Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига бағишланди

/
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, барчамиз учун қадрли инсон бўлган Ислом Каримов ўз ҳаёти ва тақдирини жонажон Ўзбекистонимиз, халқимизга бағишлади.
Мамлакатимиздаги барча таълим масканларида 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган «Хотира дарслари» бўлиб ўтди.

Улуғ раҳбаримизнинг Ватан равнақи, халқимиз олдидаги буюк хизматларини ёдга олиш мақсадида ташкил этилган мазкур дарсларда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, тарихчи олимлар, ёзувчи ва шоирлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов халқимиз, айниқса, ёш авлод камолоти йўлида мунтазам ғамхўрлик кўрсатганини бутун жаҳон жамоатчилиги эътироф этмоқда. Юртбошимизнинг хотирасини азиз ва муқаддас билиш, истиқлол йилларида мамлакатимизда навқирон авлоднинг порлоқ келажаги йўлида яратилган шароит ва имкониятларни қадрлашга ўргатиш, ёшлар қалбидаги Ватанга муҳаббат, юртпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш кенг жамоатчилик, таълим фидойилари, ота-оналар зиммасидаги энг масъулиятли вазифадир.
Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда «ўзбек модели» деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида мангу қолади. Халқимиз ўзининг тарихан қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг хизматлари, деб билади.
Ўқувчилар Президентимизнинг таржимаи ҳоли билан таништирилгач, махсус мониторда намойиш этилган фильмда Ислом Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбоби, юртимизда амалга оширилган улкан ислоҳотлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамоси сифатидаги хизматлари ҳақида сўз юритилди.
Мустақиллигимизнинг маънавий асосларини яратиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, ижтимоий-иқтисодий жабҳалардаги туб ислоҳотлар, дунё мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик, Қуролли Кучларимизнинг қудратини ошириш йўлидаги ишлар бевосита Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилди. Президентимизнинг узоқни кўзлаган доно сиёсати, матонати, жасорати билан Ўзбекистон тинчлик ва осойишталик барқарор, турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўзаро ҳамжиҳат, аҳил ва тотувликда истиқомат қилаётган мамлакатга айланди.
– Собиқ тузум даврида мутелик, қарамлик исканжасига тушиб қолганимизни катта авлод вакиллари яхши эслайди, – дейди 169-умумтаълим мактаби директори Ёрқиной Маматова. – Миллат дарди – менинг дардим, деб майдонга чиққан Президент Ислом Каримовнинг жасорати билан бутун минтақамизда ғараз ниятли найрангларга, турли фитналарга барҳам берилди. «Пахта иши», «Ўзбеклар иши» деган туҳматларга чек қўйилди. Ноҳақ қамалган, жабр чеккан минглаб юртдошларимиз озод этилди. Бугун ёшларимиз тинч ва осойишта осмон остида, ота-онаси бағрида эмин-эркин улғаймоқда. Улар истиқлолни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унинг қадрига етиш зарурлигини, бу ёруғ ва саодатли кунларимиз, бахтиёр ҳаётимиз халқимизнинг фидойи инсонлари чеккан машаққатлар эвазига келганини билиши керак.
Мамлакатимизнинг барча таълим масканларида бўлгани каби академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтган «Хотира дарслари»да ҳам Биринчи Президентимизнинг жонажон Ватанимиз буюк келажаги, тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари ҳақида ҳикоя қилинди.
– Президентимиз Ислом Каримовнинг Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз озодлигини таъминлаш йўлидаги чеккан заҳмати, миллатимиз олдидаги юксак хизматларини ёшлар онги ва қалбига сингдириш ғоят улкан маънавий-маърифий, тарбиявий аҳамиятга эга, – дейди Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги молия ва иқтисодиёт коллежи директори Отабек Мирзағаниев. – Айниқса, Президентимизнинг мамлакатимизни дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига кўтариш, халқимизнинг ҳаёт сифатини ошириш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришдаги хизматлари халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.
Машғулотлар жараёнида келтирилган факт ва рақамлар Ўзбекистонда истиқлол йиллари эришилган улкан ютуқлар ҳақида ҳикоя қилади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, уч босқичли спорт мусобақалари тизими ташкил этилди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан жойларда 300 га яқин болалар мусиқа ва спорт мактаби, 1 минг 900 дан зиёд спорт иншооти бунёд этилди. Сўнгги 10 йилда болалар ва ўсмирларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етди.
12 йилдан бери мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ўсиши кўрсаткичи саккиз фоиздан зиёд бўлиб келмоқда.
– Бугунги дарс жараёнида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг нақадар жасоратли, мард, қатъиятли, узоқни кўра олувчи, зукко, эл-юрт ташвишларини ўз ҳаётининг маъно-мазмунига айлантирган инсон эканига яна бир карра амин бўлдик, – дейди ушбу коллеж ўқувчиси Моҳичеҳра Абдукаримова. – Халқимизнинг буюк фарзанди Ислом Каримовнинг порлоқ хотираси барча юртдошларимиз сингари биз – ёшларнинг ҳам қалбимизда мангу муҳрланиб қолади.
Тошкент темир йўл муҳандислари институтида ҳам «Хотира дарслари» замонавий ахборот, педагогик технологиялардан кенг фойдаланилган ҳолда ҳаётий мисоллар ёрдамида ўтилди.
Собиқ тузум даврида Ўзбекистон иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, аҳолининг ҳаёт даражаси ачинарли аҳволга тушиб қолган аграр республика эди. Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатимиз суверенитетининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга оид дастурлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ғалла мустақиллиги, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация соҳасидаги мустақиллигини таъминлашга эришилди. Нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат, тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларнинг изчил равнақ топаётгани бу борадаги пухта сиёсатнинг амалий натижасидир.
– Президентимиз доим биз – ёшларга мурожаат этганларида «Азиз фарзандларим, маррани баланд олинглар. Ўқиб-ўрганиш, касб эгаллаш, изланишдан бир муддат ҳам тўхтаманг», деб кўп бора такрорлаб, шу муқаддас заминни обод этиш, уни ҳимоялаш барчамизнинг бурчимиз эканини уқтирар эди, – дейди ушбу институт талабаси Умид Мажидов. – Юртбошимиз каби Ватанимизга содиқ, фидойи, мард ва жасур, қатъиятли бўлиш бизларнинг чин фарзандлик бурчимиздир.
«Хотира дарслари» мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида бўлиб ўтди. Юртга фидойилик, ватанпарварлик, одамийлик, ибрат сабоқларига айланган ушбу дарсларда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг порлоқ хотираси барча ўғил-қизларнинг ёдида мангу сақланиб қолиши, улар Ватанимизни, мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаши, тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиши, юртимиздаги ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаши – бу барча юртдошларимиз каби ёшларнинг ҳам бурчи экани алоҳида таъкидланди.
ЎзА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сиёсий дастури ҳамда Сайловолди дастури лойиҳалари юзасидан муҳокамалар партия тизимида қизғин давом э...
01 янв 1970
Депутатлик гуруҳимиз томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.
01 янв 1970
Ҳурматли “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ходимлари, “тўртинчи ҳокимият”нинг жонкуяр вакиллари!...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, барчамиз учун қадрли инсон бўлган Ислом Каримов ўз ҳаёти ва тақдирини жонажон Ўзбекистонимиз, халқи...