Беш йил қаерда эдингиз, жаноб депутат?!

/
Бугун партиялар фаоллари, номзодлар билан сайловчилар ўртасидаги мулоқотлар чоғида битта фикр қайта-қайта тилга олинмоқда. Биз – юрт келажагига бефарқ эмасмиз! Янгиланаётган Ўзбекистон янада илдам қадамлар билан олға юришини истаймиз!
 
Партиялар Сайловолди дас­турларининг афзал жиҳатларини тарғиб этаётганлар ва бу дастурни ҳокимиятнинг вакиллик органида ўз иш режасига айлантирмоқчи бўлган номзодлар ҳам, бир-биридан жозибали таклифлар билдираётган сайловчилар ҳам сайловларга, демакки, давлат ҳокимятини шакллантиришда бевосита иштирок этишга бефарқ эмасликларини намо­йиш этмоқдалар. Буни марказий телевидениенинг қатор телеканаллар орқали бир вақт­да бевосита намойиш этилаётган телемулоқотларда, партиялар нашридаги ранг-баранг мақолаларда, радио эшиттирувларда, интернет чиқишларида, хорижий экспертларнинг мулоҳазаларида  кўриш, эшитиш, кузатиш мумкин. Фуқаролардаги сиёсий кўтаринкилик, эркин фикр билдириш истаги, мамлакатни янада обод, фаровон кўриш мақсади алоҳида таҳсинга лойиқки, бу миллатнинг ўз қадр-қимматини нечоғлик чуқур англаб етаётганлигидан далолатдир.
 
— Телевидениенинг сайлов учун ажратилган эфир вақтини мунтазам кузатиб бораман, — дейди Самарқанд вилоят “Зарафшон” газетаси ходими Адҳам Ҳайитов. — Ва бир ҳолатга гувоҳ бўлаяпманки, сиёсий партиялар ўз Сайловолди дастурларининг афзал жиҳатларини исботлаш орқали ҳокимиятнинг вакиллик органида устунликка эришиш, бошқарувдаги нўноқлик, расмиятчилик, халқ манфаатини менсимаслик, коррупция сингари салбий ҳолатларга қарши муросасиз кураш олиб боришга тайёр эканликларини билдирмоқдалар. Муайян бир партиянинг сўзи, қарори ҳокимият органида устувор вазифа касб этиши ва партиявий назорат билан уйғунлашиб, аниқ ижро механизмига эга бўлишидан эса фақат халқ манфаат кўради.
 
— 22 декабрда ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда Самарқанд вилоятидаги  556 та сайлов округида 2 миллион 312 минг 96 нафар сайловчи иштирок этиши кутилмоқда, — дейди вилоят сайлов комиссияси котиби Азизбек Бўрибоев. — Бугун уларнинг номзодлар билан танишуви, мустақил танлаш ва сайлаш имкониятига эга бўлишлари учун барча сайлов участкаларида зарур шарт шароитлар яратилган. Мазкур сиёсий жараён, уни ўтказиш тартиблари хусусида вилоят сайлов комиссиясига тушаётган мурожаатлар пар­тиялар электоратини кўпроқ қизиқтираётгани, улар сайловни шунчаки мавсумий тадбир сифатида баҳоламай, унинг якуний натижасидан оила, маҳалла манфаатларини рўёбга чиқаришни истаётганликлари яққол сезилиб турибди.
 
Бу каби самимий эътирофлар ўз ўрнида айтилгани яхши. Аммо башарти юқоридаги ҳар иккала суҳбатдошимизнинг хулосаларига асосланиб сайловчилар билан сайлов ҳақида, сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари хусусида бир ўлчамдаги фикрларни баён этишаяпти десак, унчалик тўғри бўлмас эди. Ишончдан кўра хавотир, шуб­ҳа, гумонлар кўпроқ сезилиб турган, аччиқ, аммо очиқ айтилган фикрлар ҳам борки, уларни сайлов воқелигидан истисно қилиш мумкин эмас.
 
— Қаранг, беш йил олдин йўқолган депутатимиз бугун топилиб қолди, — дейди “Адолат” СДПнинг матбуот котиби Лола Сайидова. — Беш йил муқаддам партия тавсиясига асосан номзоди кўрсатилиб, маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайланган, бироқ  пар­тиянинг бирорта йиғилишида, пленум, конференцияларда қатнашишни ўзига эп кўрмаган, ташкилот билан сиёсий алоқани узиб қўйган собиқ депутат бугун сайловда бошқа партиядан ўз номзодини кўрсатмоқчи бўлганини эшитиб, очиғи, ҳайрон қолдик. Наҳотки депутатликни мансабга айлантириш учун рақобатчи партия электоратини яна беш йил ишонтириш мумкин бўлса? Ахир аввалги сайловда ўзини кўрсатиши учун депутатга нима етишмади? Ваколатми, партиянинг қўллаб-қувватлаши-ю йўл-йўриқ кўрсатишими?
 
