига олиб мактабда ҳам ҳаминқадар таҳсил олганди.
2013 йилда Мадина яқин танишларининг пул маблағларини алдов йўли билан олгани учун биринчи маротаба суднинг қора курсисида ўтирди. Суд уни қамоққа маҳкум этмади. Амнистия акти сабаб ҳатто судланганлик тамғасини ҳам олиб ташлади.
У бундан тўғри хулоса чиқариш ўрнига ҳеч нарса бўлмагандай ўрганган «касби»ни давом эттираверди. Орада турмушдан ажрашиб, вояга етмаган болаларини аро йўлда қолдиради.
Қаерга борса, ким билан танишса қандай муаммоингиз бор, машина, уй олиб беришда ёрдам берадиган акахонларим бор, бир оғиз айтсам ҳал қилиб беришади деб, мақтанишни одат қилди.
2017 йилнинг август ойида излаб юрган текин пишлоқни топди. Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирида ўғли, келини ва турмушдан қайтиб келган қизи билан яшаб келаётган Нозима опа билан яқиндан танишиб қолди.
— Кичкина ҳовлида шунча оила қандай яшайсизлар? — деб сўради опадан Мадина.
— Уй олиш учун ҳаракат қилаяпмиз. Ҳокимиятдагилар ишни чўзиш билан овора.
— Сергели туманида қурилаётган арзон уйлардан олиб бера оладиган, катта жойда ишлайдиган танишларим бор. Агар рози бўлсангиз улар билан гаплашиб кўраман. Фақат сал «йўталиб» қўядиган жойи бор-да.
— Уй олишимизга ёрдам берса рози қиламиз, синглим.
Орадан бир-икки кун ўтиб, Мадина Нозима опага уй масаласи ҳал бўлганини айтади.
— Бошланғич тўловни эса бугуноқ банкка тўлаш керак, паспорт нусхаларингизни ҳам беринг.
— Майли, агар алдашмаса берамиз.
— Улар ишончли одамлар, кейин сиздек уйга муҳтожларга квартира беришмаса кимга беради, опа. Бугуноқ банкка тўлаш учун тўрт минг доллар керак.
Бунга ишонган Нозима опа ўғли ва қизининг қаршилигига қарамай, тўрт минг доллар ва бир миллион сўмни Мадинанинг қўлига қўшқўллаб топширади. Бироқ орадан бир неча ой вақт ўтса-да, ундан қайта дарак бўлмайди. Шундан кейин улар фирибгарнинг домига тушганини тушуниб етишади...
Бу орада устомон аёл «иш»сиз юргани йўқ. Яна бир фуқаронинг ишончини қозонди. Аёлнинг макри қирқ туяга юк бўлади деганларидек, Мадинанинг устомонлиги бу сафар яна бир аёлни зор қақшатди.
Гап шундаки, у бу гал ўзи ва болалари билан ижарада турган хонадон эгасини чув туширади. Хонадан эгаси Анора Ачилова машина оламан деб, пул йиғиб юрган эди. Бундан хабар топган Мадина яна бир фирибгарлик режасини тузишга тушади. Бир дастурхон атрофида эрталабки нонуштани қилаётган пайтда Мадина хонадон эгасига агар унга ишонса, «Ласетти» русумли автомашинага шартнома олиб беришга ёрдам беришини таклиф этади. Анора Ачилова ҳам Мадинанинг «эртак»ларига ишонди. Фирибгарнинг қармоғига тушганлигини эса жуда кеч англаб етади.
Яқинда ушбу жиноятларни содир этган М.Назирбекова устидан суд ҳукми эълон қилинди. Судланувчининг қарамоғидаги вояга етмаган фарзандлари Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимлиги ҳузуридаги васийлик кенгашига берилди. М.Назирбековага эса беш йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Мавлон ҒОФУРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси,
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Башарият учун энг муқаддас тушунчалардан бири, шубҳасиз, Мустақилликдир.
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар” деб номланган учинчи бўлимида, кодекснинг 168-моддаси (Фир...
01 янв 1970
Замира опа — қиз узатган, келин туширган, неварали, қуда-андали аёл. Фарзандлари ҳам эсли-ҳушли, меҳнатсевар....
01 янв 1970
Мантиқан қараганда, ҳеч ким айнан асфальтда акс эттирилган одам оёғи изларидан қадамлаб юриб, дўкон, дорихона ёки хизмат кўрсатиш шохобчасига кириб...