ЮРТНИ СЕВМОҚ САОДАТИ

/
Таниқли тилшунос олим Рўзимбой Йўлдошев билан Урганч давлат университетида учрашдик. Домла ёшлар тўла аудиторияда «Тилга садоқат – элга садоқат» мавзусида маъруза қилди. Юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ижодкорликларга, ҳаётий муҳим янгиланишларга юксак баҳо бериб, миллий тилимиз тараққиётига алоҳида тўхталди. Улуғ Беруний, ҳазрат Навоий, Огаҳий ва бошқа алломаларимизнинг тил ҳақидаги ҳикматлари билан маърузасини янада таъсирчан баён этди.
Етмишга яқинлашиб қолганига қарамасдан, домла ёшлардек жўшқинлик билан сўз юритди. Қандайдир ички бир қувонч домланинг тил-забонини янада ўткирлаштириб турди. Фахр туйғуси унинг фикрларига қанот бахш этди, гўё.
Тадбирдан сўнг бироз гурунглашдик. Шунда домла менга кутилмаган бир савол берди:
– Инсон учун олий саодат нима?
Бу борада ўз тушунчаларимни айтдим. Домла фақат «яқинлашдингиз», деб турди. «Шаҳар бериш»га тўғри келди. Домла қувнаб-яйраб кетди:
– Биродар, энг олий саодат – ўз севган юртингнинг фуқаролиги! Сиз ўз севган юртининг фуқаролигига эга бўлмаган одамларнинг изтиробини билмайсиз, десам хафа бўлманг. Мен яқинда Президентимизнинг қарорига мувофиқ Ўзбекистон фуқароси бўлдим!
Бу гап мени тамоман лол қолдирди. Шундай бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйламаган эканман. Ажабо, бутун умри давомида ўзбек тилининг бойлиги ва софлиги учун курашиб келган, минглаб ёшларга она тилидан сабоқ берган, китоб ва мақолаларининг сон-саноғи йўқ олим шу пайтгача Ўзбекистон фуқароси бўлмаганлигига ишонгим келмади. Шунда домла ўз ҳаёти ҳақида гапириб берди.
...Ота-боболари асли Хоразмнинг Янгибозоридан бўлиб, бир вақтлар Тошҳовуз вилоятининг Тошҳовуз туманига бориб қолишган. Рўзимбой ўзбек мактабида ўқиб, тил ва адабиётимизга ихлос қўйди. Айниқса, бир қатор тошҳовузлик истеъдод соҳибларининг Ўзбекистон пойтахтида таҳсил олиб, таниқли олим бўлиб етишгани унинг учун ибрат бўлди. Шу сабабли у Тошкентга интилди. Тақдир унинг бу интилишларини кўп синовлардан ўтказди.
Рўзимбой Йўлдошев Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тугатиб, тил ва адабиёт институтида лаборант сифатида фаолият кўрсата бошлади. Бу йилларни у алоҳида фахр билан эслайди. Чунки шу даврда Фаттоҳ Абдуллаев, Аюб ўуломов, Шоназар Шоабдураҳмонов, Ҳомил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Юсуф Султонов, Иззат Султонов, Жуманиёз Шарипов, Тўра Мирзаев, Аҳмад Ишаев, Эргаш Умаров сингари алломаларнинг суҳбат-сабоқларини олди. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» (икки жилдлик), «Ўзбекча-русча луғат» ва «Русча-ўзбекча луғат»ларни тайёрлашда ўзининг ҳиссасини қўшди.
Унинг туркий халқларнинг ноёб мероси саналган Ўрхун-Энасой ёзуви обидаларининг лисоний хусусиятлари, бу ёдномаларнинг шеваларга, халқ оғзаки ижодига таъсири бўйича амалга оширган илмий ишлари алоҳида эътиборга лойиқ.
Бугун ҳам Рўзимбой Йўлдошев «Огаҳий шеъриятида туркий қатлам» мавзуси устида илмий изланишлар олиб бормоқда. Унинг бу мавзудаги 50 дан зиёд мақолалари турли илмий журналлар ва газеталарда чоп этилган.
– Фуқаролик миллатни, табиийки, авваламбор, унинг тилини севиш масъулиятини киши зиммасига юклайди, – дейди Рўзимбой Йўлдошев. – Ўзбекистон фуқароси ўзбек тилининг жонкуяри, тарғибот-ташвиқотчиси бўлишга мажбур, десам асло муболаға эмас. Фуқаролик паспортини қўлга олиб, буни ҳар қачонгидан ҳам теранроқ англадим, десам ишонаверинг…
Йиғилишларда неча мароталаб жой номлари ҳақидаги масалаларни ўртага қўйган.
– Илгари маҳаллалар “Эсамат”, ”Шанғи”, “Кўпаклар”, “Тўртта”, “Харвуз”, “Каптархона”, “Қарғалар” деб номланган, – дейди домла. – Тасаввур қилинг-а, сиз шуларнинг бирида яшайсиз. Қайси маҳаллада туришингизни сўрашса ёки бирор маълумотномани тўлдиришингизга тўғри келса, ноқулай аҳволга тушмасмидингиз? Ахир қандай қилиб бутун бир маҳалланинг номи “Кўпаклар” бўлиши мумкин? Бу ном аслида “кўпликлар” деган сўздан келиб чиққан, шунингдек, “кепаклар”, “кўприклар” сўзлари жой номига асос бўлган деган фикрлар бор. Аслида уларнинг ҳеч бири кўнгилни тўлдиради, деб бўлмайди. Кейин-кейин тилдаги ассимиляция сабаб у “кўпаклар” атамасига айланган. Бу номни ким эшитса нохуш тасаввур қолдиришини тушуниш қийин эмас.
Жой номлари худди ўз исмларимиздай азиз ва мўътабар. У фуқаролигимизнинг, ўзлигимизнинг мазмун-моҳиятини ҳам акс эттиради. Миллат маънавиятидан дарак беради...
Урганч давлат университети ноширлик бўлими бошлиғининг ўринбосари Шерали Йўлдошев отасидан фарқли ўлароқ, ўттиз ёшида Ўзбекистон фуқароси паспортини қўлига олди.
– Бу беҳад катта қувонч, – дейди Шерали. – Отамнинг ҳаёти, фаолияти мен учун ибрат мактаби бўлди.
Урганч давлат университетида чоп этилаётган «Илм сарчашмалари» журнали ва бошқа матбаа нашрларини талабалар ва олий ўқув даргоҳи олимлари қўлига етказишда Шерали фаоллик кўрсатмоқда. Шу билан бирга у илмий тадқиқотлар ҳам олиб бораяпти.
Тилшунос олим Рўзимбой Йўлдошев Урганч давлат университетидаги ўзининг илмий ва педагогик фаолиятини 1991 йилда бошлаган эди. Домла вилоятда бўлиб ўтаётган кўплаб маънавий-маърифий тадбирларда, аҳоли, айниқса, ёшлар билан учрашувларда фаол қатнашади. Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг фуқаросига айланган олимнинг фаолияти янада жўшқин кечиши аниқ.
Сотим АВАЗ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Хотира ва қадрлаш куни”. Бошқа мамлакатлар, халқлар, давлатлар ҳаётида доимо эъзозланадиган, эҳтиром қилинадиган ана шундай ном билан ...
01 янв 1970
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен &m...
01 янв 1970
Юртнинг ободлиги ва халқ фаровонлиги бозорларимиздаги тўкин-сочинликда яққол кўринади....
01 янв 1970
Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг ҳар бир региони ва вилоятига ташрифи ва амалий кўрсатмалари ўша жойларда иқтисодий, и...