Саноат — иқтисодий тараққиётнинг асоси

/
Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиев билан суҳбат
— Бугун халқимиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллик байрами шукуҳи билан яшаяпти. Мамлакатимиз истиқлолга эришган буюк тарихий сана арафасида кўнглингиздан қандай ўй-фикрлар кечмоқда?
— Дарҳақиқат, шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимиз аҳли ҳам Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олмоқда.
Мустақилликни таърифлашга баъзан сўз ожизлик қилади, унинг мазмуни жуда кенг, моҳияти жуда теран бўлгани боис ушбу бебаҳо неъматни юракдан чуқур ҳис этиш лозим, назаримда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлди.
Ана шу тарихан жуда қисқа даврда мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, бетакрор гўзаллик ва кўркамлик касб этди. Ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида асрларга татигулик тараққиёт йўли босиб ўтилди. Юртдошларимизнинг турмуш даражаси юксалиши билан бир пайтнинг ўзида онгу шуури, фикрлаш тарзи ҳам ўзгарди. Улар кечаги кун билан бугунни теран фарқлаган ҳолда, мустақилликни муттасил мустаҳкамлаб бориш, ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш ўзларининг шарафли ва масъулиятли бурчи эканлигини чуқур англаб етишди.
— Ургут ўзининг гўзал табиати, беғубор ҳавоси, сахий далалари ва албатта, меҳнаткаш одамлари билан азал-азалдан ном қозониб келган. Бу ерда саноат, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги тармоқларининг тараққий этиши мамлакатимиз мустақилликка эришгач амалга ошди.
— Ҳақ гапни айтдингиз. Берилаётган имтиёзлар ва яратилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли туманимизда саноат ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда хусусий сектор ва кичик бизнеснинг улуши 99,9 фоизни ташкил этмоқда. Ургутда бугун шифер, оҳак, мармар, пластик эшик-ром, сендвич панеллар, тунука рулонлар, полиуретан хомашёлари, полиэстер толасидан полиэфир тикув ипликлар, сунъий ва синтетик чиқиндилардан нотўқима мато ва пластик маҳсулотлар, пахта толасидан газламалар, полиуретан хомашёсидан сунъий тери маҳсулотлари, виллур ва вилвет газламалар, ранг-баранг гиламлар, пайпоқлар, пойабзаллар, жун одеяллар, спорт ва болалар кийимлари, мактаб сумкалари, ёғ маҳсулотларини қадоқлаш ва полиэтилен қоплар, қопқоқлар ва капсулалар, пахта толасидан ип-калава, трикотаж матолари тайёрланмоқда. Газ плиталари, кир ювиш машиналари, кабель маҳсулотларию ток кучайтиргичлар, электр чироқ, антенна, чангюткичлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 281,1 миллион АҚШ доллари бўлган 80 та янги лойиҳа амалга оширилади. 5774 та қўшимча иш ўринлари яратилади. Фармон ижросини таъминлаш жараёни аллақачон бошланиб кетган. “Ургут – 1”, “Ургут – 2” зоналари ташкил этилди. Биринчи зона учун туманимизнинг Мерганча массивидан 144 гектар, Сариқтепа массивидан 146 гектар; иккинчи зона учун Пастдарғом туманидаги Дўстлик массивидан 66 гектар, Нуробод туманидаги Сазағон массивидан 360 гектар ер майдони ажратилди. Бу ерларда ўнлаб янги корхона ва фабрикалар ташкил этилади. Саксонта лойиҳа тасдиқдан ўтган, яна 33 та лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳужжатлари тайёрланиб, ўрганиб чиқиш учун “Ургут” ЭИЗ Маъмурий кенгашига топширилган.
Туманимизда бунёдкорлик ишлари кўлами жуда кенг. Шу йилнинг ўзида яна 145 та намунавий уйлар қурилади. 28 та ижтимоий соҳа объектларида 28,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилади. 10 та мактаб, 7 та мактабгача таълим муассасалари, 4 та соғлиқни сақлаш объектлари капитал реконструкция қилинади. 6 та болалар спорти объекти янгидан барпо қилинади. 2 та 300 гектарлик ёнғоқзор яратилади, 1,5 гектарлик 2 та иссиқхона, 1 та картошка қадоқлаш, 5 та қайта ишлаш линиялари, 8 та музхона ишга тушади.
— Шу ўринда туман миқёсида маҳсулотлар экспорти кўлами ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Ургутдан жорий йил ярмида 23 миллион 353 минг АҚШ долларилик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди. Шундан 8 миллион 838 минг доллари саноат, 14 миллион 716 минг доллари қишлоқ хўжалик маҳсулотларига тегишли.
Энг муҳими, аниқ ҳисоб-китобларга асосланган режага кўра, экспортёр корхоналар томонидан 17180 минг доллар, янги жалб этиладиган 12 та корхона томонидан 12430 минг доллар, ҳудудий дастур бўйича 1545 минг доллар ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш орқали қувватлардан самарали фойдаланиш ҳисобидан 9500 минг доллар қийматида экспорт амалга оширилади.
Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспортга чиқариш йўналишида умумий қуввати 30 минг тонна бўлган 12 та 24,5 миллиард сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган. Туманда мева-сабзавот экспортёрлари сафи 6 тадан 15 тага, саноат маҳсулотлари экспортёрлари сафи эса 15 тадан 29 тага кўпаяди.
Фурсатдан фойдаланиб мен бутун меҳнаткаш халқимизни “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган эзгу шиор остида нишонланаётган Истиқлол байрами билан чин дилдан қутлайман.

Далалардан ундирилаётган ризқ
Мамлакатимиз тараққиёти, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда фермерлик ҳаракатининг аҳамияти ҳисобга олиниб, соҳа фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Фермерларимиз фақат маҳсулот етиштириш билан чекланиб қолмасдан, қишлоққа саноатни олиб кириб, ўз маҳсулотини қайта ишлаб, экспортга йўналтирмоқда.
Ургут туманида ҳам ўз меҳнати билан эл-юрт дастурхонини тўкин қилаётган фермерлар кўпчиликни ташкил этади. Шундай хўжаликлардан бири “Бахрин” агрофирмасида жойлашган “Ҳанифа Очилова” фермер хўжалиги ғалла, тамаки, мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган.
Хайрулла Бекмуродов узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган, Ургут туманидаги 31-умумтаълим мактабида ўқувчиларга математика фанидан дарс берган. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда Хайрулла ака фермер хўжалиги ташкил этди ва уни ривожлантиришга киришди. Шартнома режаларини мунтазам уддалади. 2006 йилдан фермер хўжалигига ўғли Муҳиддин раҳбарлик қилиб келмоқда, Хайрулла ака эса иш юритувчи сифатида фаолият олиб бормоқда.
— Фермер хўжалигимизнинг умумий ер майдони 49,70 гектар. Маҳсулотлар экспортини яхши йўлга қўйганмиз. Тожикистонга 100 минг долларлик, Қозоғистонга 100 минг долларлик мева-сабзавот экспорти бўйича шартнома имзолаганмиз, ҳозиргача 50 тоннадан ортиқ маҳсулот жўнатишга эришдик, — дейди “Ҳанифа Очилова” фермер хўжалиги раҳбари Муҳиддин Бекмуродов. — Бугун биз фермерлар ерга эгалик қилиш, ҳосил етиштириш билан бирга бутун бошли хўжаликнинг эртаси, ишчи-хизматчилари оиласи фаровонлиги, элимиз дастурхони тўкинлиги, қолаверса, юрт ободлиги ҳам саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ эканини чуқур англашимиз лозим. Бу биздан дунёга янгича нигоҳ билан қарашни, замонавий билим ва кўникмаларимизни оширишни, етиштирган ҳосилни хомашё сифатида эмас, балки қайта ишлаб тайёр маҳсулот ҳолатида ички ва ташқи бозорга олиб чиқишимизни талаб этади. Шу мақсадда доимо олдинга интилаяпмиз. Бунинг учун бизга давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилганини алоҳида таъкидлаш жоиз, албатта.
— Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараси ҳамда белгиланган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши натижасида барқарор иқтисодий ўсиш таъминланиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хусусан, мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотларини етиштириш суръатлари ортиб бормоқда, — дейди Ургут туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Бекзод Тугалов. — Туманимиз пиллакорлари бу йил давлатга 261 тонна кумуш тола етказиб бериб, ургутликларнинг сўзи ва иши бирлигини яна бир бор исботлади. Ургутликларга хос ва мос бундай нақл исботини бободеҳқон ғаллакорларимизнинг эришган натижаларида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Жорий йилда туманда 38 минг тонна ғалла етиштирилиб, шартномавий режадан ортиқча 17 минг тоннадан зиёд ғалла фермерлар ва деҳқонларимиз қўлида қолди.
Барчамизга маълумки, ўлкамизга тўрт фасл вақтида келади, тупроғи бебаҳо, об-ҳавоси боғдорчилик ва деҳқончилик учун қулай. Республикамизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини хорижга экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 19 сентябрдаги “Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумини мажбурий сотуви ставкаси 25 фоиз этиб белгиланди.
Дарҳақиқат, она юртимизда йилнинг 320 куни қуёшли бўлиши, об-ҳаво, иқлим ва тупроқ шароитларининг қулайлиги заминимизда етиштирилаётган мева, сабзавот, умуман, озиқ-овқат маҳсулотларининг витамин, фойдали микроэлементларга бой бўлишида муҳим омил ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистонда етиштирилаётган маҳсулотларнинг бозори чаққон, экспортбоп. Бугунги кунда мева ва сабзавотлар сархил ва қайта ишланган ҳолатда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинаётгани ҳам фикримизнинг исботидир.

“Ургут маржонаси”
Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилганини бозорларимиздаги тўкинлик мисолида яққол кўриш мумкин.
