“Чўпонота” пости тугаб-тугатилмаган қалқон қалъами?

/
Президентимиз 2017 йил 22 декабрда мамлакатимиз парламентига тақдим қилган Мурожаатномасида вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постларини тугатиш, патруль хизмати стационар постлари сонини кескин камайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 май кунидаги “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида, жумладан, тугатиладиган йўл-патруль хизматининг стационар постлари ва патруль пост хизмати постлари рўйхати тасдиқланиб, бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги тизимида ўтказилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар бугун фуқаролар тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш билан бирга аҳоли ўртасида қонун-қоидаларга нисбатан итоаткорликни, ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлашга пухта замин яратмоқда. Ислоҳотлар жараёнида ички ишлар идораларининг иш услуби такомиллаштирилиб, ортиқча, самараси паст деб топилган назорат усуллари ва механизмларидан воз кечилмоқда. Хусусан, мамлакат автомагистрал йўлларида, айрим вилоятлар марказларига кириш жойларида ҳашамдор қурилган, аммо ўтказилган махсус мониторинг таҳлилларига кўра натижадорлиги паст деб топилган назорат-текшириш постлари олиб ташланганлиги кўпчилик кутган ижобий жараён бўлди. Бу борада қабул қилинган қарор мазкур назорат масканлари орқали ўтадиган автотранспорт воситаларининг тирбандлигини камайтириш, ортиқча текшир-текширларга, суиистеъмолчиликларга нуқта қўйиб, минг-минглаб ҳайдовчи-ю йўловчиларнинг беҳуда оворагарчиликда қолишининг олдини олишга ҳуқуқий асос яратганлиги билан ҳаётий аҳамиятга эгадир. Бироқ...
“Катта Ўзбекистон тракти”нинг Самарқанд шаҳрига олиб кирадиган “Чўпонота” (М39 “Алмати — Бишкек — Тошкент — Шаҳрисабз — Термиз” автомобиль йўлининг 1081-километридаги “Штаб” ЙПХ стационар пости, Самарқанд шаҳри) собиқ назорат постидаги манзара ҳайдовчиларнинг таъбини хира қилмоқдаки, бу ҳолатни кўрган кишилар текширишларнинг барҳам топганидан булар бехабарми, қарор ижросига беписандлик шу экан-да, деб ўйлайди. Сабаби, собиқ постдан салгина ташқарида ҳар куни эрталаб беш-олти нафар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари махсус хизмат машиналари ва шахсий автомобилларини йўлга кўндаланг қўйиб, қоидабузарларни тутиш илинжида бўлишади. Ҳар сафар ҳужжатларни ва машина багажларини текшириш жараёнидаги савол-жавоблар эса айрим ҳайдовчиларда бу шаклдаги назоратнинг қонунийлигига шубҳа уйғотмоқда. Баъзи ҳолларда эса очиқдан-очиқ текширувларга, ҳатто жиддий тортишувларга сабаб бўлмоқда. Ҳар куни шу аҳвол, ҳар куни шу манзара...
Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг биринчи отрядига қарашли мазкур пост чиндан ҳам ўз фаолиятини тиклаганми? Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ҳар куни жамоавий бўлиб мазкур нуқтада иш олиб боришларига меъёрий асослар борми?
Журналистик суриштирувимиз чоғида, яъни 2019 йил 26 февраль куни соат 1040 да ана шу саволларга жавоб излаб ортяд бошлиғи Отабек Аблақуловни тополмадик. Уни “меҳнат таътилида” деб айтишди. Хизмат вазифасини бажараётган оддий ходимлар эса биз олган тасвирларни кўздан кечиришгач, “Тўғри, бугун кучайтирилган текшириш ўтказилаётганига сабаб автомобиль олиб қочилганида”, деб изоҳламоқчи бўлишди. Яна Ургутда бола ўғирлаб кетилган, дейишди.
Табиийки, бу қабилдаги ҳангоматалаб жавоблардан қониқмай, вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига мурожаат қилдик. Бу ердаги навбатчилик қисми вакили бизга бошқарманинг ахборот хизмати билан боғланишни маслаҳат берди. Ахборот хизмати бошлиғи Равшан Намозов билан мулоқотимиз чоғида “Чўпонота” пости тугатилганлиги ва у ўз фаолиятини қайта бошлаши учун асос йўқлиги бизга расман билдирилди. У ҳолда 1-отряд ходимларининг жамоавий бўлиб мазкур постда назорат олиб боришларининг сабаби нимада? Ахборот хизмати раҳбари бу ҳолни отряд бошлиғидан билиб олишимизни таъкидлади. Бу жавобдан қониқмаганимизни сезиб, “Чўпонота” пости кўпгина вилоятлар ва туманларга олиб борадиган йўлларнинг чорраҳаси, шундай бўлгач, текширишлар бўлаверади. Фақат назоратчи пост ичкарисида туриб ҳаракат қилмаса бўлгани-да, деб тушунтирди.
