Ҳар баҳорда шу бўлар такрор...

/
Ҳар йили кўклам нафаси уфуриши билан нафақат Фориш аҳли, балки Жиззах воҳаси ва унга қўшни вилоятларнинг курашчи-ю полвонлари, халқ миллий ўйинлари ва анъанавий ижрочилик санъати ихлосмандлари, хорижий сайёҳ ва экспертлар, қўйингки, баҳорни, янгиланишни соғинган, меҳрга ташна барча ёшу қари “Қизилқир”да ўтадиган Наврўз байрамига ошиқади.
– Ўзгача табиати ва табиий жойлашуви билан кишини ўзига жалб этадиган “Қизилқир”даги байрам бутунлай бошқача ўтади, – дейди Фориш туманидаги 30-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Тўлқин Исломов. – Байрамда ташкил этиладиган болалар ўйинларидан тортиб, улоқ-кўпкари каби ўнлаб халқ ўйинлари ўзбек халқининг турмуши, тарихи ва орзу-истакларини ўзида акс эттиради. Ўйинлар орқали ёшлар ўзларининг нималарга қодирлигини кўз-кўз қилишса, катталар жисмонан соғлом, руҳан тетик ва баркамол авлод етишиб чиқаётганлигини кўриб, дилдан қувонишади.
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли кўплаб миллий қадриятларимиз каби халқ ўйинлари ҳам қайта тикланди. Хусусан, воҳанинг Фориш туманида сақланиб қолган ўнлаб ўйинлар туман, вилоят, республика миқёсида оммалаштирилиб, ҳозирги кунда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук қилиб тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади.
Қувонарлиси, ёш авлодни соғлом ва маънавиятли қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга халқ ўйинларидан мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежларда фойдаланилмоқда. Бир қатор халқ ўйинлари мактаб дастурларига киритилган. Муҳими, ўйинлар ҳаракатларга бойлиги, тезкорлиги, табиийлиги ва мавсумийлиги билан ёшлар орасида кенг оммалашиб бораяпти. Хусусан, қизлар учун мўлжалланган “Бештош”, “Уриб қочар”, “Олиб қочар”, “Қўрғон” ўйинлари уларнинг соғлом бўлиб вояга етишишида катта аҳамиятга эга. Эътиборли жиҳати, мазкур ўйинлар махсус жиҳозларсиз далаларда ва текисликларда ўйналиши мумкин. Ўғил болалар орасида ўйналадиган “Бўрон”, “Минди” сингари ўйинлар катта куч талаб қилиши билан аҳамиятли бўлиб, ёшларни чидамлиликка, ўз кучига тўғри баҳо беришга, ботирлик ва ғолиб бўлишга интилишга ўргатади. Бундай ўйинларни ўйнаган йигитларимиздан келгусида етук Ватан ҳимоячилари етишиб чиқади.
Эътироф этиш керак, тарихи узоқ-узоқларга бориб тақаладиган халқ ўйинлари истиқлол туфайли қайта дунё юзини кўрди. Мустақилликнинг дастлабки йили халқимизнинг, жумладан, форишликларнинг миллий анъаналари асосидаги “Халқ ўйинлари” байрами туман миқёсида ўтказилган бўлса, кейинги икки йилда вилоят даражасига кенгайди. 1994 йилдан буён Форишда анъанавий тарзда ўтказилаётган республика “Халқ ўйинлари” байрам тадбирига ташриф буюрган иштирокчилар, мутахассислар, айниқса, хорижлик экспертлар “Қизилқир” сайилгоҳи ва мингга яқин чавандоз қатнашадиган табиий майдон – отчопарни кўриб ҳайратда қолишади, ўйинларнинг мазмунга бойлиги ва самарадорлигига, ўзбек халқининг нафақат маънавий олами, балки жисмоний маданияти ҳам нақадар юксаклигига тан беришади.
***
– Ҳамқишлоқлар, эшитмадим деманглар, эртага ҳамма Наврўз сайилига!
Жарчининг хабаридан сўнг қишлоқ аҳли сайилга тайёргарлик кўришга киришдилар. Уйларнинг мўрисидан тутун чиқа бошлади...
