Жамият юксалишида хотин-қизларнинг ўрни

/
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимизнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияни, “Халқаро меҳнат ташкилотининг” Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисида”ги конвенциясини, “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 103-конвенциясини, “Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисида”ги конвенциясини, “Иш билан таъминлаш сиёсати тўғрисида”ги конвенциясини, “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш” ва “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги конвенциясини ратификация қилиши миллий даражада аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини имплементация қилиш бўйича қонунчиликка ва давлат органлари фаолиятининг амалиётига аниқ чораларни ишлаб чиқиш учун зарур халқаро-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон мингйиллик ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқаришда, биринчи навбатда, қашшоқликни камайтириш, одамларнинг ҳаётини яхшилаш, жамиятнинг барқарор ривожланишида аёлларнинг ролини ошириш, эркаклар ва аёллар тенглигини таъминлашга қаратилган чораларни изчил амалга ошириб келмоқда. БМТ нинг 2000 йил сентябрдаги Саммитида қабул қилинган “Мингйиллик ривожланиш декларацияси” ҳам жамиятни ижтимоий ривожлантириш ва инсон тараққиёти масаласида муҳим халқаро хужжат ҳисобланади. Бу декларация қамровига кирувчи мингйиллик ривожланиш мақсадларида жамият ва инсоннинг тараққиёт омили борасида қўлга киритилаётган дунёвий ютуқларни ўлчаш ва мониторинг қилиш бўйича комплекс чоралар кўриш таклиф этилган.
Қабул қилинган қонун ҳужжатлари доирасида Ўзбекистон ҳукумати, вазирликлари ва идоралари, нодавлат ташкилотлари томонидан аёллар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш ва уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишларини таъминлаш учун тизимли ва изчил иш олиб борилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ҳаммамиз яхши тушунамизки, қонунларни қабул қилиш — бу ишнинг бир қисми, холос. Асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир. Афсуски, мазкур йўналишдаги ишлар талаб даражасида эмас”.
Умуман олганда, Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ташкилий-ҳуқуқий механизмларини ва уларни амалиётга жорий этиш тартиботларини янада кучайтириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга боғлиқ.
Сиёсий партияларнинг мамлакат ҳаётида тутган ўрни уларнинг сиёсий мақомини аниқ тасаввур этиш, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги мавқеи, мақсад ва вазифаларига мос амалий фаолият кўрсатаётганлиги билан белгиланади. Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий мавқеининг ошиши айнан сиёсий партиялар фаолияти орқали юз бериши муҳим аҳамиятга молик ҳодиса ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1997 йил 30 августда ратификация қилинган “Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция мазкур соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишга киришган Ўзбекистонда жамият ҳаётининг бошқа соҳалари қатори, хотин-қизлар институтини тиклаш ва ривожлантириш масалалари давлат сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзгаришлар мавқеини ва унинг муттасил ўсиш суръатларини белгилайдиган туб ислоҳотлар ва янгиланишларни амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратилди.
Хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини янада кучайтириш, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини ошириш, қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам ёрқин акс эттирилган. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегиясининг “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини янада ислоҳ қилиш вазифалари” қисмида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш белгилаб ўтилган. Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежи битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш зарурлиги белгиланган.
Истиқлол йилларида хотин-қизларнинг ҳаётидаги ўзгаришлар мавқеини белгилайдиган омилларни мустаҳкамлаш билан бирга бу йўналишда аҳоли орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш механизмини ташкил қилиш ва унинг самарадорлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. Жумладан, хотин-қизлар қўмиталари, ФҲДЁ бўлимлари ходимлари бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни яхшилаш, ажралишларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишлари мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда.
Хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини янада кучайтириш, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини ошириш соҳасида қатор қонунлар қабул қилинмоқда. Республика парламенти томонидан 2003 йил 29 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши аёлларнинг қонун чиқарувчи органлардаги иштирокини янада кенгайтирди. Қонуннинг 22-моддасига сиёсий партиялар томонидан мамлакат парламенти депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг камида 30 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиши ҳақидаги қоида киритилди.
“Адолат” СДП Дастурига асосан хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқарувида ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол жалб этиш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Оила” илмий-амалий маркази, бир қатор жамоат фондлари, “Олима” аёллар ушмаси, Республика репродуктив саломатлик маркази билан ҳамкорликда ўтган давр мобайнида юзлаб тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли”, “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловлари ҳамда ёшлар ва хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимлари ва тиббий маданиятини оширишга қаратилган туркум семинар-тренинглар, онлайн видеоконференциялар, танловлар ташкил этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз.
Буюк аждодларимиз Абу Наср Форобий, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат асарларида хотин-қизлар мавқеи масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Алишер Навоий аёлларни улуғлашга, уларнинг мавқеини мустаҳкамлашга бағишланган асарларида «Ер юзида ўзининг ақл-заковати, мард ва донолиги, гўзал ҳусни, андиша ва сабр-тоқати, меҳр ва садоқати билан дунёга донг таратган аёллар жуда кўп” деб алоҳида таъкидлайди.
Кейинги йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган янги мазмундаги ислоҳотларда хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини ривожлантириш механизмларига, аввало, халқаро аҳамиятга эга бўлган нормаларга устувор аҳамият берилаётганлиги алоҳида эътиборни тортади.
Мамлакатимиз хотин-қизларининг инновацион ғоялари, лойиҳа ва ишланмаларини жорий этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фан-таълим ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг амалга ошираётган лойиҳалари самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллари маркази ташаббуси билан “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” республика танлови анъанавий ўтказиб келинмоқда. «Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси» республика танловида мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларига ўз техник лойиҳалари, рационализаторлик таклифлари, инновацион ишланмаларини жорий этиш мақсадида кўплаб олима аёллар, тадқиқотчилар, иқтидорли талаба ва ўқувчи қизлар янги лойиҳалари билан иштирок этишди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев инсон омили халқимиз тараққиётининг ҳозирги босқичи, мамлакатимиз тақдири ва келажаги учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини назарда тутиб: “Барчамизга аёнки, Ўзбекистон бой қазилма ва табиий ресурсларга, қудратли иқтисодий ва инсоний салоҳиятга эга. Бироқ бизнинг энг катта бойлигимиз — бу халқимизнинг улкан интеллектуал ва маънавий салоҳиятидир” дея алоҳида таъкидлагани асло бежиз эмас.
Мавлуда ҒАФФОРОВА,
Узбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси докторанти

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу йилнинг 8 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига т...
01 янв 1970
Пайшанба — Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни
01 янв 1970
Оловуддин Муҳаммаднинг ишончли бекларидан бири Инонжхон Жалолиддинга қипчоқ беклари томонидан суиқасд тайёрланаётгани ҳақидаги хабарни етказади....
01 янв 1970
Бугун мамлакатимиз бўйлаб, жумладан, Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларида ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тезкорлик билан амалга оширилаётга...