Ана энди суратга ЯХШИЛАБ РАЗМ СОЛИНГ! Йўл ҳаракати хавфсизлиги нозири постнинг шундоққина олдида хизмат машинасини кўндаланг қўйиб, ҳайдовчини саволга тутмоқда. Далолатнома тўлғизмоқда. Воқеадан хабардорлигимиздан огоҳ бўлгач, машинани четга олиб йўлни очиб қўйди. Изоҳ талаб қилишимизни билди, шекилли, отряд биносига кириб кўздан ғойиб бўлди. Тахминан ярим соатдан кейин эса постда ҳеч бир назоратчи қолмади.
Бу манзара “Чўпонота” постида назоратчиларнинг жойлашуви хизмат дислокацияси асосида олиб борилаётганлиги ёки аксинча эканлиги хусусида ҳақли савол пайдо қилиши табиий. Башарти, назорат белгиланган дислокация асосида бўлса, йўл ҳаракати хавфсизлиги нозирлари нега хаёл ўтмай хизмат жойларини тарк этишди? Холисона айтганда, илгари темир тўсиқлар ҳамда огоҳлантирувчи белгилар қўйилган, ҳозир эса олиб ташланган пост олдида беш-олти нафар ходимнинг нонуштага ўтиргандек, атиги бир-икки соатлик “машғулоти”дан не маъно-мақсад бор? Ниҳоят, ҳар бир ҳайдовчига ёки мухбирга “автомобиль ўғирлаб кетилганлиги” ҳақидаги важ-карсонни такрорлаб айтаверишдан бирор мантиқ борми?
Ахборот хизмати раҳбари Равшан Намозов бошқарма раҳбарияти ва масъул ходимларнинг тизим фаолиятини яхшилаш бўйича вилоят телевидениеси орқали телетомошабинлар билан мулоқот ўтказилганлиги, унда ҳамма саволларга жавоб топиш мумкинлигини таъкидлайди. Мулоқотда фуқаролар томонидан қайд этилган камчилик-нуқсонлардан 62 таси бўйича махсус дастур ишлаб чиқилиб, ҳозирда уни амалга ошириш чоралари кўрилаётган экан. Лекин дастурга кирмай қолган мавжуд камчиликларни ким тузатади?
Ахир Самарқанднинг соат сайин автомобиллар билан тирбанд бўлиб кетадиган ва ҳаракат хавфсизлиги нозирларининг зудлик билан аралашувига муҳтож кўча, йўллари озми? “Кафторхона” бекатида ҳар куни шундай тирбандликка, қоидабузарликларга дуч келасиз. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг атиги бир нафар ходими ҳафтасига бир- икки кўриниш бериб, тартибни ўнгламоқчи бўлгани қизиқ. Қатнов хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузарликларнинг олдини олишда бошқарма ихтиёридаги кучларни керакли нуқталарга тўғри тақсимлаш вилоят ЙҲХБ раҳбариятининг вазифаси эмасми?
Мухтасар айтганда, тугаб-тугатилмаган “Чўпонота” постидан “кўнгил узолмаётган” нозирларнинг иш юритиши ва раҳбариятнинг бу ҳолга муносабатидан Сиз ҳам огоҳ бўлинг! Бошқарма раҳбариятининг ЙҲХБ фаолиятида очиқлик, ҳисобдорлик амалда таъминланадими, деган саволимизга жавобини эса сиз билан биргаликда кутиб қоламиз, азиз муштарий.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳар дақиқада халқнинг фикрини илғашга, дардига дармон бўлишга интилди. ...
01 янв 1970
Энг муҳими, барча жарроҳлик амалиётлари ва даволаш ишлари шу ернинг ўзида бажарилади. ...
01 янв 1970
Ислом манбашунослари “Ўрта асрларда Марказий Осиёда мусулмон оламида ҳанафия мазҳабининг иккита катта илмий маркази вужудга келди....
01 янв 1970
Ўзбекистон республикаси Конституцияси Қабул Қилинганининг 25 йиллигига