Ҳозир ўлкамизда айни пишиқчилик палласи. Бозор расталарда кўзни қамаштириб турган ноз-неъматлардан қай бирини танлашга харидор ўйланади. Чунки, мева-чевалар бир-биридан тотли.
Қиш фаслида эса қуритилган меваларга талаб ортади, муҳими, бундай маҳсулотларнинг фойдали хусусияти ҳўл меваникидан қолишмаслиги аллақачон ўз исботини топган. Ушбу маҳсулотлар йил бўйи инсон организмини керакли дармондорилар билан таъминлаш имконини беради. Қуритилган меваларда тўйимлилик даражаси юқори, намлиги жуда паст. Шунинг ҳисобига улар маълум бир ҳаво ҳароратида узоқ муддат сақланади.
Меваларни қуритишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари билан Ургут тумани «Деҳқонобод» маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган «Ургут маржонаси» масъулияти чекланган жамиятида танишдик.
— Қуритиш ишларини олиб боришдан олдин, аввало, сифатли ва мазали, янги узилган мевалардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим, — дейди жамият раҳбари Тошпўлат Аҳмедов. — Дастлаб келтирилган ҳўл меваларни тозалаб, тоза сувда чаямиз. Ундан сўнг мева таркибидаги турли микроб ва майда ҳашаротларни йўқотиш учун кимёвий қўшимчалар қўшилган сувда ювамиз. Ювилиб сараланган меваларни териб, махсус технология ёрдамида қуритишни бошлаймиз. Бу жараён 8-10 соат давом этади.
«Ургут маржонаси» МЧЖ фаолиятини йўлга қўйиш учун дастлаб ака-ука таъсисчилар Тошпўлат, Ҳамроқул, Ўлмас Аҳмедовлар томонидан ишлаб чиқаришга 500 миллион сўм маблағ йўналтирилди. 50 гектар ер майдонида интенсив боғ яратилди. Интенсив боғдорчиликда томчилатиб суғориш технологияси қўлланилгани учун сув сарфи камайди. Чунки бу технология ернинг дарахт учун керакли намга тўйинишига қараб ишлайди. Яъни тупроқ керакли миқдорда намга эга бўлдими, шу заҳоти компьютер сувни тўхтатади. Шунингдек, томчилатиб суғориш дарахт кўчатларини ривожлантириш мақсадида бериладиган озиқни ҳам тежайди.
— Корхона фаолиятини йўлга қўйганимиздан сўнг аҳоли хонадонларидаги қуритилган меваларни қайта ишлашни бошладик, — дейди тадбиркор. — Бу нафақат корхонамизнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, балки аҳолига қўшимча даромад олиш имконини ҳам берди.
Кузатиш жараёнида шунга амин бўлдик: қуруқ меваларни қайта ишлашнинг ҳам ўзига яраша технологияси бор экан. Дастлаб табиий ва кимёвий қўшимча аралаштирилган сувда ювилган қуруқ мевалар махсус идишларда буғлатилади. Буғланган меваларнинг таъми ҳам, мазаси ҳам ўзгармай, керакли, фойдали моддалари ўзида қолади. Қайта ишланаётган мевалар ҳўл мевалардан фарқли равишда 2-3 соат давомида қуритилади. Ниҳоят тайёр бўлган маҳсулотлар қадоқлаш бўлимига юборилиб, корхона ёрлиғи остида қутиларга жойланади.
— Суткасига 18 тонна мевани қайта ишлаш имкониятига эгамиз, — дейди корхона ижрочи директори Раҳматулла Шодиев. — Узум, олма, ўрик, олхўри каби 18 турдаги маҳсулот экспортини йўлга қўйганмиз. Йил мобайнида 500 тонна мевани қайта ишлашни режалаштирганмиз.
– 2013 йилда иш бошлаган корхонамиз фаолияти асосан хорижга қуруқ мева экспорт қилиш билан боғлиқ, – дейди “Ургут маржонаси” масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Абдураҳим Зиёдуллаев. – Россия ва Украинадаги бир қатор фирмалар билан тузилган шартномалар асосида жорий йилнинг биринчи чорагида 260 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Замонавий технологиялар асосида меваларни ювиб, қуритиб, қадоқлаб, уларни хорижга экспорт қилаётган “Ургут маржонаси” МЧЖ фаолияти эътирофга молик. Экспорт имконияти янада кенгайишига ишонамиз, албатта.
Журналист Ойгул РАЗЗОҚОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2001 йилдан бери  фаолият кўрсатаётган «Юрт истиқболи» ижтимоий ахборот маркази (нодавлат нотижорат ташкилот) Сирдарё вилояти ҳуду...
01 янв 1970
Муҳтарам таҳририят ходимлари! Мен умримда бирор жойга шикоят ёзиб, арз қилиб борган эмасман. Шикоятчи эмасман. Лекин Тошкент шаҳар Юнусоб...
01 янв 1970
Мустақиллик даврида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди...
01 янв 1970
Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида солиқлар, аҳоли ҳамда корхоналарга кўрсатилаётган хизматлардан келиб тушадиган маблағларнинг алоҳида ўрни бор....