Янгиланаётган юрт жамоли

/
Бугун мамлакатимиз бўйлаб, жумладан, Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларида ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тезкорлик билан амалга оширилаётгани, тараққиётимиздаги янги даврнинг улуғвор ва шиддатли ўзгаришлари кўз ўнгимизда яққол намоён бўлмоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг самарасидан баҳраманд бўлаётган юртдошларимизнинг чексиз миннатдорлиги, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан розилиги ва шукроналик туйғулари бугун ҳар биримизнинг юрагимизга ҳамоҳанг. Айниқса, юртимизнинг энг чекка ҳудуларидан бири ҳисобланадиган Қўнғирот туманидаги “Қорақалпоғистон” шаҳарчасида қисқа вақтда юз берган улкан ўзгаришлар барчамизнинг кўнглимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди.
“Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Қутли Қошимбетова Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида республика фаоллари ва аҳолиси билан ташкил этилган самимий мулоқотида сўз олиб, ўзи истиқомат қилаётган масканда юз берган янгиланишлар ҳақида тўлқинланиб гапирган, агар шоир бўлганимда кўнглимдаги ҳиссиётларимни шеърга солган бўлардим, дея таъкидлаган эди.
Очиғи, мен Қутли опани яхши танийман. Бундан беш-олти йил бурун айни ёз чилласида “Қорақалпоғистон” шаҳарчасига боргандик. Улар яшаётган жой, табиат мени қизиқтириб қўйган. Шундан буён опа билан тез-тез телефонда сўзлашиб турамиз.
…Ўшанда Мўйноқ ва бепоён Устюрт кенгликларига биринчи бор мустақиллик байрами арафасида ҳамюртларимиз билан маърифий учрашувлар ўтказиш учун ижодий сафарга боргандик. Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Бахтиёр Генжамурод, Ёш томошабинлар театри актёрлари эрта тонгда Қўнғирот шаҳридан “Газель” микроавтобусида “Қорақалпоғистон” қўрғони томон йўлга отландик. Тўққиз соатлар чамаси йўл юриб, қўрғонга етиб борганмиз. Дафъатан дарёдан қуруқликка чиқиб қолган балиқдек ҳис қилганмиз ўзимизни. Қорақалпоқ элининг кайвони оқсоқолларидан бири Шараф Уснатдиновнинг: “Билиб қўйинглар, сиз шундай жойга кетаяпсизки, у ерда яшашнинг ўзи қаҳрамонлик”, — деган сўзлари эсимизга тушган. Ёвшанлар, янтоқлар, саксовуллар ўсган ниҳоятда кенг дала ўртасида одамлар яшайдиган кўримсизгина қўрғонча. Йўл чеккасида танаси одамнинг бели баландлигида кесилган дарахтлар. Ахир, чўл шароитида дарахтлар соя-салқин об-ҳавони яратади-ку. Ҳайрон қолганмиз, нега дарахтлар кесилган? Ана шундай қўрғончага кириб бордик. Ёнига қуёш иссиғида куйиб, чуркаб кетган янтоқ ғарамлари уйилган, эшик-деразаларига иссиқдан ранги ўчиб кетган шолчалар урилган кулбалар, тупроғи тиззагача билқиллаб ётган йўл, сувоқлари кўчган балконли кўп қаватли уйлар...
Мана, орадан олти йил ўтди. Қутли опа билан телефон орқали сўзлашдик. Қувончли хушхабар билан табрикладик. Президентимизга нималар дея гапирганларини ўз оғзидан эшитишга ошиқдик.
Ўзбекистон ҳаво йўлларининг А-320 русумли улкан аэробусида кечки рейс билан Қорақалпоғистонга учдик. Нукус халқаро аэропортида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов пешвоз чиқди. Борадиган манзилимиз олис.
Ҳамма ёқ чўл, чексиз чўл. Ёвшан, туяқорин, янтоқ, саксовул каби саҳро буталари гоҳо сийрак-сийрак, гоҳо қалин-қалин ўсган бутазорлар, бирон жойини бошқа жойидан ажратиб бўлмайдиган теп-текис дала... Тайганинг кимсасиз ўрмонлари каби бу ерлар ҳам бир замонлар қанчадан- қанча одамларни йўлдан адаштириб, сарсон-саргардон қилган бўлса, не ажаб... Йўл бўйида қатор тизилган симёғочлар ва уларга боғланган узун-узун симларгина шу олис томонларга нур, энергия ва ҳаёт манбаини элтаётганини англатиб турибди...
