Маликанинг жасорати

/
Оловуддин Муҳаммаднинг ишончли бекларидан бири Инонжхон Жалолиддинга қипчоқ беклари томонидан суиқасд тайёрланаётгани ҳақидаги хабарни етказади. Натижада Жалолиддин Темур Малик ҳамроҳлигида 300 лашкар билан Хоразмни тарк этишга мажбур бўлади. У ўзи билан бирга онаси, хотини, боласи ва улар ёнидаги аёлларни ҳам олиб кетади. Жалолиддиннинг Хоразмни тарк этганидан бошлаб Ҳиндистонда Синд дарёси бўйида мўғуллар билан даҳшатли тўқнашувига қадар олти ойдан ошиқ вақт ичида кечган воқеаларда онаси унга ҳамроҳ бўлади. Оловуддин Муҳаммаднинг тарқалиб кетган қўшинларини тўплаш, халқни, лашкарларни мўғул босқинчиларига қарши курашга чорлаш, Чингиз навкарлари томонидан қамал қилинган қалъалар, шаҳарларни озод қилиш ва бошқа ишларда ўғли Жалолиддинга руҳий мадад беради. Ўғли учун қийин дамларда оиласини унинг атрофида янада мустаҳкам жипслаштиради. Бу иш ўша даврда — Жалолиддин юртидан ажралган, мўғул қўшинлари таъқиби остида бўлган, оз сонли қўшини билан Чингизхоннинг беҳисоб лашкарларига қарши курашаётган, бир жойда қўним топа олмай доимо кўчиб юришга мажбур бўлаётган оғир шароитда эди. Унинг ана шундай мураккаб вазиятларда ўғли билан ёнма-ён бўлиши Ойчечакнинг сабр-матонатли, иродали, мустаҳкам эътиқодли аёл эканлигини кўрсатади.
Яна бир нарса алоҳида эътиборга моликки, Жалолиддин Мангубердининг мўғулларга қарши кураши айнан ана шу даврда зафарли кечади. У 300 нафар лашкари билан Хоразмдан чиққанидан кейин Насага (ҳозирги Ашхобод шаҳри яқинидаги қадимий қалъа) қараб йўл олади. Қорақум бағридан ўтадиган бу йўлни одатда қўшинлар 6-7 кунда босиб ўтардилар. Улар эса 4 кунда Наса остонасига етиб келадилар. Бу ерда уларни мўғулларнинг сараланган 700 отлиқ лашкари кутиб турарди. Мўғуллар қўшинининг бу ерда пайдо бўлиши бежиз эмасди. Чингизхон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ўғиллари Гурганжга келганини эшитганидан кейин сараланган қўшинининг бир қисмини Чоржўйдан то Каспий денгизигача бўлган оралиқдаги воҳаларга жўнатади. У Хоразмни босиб олганимдан кейин Оловуддин Муҳаммаднинг ўғиллари айнан ана шу ҳудудлардан Афғонистон, Эрон, Ироқ томонга йўл олади ва шунда уларни қўлга тушираман, деб ўйлайди. Қорақум бағридан толиқиб чиққан Жалолиддин 300 отлиқ навкари билан мўғулларнинг 700 лашкарига қарши кураш бошлашдан бошқа иложи қолмайди. Жанг ниҳоятда қаттиқ кечади. У лашкарларидан икки баравар ортиқ бўлган мўғуллар қўшинини енгади. Муаррих Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий “Бу Жалолиддиннинг уруш бошланганидан кейин мўғуллар устидан илк ғалабаси эди...”, деб ёзади. Онаси Ойчечак унга ана шундай жангда ҳам ҳамкор бўлади ва душманларидан ўч олишга руҳлантиради.