Эрта тонг. Молгузар тоғ тизмалари бағридан мўралаб чиққан қуёш ҳар кунгиданда ўзгача бир манзара кашф этган. Одамларнинг кайфияти чоғ. Қишлоқдошлар тўда-тўда бўлиб, жўра-жўра бўлиб, тенгқур-тенгқур бўлиб сайилгоҳ томон келишмоқда. Бирининг қўйнида шолча, бирининг қўлида кўрпача, бириникида чойнак, бириникида пиёла. Қўйинг-ки, улар ўзи учун, ўзгалар учун, меҳмон учун, мезбон учун уйларидан керак бўладиган анжомларни олиб чиқишган. Маҳалланинг тўй-маъракалари учун керак бўладиган буюмлари бор, албатта. Лекин шу куни ҳамма ўз уйларидан олиб келган идишлардан фойдаланишади. Бежиз бундай қилишмайди. Кўпчилик ўтирган кўрпачани яна тахмонига йиғиб қўяди: йил давомида уйидан меҳмон аримасин деб. Кўпчилик чой ичган чойнак-пиёлани идиш-товоқлари ичига аралаштириб қўяди: хонадонимдан қут-барака аримасин деб.
Қир бағридан ажойиб қур қилинди. Унга кўрпачалар тўшалди, дастурхонлар ёзилди. Қумғонларда чойлар қайнатилди.
Қишлоқ этагидан байрамона кийинган мўйсафидлар келишди. Салом-аликдан сўнг оқсоқоллар қур тўридан жой олди. Дастурхон баҳорий турфа таомлар билан безатилган. Ойзилхо момо мана беш йилдирки, сумалак қилади. Момо элга худойи сумалак тарқатган киши, тўхтатмасдан етти йил сумалак қилиш кераклигини яхши билади. Оқсоқоллар бир-бирига тавозе билан “олинг-олинг” қилишди. Дастурхонга сумалак тортилди. Шукур бобо қўлига косани олиб:
– Омонлик, омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик, – дея жимжилоғи билан сумалакдан ялади.
Узоқдан хотин-халажларнинг қораси кўринди. Уларга бош бўлиб келаётган Бувайша момонинг тақинчоғи, эгнидаги кўйлак, кўйлак енгидаги жияк, оёғидаги махси-калиш онахонга ўзгача зеб бериб турибди. Момолар ўзлари учун алоҳида тайёрланган жойга бориб ўтиришди. Аёллар ўтирган қур атрофида бошларига ироқи дўппи кийган, мажнунтолдан сочвон тақиб олган қизалоқлар турли ўйинлар ўйнашмоқда.
Ҳар хил таомлар пиширилган идишларни қабул қилиб олган Абдумажид оқсоқол уларни бирин-кетин даврага узата бошлади.
— Борот тоға, мана бу гўжани Бувайша чечам ўз қўллари билан пиширган. Қўли дард кўрмасин. Мана бу сутпаловни Турсун бованинг кампири Яхшигул чечам пиширган, бу унош Қидирбой акамникидан, бу ғилминди Ўроқбой тоғаникидан, бу кўк чучвара Асат амакиникидан... Шу куни таом пишириб келмаган хонадон қолмади. Йиғилганлар олиб келинган овқатларни алқаб-алқаб тановул қилишди. Хонадон эгаларининг таом келтирган идишларига “доим қозонинг қайнаб турсин”, дея қуюғига қуюқдан, суюғига суюқдан солиб беришди.
Дастурхонга Борот бобо дуо ўқиди, юрт тинчлигини, ободлигини тилаб, йилнинг барокатли бўлишини, деҳқончиликка, чорвачиликка қут-барака беришини Яратгандан сўради.
Болалар қир бағрига тойчоқдай йўрғалаб кетишди. Бироздан сўнг уларнинг қийқирган овози эшитилди. Болаларнинг “чиллак”, “қулоқ чўзма”, “эшак минди” каби ўйинлар ўйнашаётганини кўрган оқсоқоллар болалик дамларини эслаб энтикиб-энтикиб қўйишди.
Қир бағридаги сайилгоҳда ўйин-кулги қош қорайгунча давом этди.
Бир сўз билан айтганда, ўаллаоролнинг сўлим гўшасидан саналган Кашшоф қишлоғи аҳли ҳар баҳорда Наврўзни ана шундай анъаналари, удумлари билан қарши олишади.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқаролар томонидан қайд этилган камчилик-нуқсонлардан 62 таси бўйича махсус дастур ишлаб чиқилиб, ҳозирда уни амалга ошириш чоралари кўрилаётган э...
01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...
01 янв 1970
Тил – мулоқот воситаси. Тилдан чиқувчи сўзларимиз билан биз инсонларга маълумот етказамиз, уларнинг гапи орқали янги билимларни ўзлаштира...
01 янв 1970
Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган нақл бежиз айтилмаган. ...