“Қалбаки паспорт» эгалари судда оқланди

/
Инсон ўз ҳаёти, тақдирини ўзгартириб, уни мушкул аҳволга солаётган “далил”дан устун чиқиш учун нима қилиши керак? Бунинг учун қанча вақт курашиши керак?
Қаршилик Иброҳим ака ва унинг турмуш ўртоғи Сабоҳат опа бир парча қоғозни деб нега минг бир машаққат, изтиробга дучор қилинди?

...1991 йили Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келган бу оила Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Сахлак қишлоғида 2012 йилгача, халқимиз таъбири билан айтганда, “туб қўйиб, палак ёзиб” бўлган эди. Олти нафар фарзанд туғилиб, оила катталашган, маҳалла-кўйга ҳам сингиб кетишган эди.
Бу орада улар икки марта паспорт ҳам алмаштирди. Шунча вақт индамаган, қўлларига икки марталаб паспорт тутқазган туман «паспорт столи»дагилар 2012 йилга келиб оила бошлиқлари паспортлари ҳақиқийлигига шубҳаланиб қолди. Бунга қишлоқ фуқаролар йиғинида мавжуд бўлган фуқароларни қайд этиш дафтарида Иброҳим Солиев ва Сабоҳат Солиева исми-шарифлари ёзилган жойга кимдир бир парча қоғоз ёпиштириб қўйгани баҳона бўлди.
Оилада бу мавҳумликдан изтироб чекиш, идорама-идора, судма-суд чопишдек машаққатли кунлар бошланди. Ахир инсон паспортсиз ҳеч ким эмас. Ортга қайтишга ҳам йўл йўқ. Чунки 21 йилда қайтар йўл ҳам йўқолган эди. Қолаверса, бу оила Ўзбекистонга меҳр қўйган, унга чуқур сингиб, унинг бир бўлагига айланиб бўлган эди.
Наҳотки, ким ёпиштиргани номаълум бўлган шу парча қоғозни олиб ташлаб бўлмайди? Наҳотки, шу қоғоздан инсонни устун қўйиб бўлмайди?
Ҳа, бу саволлар олти йил жавобсиз қолди. Оила бошлиқлари нафақат паспортсиз, балки фуқароликдан ҳам маҳрум бўлди. Бироқ Иброҳим ака бошига тушган бу кўргуликка мутлақо кўнмади. Овораи сарсон бўлса-да, судга боришдан эринмади. Бу иш қайта-қайта кўрилди. Гарчи “қалбаки паспорт” эгалари ҳар сафар оғир жазога тортилмасдан, уларга амнистия қўлланилган ҳолда суд мажлиси тугаса-да, “судланувчи” бундай қарор билан келиша олмади. Чунки у айбсиз эканига, паспортини қайтариб олишига ишонарди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев фуқароларимизнинг судма-суд овораю сарсон бўлиб юриши каби салбий амалиётга барҳам бериш, суднинг адолатли қарорлар қабул қилиш борасидаги масъулиятини ошириш зарурлигига эътибор қаратаётгани Солиевлар оиласига катта умид берди.
2018 йил январь ойида Солиевларнинг суди Қашқадарё вилояти Нишон туманида бўлиб ўтди.
– Ишдаги барча ҳолатлар, оила бошлиқларининг мамлакатимизда узоқ муддатдан бери истиқомат қилаётгани, аввал паспортлари мавжуд бўлгани, фуқаролар йиғинидан ижобий тавсифлангани инобатга олиниб, суд уларни оқлаш керак, деган тўхтамга келди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди раиси Илҳом Раҳмонқулов. – Албатта, оддий тушунмовчилик бир оиланинг узоқ вақт сарсон бўлишига олиб келган. Бу борада хато ва камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан чора кўриш учун тегишли идораларга хусусий ажрим чиқарилди.
Бу оқлов ҳукми Солиевлар хонадонига чексиз қувонч, бахт туҳфа этди.
Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишга алоҳида эътибор ...
01 янв 1970
Олий суд ОАВ томонидан эълон қилинаётган турли хил фикрлар илгари сурилган материалларга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлиб келган....
01 янв 1970
Жаҳон почта конвенцияси талаблари ҳамда республикамизда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, қимматбаҳо металлардан ясалган зар...
01 янв 1970
Мен Шаҳрисабз шаҳри Нодира кўчаси 3-уйда яшовчи, 8 нафар фарзанднинг отаси, беш йилдан бери суд-ҳуқуқ идораларидан адолат излаб сарсон юрган, 70 ёш...