Шундан кейин Жалолиддин Нишопур шаҳрида бир ой туради. Атрофига қўшин йиғиб, мўғулларга қарши кураш эълон қилади. Бу пайтда Чингизхон қўшинининг бир қисмини уни таъқиб қилиш учун юборади. Жалолиддин Нишопурдан ўазнага йўл олади. Шу ерда у отасининг тоғаваччаси Амин ал-Мулк билан учрашиб, унинг ўн мингдан ортиқ қўшинини ўз сафига қўшиб олади. Қандаҳор шаҳрини қамал қилиб ётган мўғул қўшини устидан ғалаба қозонади. Бу ғалаба Жалолиддиннинг бугунги кунда Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон деб аталадиган ўлкаларда обрўсини ошириб юборади. Унинг қўшини сафига халажлар, қорлуқлар, ғурлардан иборат 100 мингга яқин лашкар келиб қўшилади. У ўазнага келиб ҳокимиятини ўрнатади. Қандаҳорда қўшини мағлуб бўлганини эшитган Чингизхон ўғли Тўлихон бошчилигида беҳисоб лашкарларини Жалолиддинга қарши юборади. Жалолиддин ва Тўлихон ўртасидаги жанг Парвон яқинида бўлиб ўтади. Бу жангда Жалолиддин беқиёс мардлик кўрсатиб, мўғуллар қўшинини мағлуб қилади. Тўлихон жанг пайтида ўлдирилади. Парвон яқинидаги Валиён қалъасини қамал қилган мўғул лашкарлари ўз қўшинининг мағлубиятини эшитиб, Чингизхон ҳузурига қочади. Бу мағлубиятлардан саросимага тушган Чингизхон еру кўкка сиғмас қўшинини тўплаб Жалолиддин устига юриш бошлайди. Чингизхон қўшинининг хировули (олд қисми) Гардизга келганини эшитган Жалолиддин унга ҳужум қилади ва ғолиб бўлади. Тўрт-беш ой ичида сон жиҳатдан ҳам, куч жиҳатдан ҳам ўзидан устун бўлган мўғул қўшинларини Наса, Қандаҳор, Парвон, Валиён, Гардиз шаҳарлари яқинидаги жангларда мағлуб этиш осон эмасди. Бунга мардлиги билан донг таратган, жанг режаси, тактикасини яхши билган Жалолиддингина эриша олди. Ўша давр тарихчилари бир воқеани, яъни Чингизхон тириклиги пайтида мўғул қўшинларини ҳеч бир саркарда мағлуб эта олмаганини, бу ишни фақат Жалолиддин Мангуберди амалга оширганини якдиллик билан эътироф этадилар.
Ниҳоят, Чингизхоннинг асосий қўшини билан Жалолиддин Мангуберди лашкарлари Ҳиндистон чегарасида Синд (Ҳинд)дарёси бўйида бир-бирларига юзма-юз келади. Ушбу жанг олдидан омад Жалолиддиндан юз ўгиради. Парвон яқинидаги мўғуллар устидан қозонилган ғалабадан кейин катта бойлик қўлга киритилади. Бу бойликни бўлиш борасида Амин ал-Мулк билан халажлар, қорлуқлар, ғурлар ўртасида қарама-қаршилик келиб чиқади. Жалолиддин уларни ўзаро келиштириш учун қанчалик уринмасин, натижа чиқмайди. Улар ўртасида зиддият кучаяди. Оқибатда Синд дарёси бўйидаги жанг олдидан халажлар, қорлуқлар, ғурлар Жалолиддин қўшинидан ажралиб кетадилар. Ҳатто Жалолиддиннинг онасининг лашкарларни яраштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам наф бермайди. Натижада у кам сонли қўшини билан Чингиз лашкарларига қарши жангга киришга мажбур бўлади. Жанг олдидан “қўшиннинг бўлиниб кетиши” билан боғлиқ омадсизлик устига яна бир бахтсизлик рўй беради. Сарой аъёнларини дарёнинг нариги томонига олиб ўтиш учун унга ваъда қилинган ўн бешта кемадан фақат биттаси келади. Бу кема ҳам сузиш учун ярамайди. Шу сабабли Жалолиддин онасини, ҳарамидаги аёлларни, болаларни жанг майдонидан хавфсиз жойга олиб чиқолмайди. У ана шундай оғир шароитда мўғуллар билан жангга киришади. Жанг беаёв кечади. Жалолиддин мўғуллар қўшини орасига ёриб кириб, уларни иккига бўлиб ташлайди. Чингизхон лашкарлари оғир талофат кўриб чекина бошлайди. Уларнинг мағлуб бўлиши аён бўлиб қолади. Лекин шу пайтда Чингизхоннинг аввалдан пистирмага қўйган сараланган қўшини ҳужумга ўтади. Натижада Жалолиддин лашкарларининг чекинишдан бўлак имкони қолмайди. Жанг унинг мағлубияти билан якунланади.
Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий “Сийрат ас-Султон Жалолиддин Мангбурний” асарида жанг якуни хусусида бундай деб ёзади: “Жанг майдонда кўплаб ўликлар, қонига бўялган ярадорлар қолиши, дарёга чўкканлар фожиаси билан якунланди. Лашкарлардан бири дарё бўйига келди ва чўкишини билгани ҳолда халос бўлишнинг бошқа йўли йўқлигини англаб, унинг бағрига ўзини отди. Жанг пайтида Жалолиддиннинг етти ёшли ўғли асирга тушиб қолди. У Чингизхон кўз ўнгида қатл этилди. Жалолиддин ҳолдан тойган тарзда Синд дарёси бўйига келди. Шунда у онаси, хотини ва ҳарамидаги бошқа аёлларнинг “Оллоҳ номи билан сендан ёлвориб сўраймиз, бизларни ўлдир ва шу тариқа асир тушишдан қутқар!”, деган аянчли фарёдларини эшитди. Жалолиддин иложсиз қолиб, буйруқ берди, уларнинг ҳаммаси дарёга чўктирилди. Ҳақиқатан ҳам, бу кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган бахтсизлик, оғир қайғу эди”. Жалолиддин ана шу жангда оти билан Синд дарёсига ташлайди. Дарёдан кечиб ўтиб, Чингизхонни қаҳрамонлик бобида ҳайратга солади.