Чўл ўртасида махсус коржомалар ва каска кийиб олган газчилар улкан газ қувурлари, газ тақсимлаш мосламалари теварагида куймаланишади. Газ қувурлари, компрессорлар бу жойлардан қанчалик катта миқдорда газ маҳсулоти ишлаб чиқарилаётгани ва белгиланган манзилларга етказиб берилаётганини англатади. Йўл бўйлаб чўлнинг бир жойида чуқур ўйилган жуда улкан ўра ичидан икки-уч қаватли уй баландлигида ловуллаб ёнаётган газ булоғини учратдик. Аланга олис-олислардан кўзга ташланиб туради. Бу ўт, бу олов булоғи элим дея, юртим дея ниҳоятда катта шашту шиддат билан ёниб яшаётган фидойи инсон юрагининг тимсолига ўхшайди. Шу юрт учун, шу халқ учун ҳар қанча хизмат қилсанг, ҳар қанча ёниб-куйсанг арзийди. Ана, она ер бағридан отилиб чиқаётган газ булоғи одамлар учун нақадар баланд, фавворадек кўкка интилиб ёнмоқда. Йўлдошларимиз билан қорақалпоқ халқининг мумтоз шоири Бердақнинг эл-юрт бирла халқни тараннум этган шеърини эсладик:
Гуллар очилиб яйраган,
Боғида булбул сайраган,
Қуёшнинг нури яйраган
Ёруғ дунё керак менга.
Мард бўлиб белин бойлаган,
Қўлига яроғ сайлаган,
Халқнинг ғамини ўйлаган
Юрт ғамхўри керак менга.

Юрт ғамхўри бориш-келиш шунчалар олис бўлган чекка ҳудудларни обод қилмоқда. Аввал ривожланишдан орқада қолган овулларда шаҳарликлар ҳам ҳавас қиладиган даражада уйлар, соғликни сақлаш муассасалари, болалар боғчалари, санъат ва маданият саройлари қуриб бермоқда. Ахир, шунча йўлдан қурилиш материаллари билан техникани олиб келиш осон эмас. Йўлдан чапга бурилдик. Пештоқига “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси деб ёзилган аркдан кирдик. Янги асфальт йўл, ўртасида оппоқ чизиқлар, икки томонда йўлаклар, замонавий симёғочлар тепасига чироқлар ўрнатилган. Бу манзарага боқиб, кўзларимга ишонмай қолдим. Шаҳарча мутлақо ўзгариб кетган. Айниқса, янги қурилган уйлар, кўп қаватли турар жой биноларининг бир хилда чиройли таъмирлангани шаҳарчага ниҳоятда кўркам ҳусн-жамол бахш этибди.
Кўркам шаҳарчага мос қилиб, янгидан қурилган Маданият саройи эшигида бизга Гулмира, Сапура исмли қизлар пешвоз чиқишди. Ичкарига кирдик. Маданиятни тарғиб қилишга, маънавият тарқатишга мўлжалланган бино ҳавас қилса арзигудек безатилган. Гулмира Тангабоева шу Маданият саройи қошида очилган дутор ва дўмбира бўйича тўгарак раҳбари экан.
– 20 нафардан зиёд ўқувчилар дўмбира чалишни ўрганишмоқда. Бу ернинг аҳолиси асосан қозоқ миллатига мансуб бўлгани учун қозоқча дўмбира чалмоқдамиз. Қорақалпоқча, ўзбекча дуторларни ҳам ўрганмоқчимиз. Болалар гитара чалишни ҳам ўргатинг, дейишмоқда...
Шу пайт Қутли опанинг ўзи келиб қолди. Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан ниҳоятда севинганини катта ҳаяжон билан изҳор этди.
Қорақалпоғистон Республикаси шарафига “Қорақалпоғистон” деб аталган мўъжазгина шаҳарчада 780 хонадонда 3216 нафар аҳоли яшайди. “Обод қишлоқ” дастури бўйича бу шаҳарчада 3 та болалар боғчаси (1 таси хусусий), 2 та мактаб, 1 та шифохона, 1 та врачлик амбулаторияси қурилибди. Темир йўл вокзали, деҳқон бозори, метеостанция тубдан таъмирланибди. Бу ердаги эски клуб ўрнида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, Маданият саройи қурилибди ва фойдаланишга топширилибди. Намунали лойиҳа асосида 24 та арзонлаштирилган уй-жой қурилибди. Шаҳарча кўчалари асфальт қилиниб, янги йўллар ёқасига йўлаклар барпо этишибди. Катта йўлнинг икки бўйига 2300 дона игна баргли дарахтлар ўтқазилган. Уларнинг орасига чўл иқлимига чидамли 742 дона гуллар экилган. Кўчаларнинг четига замонавий симёғочлар, тунда қандилдек ёниб турувчи чироқлар ўрнатилган. 2 километр масофада ичимлик суви қувурлари алмаштирилган. Шаҳарчанинг турли жойларидаги 10 та артизан қудуқларга насослар қўйиб берилибди. Хотин-қизлар учун 80 ўринли тикув цехи очилибди. Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар учун 3 жойдан молхоналар қуриб берилибди. 25 та кўп қаватли уйлар таъмирланибди. Шаҳарчанинг қиёфаси тубдан ўзгарибди. Шунча катта меҳнат ниҳоятда қисқа вақтда – уч ярим ой давомида амалга оширилган.
– Тошкентдан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан шоирларни юбораман, деган эдилар, — деди Қутли опа. – Бошим осмонга етди. Президентимизга мингдан минг раҳмат!
Опа ушбу самимий дил изҳорини қайта-қайта такрорлашдан чарчамас эди. Миннатдорликдан юзлари гул-гул ёнади.