— Телемулоқотлар чоғида аввал депутат бўлиб фаолият юритган айрим номзодларнинг сиёсий мунозара-муҳокамаларда “мен сендан зўрман” қабилидаги гапдонликларини кўриб, очиғи, беш йил ичида қаерда юрган эдингиз дегим келади, — дейди самарқандлик ҳамшира Ойша Узоқова. — Сайлов бюллетенига қўлимиз билан розилик белгисини қўйиб сайлаган депутатимиз корхонасининг ташвишларию ҳокимият йиғилишларидан бўшамайди, Коммунал, таълим, тиббиёт соҳаларидаги  муаммоларни вақтида ўрганиб ҳал этишга ҳафсаласи етишмайди. Биргина Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 43-умумтаълим мактабидаги аҳволни кўринг. Танаффусга қўнғироқ чалинса, мактабнинг биринчи қаватидаги узун каридорда нафас олиб бўлмай қолади, сабаби каридор поли эскириб қолганидан ўқувчиларнинг оёқ зарби текканида ёриқларидан чиқадиган чанг бинони булутдай қоплаб олади. Шу ҳаводан нафас олаётган фарзандларнинг соғлом униб-ўсишларига кафолат борми? Шу ҳудуддан сайланган депутат усти ялтироқ, ичи қалтироқ мактабга ақалли бир марта ташриф буюриб, муаммога тегишли идоралар эътиборини қаратгани йўқ. Аҳвол шундай қолаверса, янги сайланадиган депутатдан нима наф?
 
Ёки яна бир мисол, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига ажратилган гўшт, сут ва бошқа зарурий озиқ-овқат маҳсулотларини марказлашган ҳолда сифатли етказиб беришга кафил бўлган “Аутсорцинг” корхоналарининг ишини ким назорат қилади? Ўз фаолиятини назоратдан холи деб ҳисоблайдиган корхоналар ишидан, энг аввало, ота-оналар, жамоатчилик кўз-қулоқ бўлиши керак эмасми? Демак, депутатлик ваколати, аввало, сайловчилар муаммосини ҳал этишга, ижтимоий соҳаларда барқарорликни таъминлашга қаратилиши лозим.
 
Бу сайловчининг холис фикри. Лекин шу нарса аёнки, мактабдаги чанг босган каридорни таъмирлаб, хонага мусаффо ҳаво олиб кириш, “Аутсорцинг” хизматидан кўнгли тўлиб-тўлмаётган ота-оналарни битта аниқ сўз билан тинчлантириш, маҳаллаларда тўпланиб қолаётган чиқиндиларни вақтида олиб чиқиб кетиш, жамоат транспортнинг аниқ жадвал асосидааги қатновини таъминлаш — жамоатчиликнинг чаққон қўли, сезгир кўзи, қатъиятли сўзи бўлган депутатга хос ишчанлик фазилатлари эмасми?
 
— Аввало, бу йилги сайловлар адолатли ўтишига ва сайловчилар ўзларига муносиб вакилларни танлаб олишларига шубҳам йўқ, — дейди самарқандлик тарихчи, сиёсатшунос, СамДУ профессори Фарҳод Набиев. — Бироқ бўлғуси депутатлар аввалги сафдошларининг хатоларидан зарур сабоқ чиқариб олишларини истардим. Хусусан, ўз ваколатининг беш йили давомида маҳаллий ҳокимият органида электорат манфаатига мос сиёсий фаолият олиб бориш ўрнига, кўпроқ статистик маълумот йиғиш, ижро ҳокимияти билан параллел олиб борилган ишлар натижасини ҳам ўз ташаббуси деб кўрсатишга одатланиш, бошқача айтганда, енгил обрў олишга интилиш айрим тоифадаги депутатларни сайловчилардан узоқлаштирди. Фикримча, бу иллатдан қутулиш учун сиёсий партиялар, биринчи галда, ўз депутатларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиб боришни йўлга қўйишлари, махсус баҳолаш тизимини яратишлари ва депутатларни янги дастурий вазифалар билан қуроллантириб боришлари зарур. Қонунчилик ташаббуси ва ижро назоратини таъминлашда ўзини кўрсата олмаган вакилларни депутатликдан чақириб олиш механизмини  йўлга қўйиш ҳам таъсирчан чора, деб биламан.
 
Хуллас, суҳбатдошларимизнинг фикрлари ранг-баранг, фойдали ва аҳамиятли. Бу хулосалар сайловда ҳокимият учун курашаётган сиёсий партияларнинг мақсад-муддаоларига мос келади, деб бемалол айтиш мумкин. Зотан, жаҳон ҳамжамияти ва юртимиздаги ҳар бир фуқаро томонидан диққат билан кузатилаётган янги сайловлар янгиланаётган Ўзбекистон бағрига мусаффо ҳаво олиб киришига асло шубҳа йўқ. Унутманг, сайлов — сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқаро учун Ватанга муносиблик, унинг тараққиётига дахлдорлик демакдир.
 
Зоҳир ТЎраҚулов,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ғузор туманидаги молия иқтисод коллежида Президентимиз томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли таш...
01 янв 1970
мухолифатдаги “Адолат” СДП фракциясининг муқобил қонун лойиҳаси кўриб чиқилди...
01 янв 1970
Арзонлаштирилган уйлар қурилмоқда.
01 янв 1970
Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган алоҳида тарбияга муҳтож оила фарзандлари, ички ишлар профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганлар ҳамда фаол ...