Бу жанг тафсилотларини кўрган, билган, эшитган муаррихларнинг ҳаммаси воқеаларни айнан ана шундай тарзда келтирадилар. Жалолиддиннинг мўғуллар билан жангда кўрсатган мардликларини улуғлайдилар. Унинг ана шу жангда онаси, хотини, фарзанди ва бошқа яқинларидан ажралганини оғир қайғу, бахтсизлик сифатида келтиришади. Ҳақиқатан ҳам, Жалолиддиннинг ушбу жангда ҳаётда суянчиқ, умр йўлларида мададкор бўлган, тақдирнинг оғир синовларида руҳий қувват бағишлаган инсонлар — онаси, хотини, фарзанди ва бошқа яқинларидан ажралиши, уларни ўзи ўлим гирдобига йўллаши оғир мусибат эди. Тақдирнинг бундай беомон, беаёв ўйинларига ҳамма ҳам чидаш бериши, душман олдида тиз чўкмай, унга қарши кураш йўлини тутиши қийин эди. Жалолиддин эса ана шундай йўлни тутди. Унинг мардлиги, матонатининг асоси ҳам шунда эди. Лекин бу ерда Жалолиддин мардлиги, қаҳрамонлигидан ташқари онаси Ойчечакнинг жасорати алоҳида эътирофга лойиқ.
Хўш, бу жасорат нимадан иборат? Маълумки, мўғуллар қаерни босиб олишса, ўша ердан асир тушганлар орасидан эркакларни, ҳатто бешикдаги ўғил болаларгача қирғин қилишган. Аёлларни эса омон қолдириб, ўзларига хотинликка, чўриликка ва бошқа ишларга олишган. Хоразмшоҳ Оловуддин Муҳаммаднинг бошқа болалари, аёллари тақдири ана шундай кечган. Унинг асирликка тушган ўғил фарзандлари, неваралари қириб ташланганидан кейин онаси Туркон хотун, хотинлари, (Жалолиддиннинг онаси Ойчечак ва ўиёсиддиннинг онаси Бағлавадан бошқа) қизлари ҳамда бошқа яқинлари мўғул ҳукмдорлари, саркардаларига бўлиб берилади. Туркон хотун 1233 йилгача мўғуллар қароргоҳида асирликда сақланади. Жалолиддиннинг опаси Хон Султон эса Жўжининг хотини бўлади. Бошқаларининг тақдири ҳам шундай кечади. Табиийки, Ойчечак ҳам мўғуллар қўлига тушган аёллар ҳаёти сақланиб қолинишни билган. Бироқ у душман қўлига тушиб, улар зулми остида хўрликда, азобда яшашдан кўра, тик туриб ўлишни афзал кўрган. Шунинг учун ҳам қўл остидаги аёллар билан биргаликда ўғли Жалолиддин олдига чиқиб, душман қўлига тирик ташлаб кетишдан кўра, ўлдириб кетишини фарёд қилиб сўрайди. Бу орини, ғурурини ҳамма нарсадан устун қўйган, душманга нисбатан нафратини намойиш этган иродали, матонатли аёлнинг, маликанинг жасорати эди.
Тарих билимдонларининг фикрича, жасорат, қаҳрамонлик ҳамиша намоён бўлавермайди. У оний лаҳзада рўй беради, лекин мангуликка дахлдор бўлиб, тарихга муҳрланади. Малика Ойчечак ҳам тарихда нафақат буюк қаҳрамон, Ватан озодлиги учун курашган Жалолиддин Мангубердининг онаси бўлиб, балки жасоратли, матонатли, ор-номусини ҳамма нарсадан юксак қўйган, ҳатто хўрликдаги ҳаётдан ўлимни афзал кўрган малика сифатида ҳам эъзозланади. Бу оний лаҳзада рўй берган жасоратга малика Ойчечак бутун умри давомида руҳан тайёрланиб, бошқаларга ҳам душманга бош эгмаслик, ор-номусни, юртга, авлодларга муҳаббатни ҳар нарсадан устун қўйишдек жасорат сабоғини бериб кетди.
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ранг-тасвир намуналари, киноленталар, бадиий асарларда шоҳлар, султонлар, қиролларнинг аҳли аёллари — маликалар, қироличалар, маркизалар ҳақи...
01 янв 1970
мухолифатдаги “Адолат” СДП фракциясининг муқобил қонун лойиҳаси кўриб чиқилди...
01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. 
01 янв 1970
Ҳар биримиз дастурхонимиз тўкин бўлиши, фарзандларимиз бекаму кўст вояга етиши, билимли ва баркамол бўлиб улғайиши учун барча имкониятларни яратишг...