Яна бир сирни билиб қолдик. Айнан биз “Қорақалпоғистон” шаҳарчасига борган 21 ноябрь Қутли опа Қошимбетованинг туғилган куни экан. Нур устига нур бўлди. Байрам устига байрам бўлди.
Маданият саройининг залига одам сиғмай кетди. Маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, мураббийлар, ўқувчи-ёшлар йиғилган. Ҳамманинг кўзида шодлик ва қувонч учқунлари порлайди.
Ҳамманинг оғзида бир гап: “Президентимиз бизнинг овулга шоирларни юборибдилар!”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бугунги даврнинг янги нафаси, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, шаҳару қишлоқларимизни, чекка овуллар ва маҳаллаларимизни ободонлаштириш, бунёдкорликнинг ривожланиши, жойларда давлатимиз раҳбарининг халқ билан самимий мулоқотлари ҳақида сўзлади. Шунингдек, “Қорқалпоғистон” шаҳарчаси Маданият саройи қошидаги кутубхонага Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 300 дан зиёд бадиий китобларини совға қилди. Қутли опа Қошимбетовага эса Президентимиз ҳузурида “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси аҳли номидан Ватанимиз равнақи, юртимиз тараққиёти, умуминсоний ва миллий қадриятларнинг улуғланиши ҳамда шеъриятга, адабиётга боғлиқ самимий дил сўзларини чин дилдан изҳор этгани учун жаҳон адабиётининг етук намояндаси Абдураҳмон Жомийнинг “Муҳаббат маҳзани” куллиёти билан қозоқ халқининг улуғ шоири Иброҳим Абайнинг ўзбек тилида нашр этилган асарлар тўпламини туҳфа қилди. Президентимизнинг халқаро адабий алоқаларни ривожлантириш борасидаги қатор қарорлари ижросини таъминлаш учун нашр этилган ушбу муҳташам ва гўзал нашрларни кўрган қорақалпоғистонлик китобхонлар ўз миннатдорлиги ҳамда ҳаяжонларини қарсаклар билан билдирдилар.
Маданият саройида китобхонликни тарғиб этишдан бошланган тадбир чинакам адабиёт ва шеърият, санъат ва маданият байрамига айланиб кетди. Шоирлар томонидан ўқилган шеърлар, изҳор этилган дил сўзлари адабиёт байрами иштирокчилари қалбига завқ бағишлади.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон ёш томошабинлар театри ижодкорлари драматург Жўра Маҳмудов қаламига мансуб “Содиқ дўстлар” номли спектаклни намойиш этишди. Болакайлар завқланиб томоша қилган ушбу асарда дўстига содиқ бўлган инсон Ватанига ҳам содиқ бўлади, халқига, эл-юртига ҳам вафодор бўлади, деган ғоявий-бадиий фикр илгари сурилган.
Қутли опа Қошимбетова ҳамда унинг элдошлари билан хайрлашиб, Нукусга қайтаётганимизда қуёш ботаётганини ҳис этдик. Кунимиз хайрли ўтганидан ҳаммамиз ғоятда шод ва бахтиёр эдик. Президентимизнинг меҳри, назари тушган, бугун эртаклардагидек таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган шаҳарча аҳлига шодлик, завқ ва ҳаяжон билан бирга китоблар улашдик. Она Ватанимизнинг энг чекка шимолий чегарасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кутубхонасини ташкил этишни келишиб олдик. Хамир учидан патир дегандай, ҳозирча мумтоз ва замонавий ёзувчиларнинг янги нашр этилган асарларини, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини, фаол адибларнинг публицистик китобларини топширдик. Бундан кейин шоирлар ва ёзувчиларнинг у ердан қадами узилмайди, борди-келди, ижодий сафарлар кўпаяди. У ерда яшаётган халқ ҳаёти тасвирланган асарлар яратилади. Ватанимизнинг “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси деб аталмиш чегара қўрғони қанчалик мустаҳкам бўлса, Ўзбекистон шунчалик гуллаб-яшнайверади.
Кун ботай-ботай деб турган маҳал уфқда туялар карвони кўринди. Ҳақиқий туялар, бир ўркачли, икки ўркачли она туялар, бўталоқлар... Энг улкан ва баҳайбат нортуя йигирмадан ортиқ туяларни олдига солиб бораяпти.
Хайр, “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси. Хайр. Қутли опа, ҳузурингизга ҳали яна янги китоблар, янги шеърлар, янги асарлар билан, албатта, қайтиб келамиз.
Рустам МУСУРМОН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилмоқда....
01 янв 1970
Бизга маълумки, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши фуқароларнинг мурожаатларига доир қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш билан ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
Ислом манбашунослари “Ўрта асрларда Марказий Осиёда мусулмон оламида ҳанафия мазҳабининг иккита катта илмий маркази вужудга келди....
01 янв 1970
Ер юзида инсоният маънавий юксалишига бешик бўлган, кечмиши бир неча минг йиллик тарихга бориб боғланадиган, башариятнинг барча тараққиёт босқичлар...