Бурчини унутган ота жазога тортилгач, қарзини тўлади

/
Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган нақл бежиз айтилмаган. Бу сўзлар оталик бурчини адо қилиш нақадар масъулиятли вазифа эканлиги, буни тўла уддалай олмайдиган кишилар ҳам борлигига ишора қилади.
Айниқса, умр йўлдоши билан бирга яшамаётгани ёки ажрашгани сабабли вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб юрган оталарга кўпроқ тааллуқли бу гап.
Қувасой шаҳрининг “Лашкар” маҳалласида яшовчи Эргаш Абдурагимов ана шундай кимсалардан бўлиб чиқди. Маълум бўлишича, Э.Абдурагимов фуқаро Мухлиса Абдурагимова билан турмуш қуриб, улар уч нафар фарзанд кўришган. Аммо кейинчалик ўзаро келишмовчилик туфайли ажрашиб кетишган. Пировардида, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2010 йил 8 апрелдаги суд буйруғига биноан Эргаш Абдурагимовдан фарзандлари вояга етгунга қадар ҳар ойлик даромадининг иккидан бир қисми миқдорида алимент тўлаши белгиланган. Лекин у 2015 йил 1 январдан 2019 йил 1 январгача алимент пулларини тўлашдан очиқ-ойдин бош тортиб келган. Давлат ижрочисининг бир неча бор огоҳлантиришларига ҳам у парво қилмаган. Қарабсизки, ўша давр мобайнида Э.Абдурагимовнинг қарздорлиги 44.760.000 сўмга етган. Бинобарин, Мажбурий ижро бюросининг Қувасой шаҳар бўлими томонидан Э.Абдурагимовга нисбатан МЖтКнинг 474-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилди. Қува туман маъмурий суди эса мазкур модда билан унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Натижада ҳуқуқбузар юқоридаги қарзи эвазига ўз номидаги ҳовли-жойни учинчи фарзанди Асилбек Абдурагимовнинг номига расмийлаштириб берди. Шу боис ундирувчи М.Абдурагимованинг мурожаатига асосан айни иш бўйича ижро ҳаракатлари тугатилди.
Албатта, бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Бироқ гап кимнингдир қарз суммаси кўп-озлиги ёки маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилганида эмас, балки отанинг фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашга мажбурлигини нечоғлик англаб етишидадир. Чунки Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб қатъий белгиланган. Шунинг учун алимент пулларини ундириш борасида бюронинг шаҳар бўлими томонидан маҳаллий ҳокимлик, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ҳудуд профилактика инспекторлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ижобий самара бермоқда. Натижада биргина жорий йилнинг дастлабки чораги мобайнида 34 нафар оила яраштирилиб, вояга етмаган болаларнинг тирик етим бўлиб қолишига барҳам берилди. Зеро, ҳаётда болажонлар кўзига қувонч бахш этишдан ҳам ортиқроқ бахт бўлмаса керак.
Шокиржон СУЛТОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қувасой шаҳар бўлими бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга...
01 янв 1970
Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади....
01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. ...