Синфда ўқувчилар сонини меъёрлаштириш борасида ўрганишлар олиб борилмоқда

/
Ҳудудларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ўз вақтида ва қонуний тартибда ечим топиш орқали депутатлар сайловчиларнинг ишончини оқлашга, жойларда қонун устуворлигини таъминлашга эришадилар. Шу мақсадда депутатлик гуруҳимиз томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлиги ва масъулиятини кучайтириш давр талабига айланган. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалалари устида бош қотириб, зарур таклифларни илгари суришда умумий мақсадларимиздаги ҳаётий ва халқчил хусусиятларни ҳам намоён қила олишимиз лозим. Аҳоли билан ҳамнафас ишлашда, айниқса, тарғибот-ташвиқот ишлари жараёнида зарур масалаларни тўғри аниқлаб олиш имконияти туғилади.
Жорий йилда депутатлик гуруҳимиз томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида мутасадди ташкилотларга киритилган депутатлик сўровларининг аксарияти ижобий ҳал этилди. Гуруҳимизнинг ҳар бир аъзоси бу ишга масъулият ва жиддийлик билан ёндашиб келмоқда.
Фуқароларнинг тумандаги бир қатор ички йўлларни таъмирлаш зарурлиги, йўлларнинг таъмирталаб қисмлари, айниқса, ўқувчиларнинг мактабга қатнашида ноқулайлик пайдо қилаётгани ҳақида қилган мурожаатлари юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Партия гуруҳи аъзолари томонидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари киритилиб, ушбу масалалар ўрганиб чиқилди.
Депутатлик гуруҳимизнинг туман ҳокими ўринбосарига, туман ободонлаштириш бошқармасига, “Йўл-пудрат таъмир” корхонаси, тиббиёт бирлашмаси раҳбарларига, “Навгади”, “Зарафшон” МФЙлар раисларига юборган депутатлик сўровлари асосида “Алиле” қишлоғида мактабга борадиган йўлларнинг 5 километр узунликдаги носоз қисмлари таъмирланди. Туман марказидаги ички йўллар остидан канализация қувурлари ўтган қисмларида қувурларнинг ҳолати ва бошқа шу каби жараёнларни назорат қилиб бориш учун белгиланган жойлар (назорат қудуқчалари)нинг усти очиқ ҳолда қолиши мумкин эмас, албатта. Айрим йўлларда ана шундай ҳолатлар борлиги аниқланиб, назорат қудуқчаларининг усти беркитилди. Бир қатор кўчалар ободонлаштирилди. “Маҳмуд Торобий”, “Нарзи Ражабов” кўчаларида тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб, пиёдалар учун йўлаклар барпо этилди.
Учрашувлардан бирида фуқаролар “Зарафшон” МФЙ “Тобагар” қишлоғида жойлашган 23-умумтаълим мактабининг атрофларини ободонлаштириш зарурлиги ҳақида бизга ўз таклифларини билдиришди. Шу мақсадда мутасадди ташкилотларга киритилган депутатлик сўрови ҳам ижобий натижа берди. Ушбу масканга борадиган йўл таъмирланиб, таълим даргоҳининг атрофи обод этилди, боғ ва гулзорлар барпо қилинди.
Жорий йилнинг октябрь ойида халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш Жондор туман бўлими раҳбарига туман мактабларидаги синф ўқувчилари сонини оптималлаштириш масаласида депутатлик сўрови юборилди. Ўқитувчилар ва ота-оналарнинг фикрига кўра ҳар бир синфда ўқувчилар сонининг мақбуллаштирилиши болаларнинг дарсни яхши ўзлаштириши, ўқитувчи ҳам ҳар бир ўқувчи билан мавзу юзасидан лозим даражада шуғулланиши учун зарурдир. Ҳозирда мазкур масалани атрофлича ўрганиш ва зарур чора-тадбирлар кўриш мақсадида депутатларимиз халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими билан ҳамкорликда иш олиб боришмоқда.
Акбар СОЛИЕВ,
халқ депутатлари Жондор туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Андижон туманидаги “Саддатаги” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан “Бола ҳуқуқлари в...
01 янв 1970
Ҳуқуқий тарбия — демократик жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим омилларидан бири саналади. ...
01 янв 1970
Юртимизда таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Миллат кўзгусига Губор туширмайлик   1989 йилнинг 21 октябрида мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қ...