Компьютер хавфсизлиги ишончли ҳимояни таъминлайди

/
Бугунги кунда компьютерлар бизнинг яқин кўмакчимиз, асосий иш қуролимизга айланиб улгурди. Агар интернетга уланган бўлса, унинг имкониятлари янада кенгаяди. Бироқ... Баъзида компьютернинг секин ишлаши, қимматли ҳужжат ва файлларнинг йўқолиб қолиши ёки зарарланиши каби ҳолатлар кузатилишидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Маълумки, компьютер технологиялари жадал ривожланиши баробарида янгидан-янги компьютер вируслари ҳам пайдо бўлмоқда, шунга мос равишда турли хил антивирусли тизимлар ва воситалар яратилмоқда.
Компьютер вируси – махсус ёзилган кичик дастурдан иборат бўлиб, у ўзини бошқа дастурларга «ёзиб қўйиши», шунингдек, компьютерда турли нохуш амалларни бажара олиши мумкин. Ичида вирус бўлган дастур ишни бошлаганда бошқарувни, аввало, вирус амалга оширади. У бошқа дастурларни топади ва зарарлайди. Масалан, дискдаги файлларни ва шу файллар жойлашган жадвални ишдан чиқаради, оператив хотирани бўлар-бўлмас «чиқинди» билан тўлдиради. Вирус ўзини “яшириш” мақсадида дастурни зарарлантириш ҳаракатларини ҳар доим ҳам бажаравермайди. Улар фақат муайян шароитда амалга ошади. Вирус керакли ҳаракатларни бажариб бўлгандан сўнг бошқарувни ўша дастурга беради (вирус шу дастурнинг ичида ётади) ва у олдингидек ишлайверади.
Зарарланган дисклар, одатда, персонал компьютерларга вируслар киришининг асосий воситаси бўлиб хизмат қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, вируслар борган сайин “бешафқат” ва ҳеч нарсадан “қўрқмайдиган” бўлиб бораяпти, ҳатто вирусларга қарши энг етук дастурлар ҳам улар билан курашишга баъзан ожизлик қилаяпти. Шундай вируслар мавжудки, улар энергияга боғлиқ бўлмаган хотирага яшириниб олиб, системани тозалашда жуда катта қийинчилик туғдиради. Ҳатто ҳақиқий фирма белгисига эга бўлган дастур ҳам вирусдан холи эканлигига ҳеч ким кафиллик бера олмайди.
Одатда, зарарланган дастур ишлаши натижасида бошқа дастурларда ҳам ўзгаришлар рўй беради. Масалан, баъзи дастурлар ишламайди ёки нотўғри ишлайди. Экранда нотаниш белгилар ёки маълумотлар ҳосил бўлади. Компьютер тезлиги сезиларли даражада сусаяди, файл маълумотлари ўзгаради, дискдаги маълумотлар ўчади ва ҳакозо. Айрим вируслар аввалига аста-секин кўпаяди ва дастурларга таъсир этмайди. Маълум вақтдан сўнг эса жиддий зарар келтиради.
Шундай вазиятда компьютер фойдаланувчилари олдида вируслардан ҳимояланиш муҳим муаммо бўлиб тургани янада аён бўлади. Антивирус дастури — компьютер вирусларини, зарар келтирувчи, шу зарарли дастур ёрдамида қайта тикланган файлларни аниқлаш ва йўқ қилишга, файллар ёки операцион тизим зарарланиши олдини олишга мўлжалланган дастурдир.
Антивируслар компьютер хотирасида (оператив ёки доимий) зарарланган кодни аниқлаган тақдирда, карантин жараёнини ишга тушириб, уни блоклайди ва вирусни йўқ қилади. Бироқ ҳар куни янгидан-янги вирус дастурларининг ишлаб чиқарилаётгани ва тарқатилаётгани антивируслар маълумотлар базасини махсус тармоқлар орқали мунтазам янгилаб туришни тақозо этади. Шу йўл билан антивируслар янгича вируслар ҳақидаги ахборотлар, уларнинг кодлари, кўриниши ва кураш чораларини ўзлаштиради.
Бугунги антивируслар бозорида компьютерларнинг пулли ва бепул «ҳимоя қалқонлари» фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилинган бўлиб, ҳар ким ўз имконияти, операцион тизим имкониятларига қараб уларнинг бирини танлаши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, компьютерга бир вақтда иккита антивирус дастурини ўрнатиш тавсия қилинмайди. Шу боис энг яхши ва мақбул дастурни танлаган маъқул.
Бунда, биринчи навбатда, антивирус дастурининг компьютер имкониятларига мос келишини аниқлаш зарур. Масалан, компьютер процессори, оператив хотираси ва ҳакозо. Дейлик, техник имкониятлари кучсиз бўлган компьютерлар кучли антивирусларни «кўтара» олмайди. Мутахассислар агар компьютер унчалик янги бўлмаса, янги ишлаб чиқилган антивирусларни танламасликни маслаҳат беришади.
Таъкидланишича, windows операцион тизимидаги айрим камчиликлар туфайли ҳалигача шахсий компьютерни зарарли дастурлар ва бошқа хуружлардан тўлиқ ҳимоя қилувчи мукаммал антивирус дастури ишлаб чиқилмаган. Шундай бўлса ҳам ушбу операцион тизим асосида ишловчи шахсий компьютерларни ҳимоялашнинг энг мақбул йўли сифатида кўпчиликнинг ишончини қозонган антивирус дастурларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эканини айтиш жоиз.
Афсуски, айрим компьютер дастурчилари томонидан ҳар куни янгидан-янги компьютер вируслари ишлаб чиқарилади. Шу сабабли антивирус дастури қанчалик кўп янгиланса, шунчалик хавфсизлик таъминланади, деган тушунча мавжуд. Лекин бунда ҳам эътиборли бўлиш, лицензияланган ва ишончли антивирус дастурини ўрнатиш лозим.
Наргиза ИБРАГИМОВА,
Когон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бозор иқтисоди шароитида маҳсулот ёки хизматни истеъмолчиларга кўрсата билиш ҳам маҳорат, билим ва ўзига хос ёндашувни талаб этади....
01 янв 1970
Очиғини айтсам, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биноси олдида турган китоб жавонини кўздан кечириб, ҳафсалам пир бўлди. ...
01 янв 1970
Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига
01 янв 1970
Инсон ўз ҳаёти, тақдирини ўзгартириб, уни мушкул аҳволга солаётган “далил”дан устун чиқиш учун нима қилиши керак? ...