Халқимизнинг орзу-мақсадлари ифодаси

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинган "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармони билан мамлакат тараққиётининг келгуси 5 йилга мўлжалланган устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди.
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг барча даражадаги тузилмалари ҳамда депутатлик гуруҳлари томонидан жойларда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни чуқур ўрганиш ва уларнинг ижросини таъминлашда иштирокини белгилаб олиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 27-28 февраль ва 1 март кунлари партия Марказий аппарати ташаббуси билан Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти партия Кенгашларида "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ижросини таъминлашда Ўзбекистон "Адолат" СДПнинг иштироки" мавзусида фаоллар йиғилишлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 7 февралидаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармони ҳамда унга мувофиқ қабул қилинган "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури қизиқиш билан ўрганилди. Шу билан бирга, партия фаоллари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз фаолиятларини таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқиб, Давлат дастури ижросини таъминлашда жорий йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида келишиб олишди. Бундай тадбирлар март ойида партиянинг бошқа ҳудудий кенгашларида ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастуридан келиб чиқиб, партия тизимида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни электорат билан юзма-юз мулоқот куни, деб эълон қилиниб, шу куни партия фаоллари ва депутатлари жойларда аҳоли билан учрашиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва қонуний тартибда ҳал қилиш чораларини кўрмоқдалар.
Таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши — давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани тараққий эттириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш бўйича аниқ, ҳаётий чора-тадбирлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Бу ҳужжат, шубҳасиз, мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишдек улуғвор мақсадларга хизмат қилади.
Ҳаракатлар стратегиясининг барча йўналишларида белгиланган чора-тадбирлар инсон манфаатлари ҳамда жамиятимизнинг барча соҳаларини қамраб олганлиги билан алоҳида аҳамиятга эгадир. Унда сиёсий партияларнинг давлат ҳаётидаги ролини кучайтиришга доир бир қатор вазифалар ҳам белгиланган.
Хусусан, ушбу ҳужжатнинг биринчи йўналишида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш назарда тутилган бўлиб, шу мақсадда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш назарда тутилган. Бу қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Ушбу мақсадларга сиёсий партиялар томонидан шакллантириладиган вакиллик органларининг ваколатларини кенгайтириш, соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш орқали эришиш кўзда тутилган.
Яъни, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг "Парламент назорати тўғрисида"ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бу билан мамлакатимизда парламент назоратининг янги шакли жорий этилади. Эндиликда парламент аъзоларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиш, унинг натижалари бўйича тегишли чоралар кўриш ваколатини бериш назарда тутилмоқда. Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Бу билан партия гуруҳлари маҳаллий Кенгаш сессияларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини кўриб чиқиш, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш ҳақидаги таклифларни киритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу билан бирга, туман (шаҳар) ҳокими номзодини вилоят ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказилгандан сўнг халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этиш механизми йўлга қўйилади. Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига тегишли туман (шаҳар) ҳокимларининг, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг қониқарсиз фаолияти ҳақида хулосалар тақдим этиш ҳуқуқи берилади.
Буларнинг барчаси сиёсий партияларнинг аҳолини ўйлантираётган муаммоларни самарали ҳал этиши, ҳудудларни ривожлантиришда фаол иштирок этишига мустаҳкам замин яратади, мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши тизимини тубдан такомиллаштиришда янги босқични бошлаб беради.
Ҳаракатлар стратегиясида партиямиз Сайловолди дастурларида илгари сурилган бир қатор ғоя ва мақсадлар мужассам этилгани ҳам биз учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг энг муҳим шарти сифатида ушбу ҳужжатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш каби суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилган. Қувонарлиси, ушбу вазифаларни изчиллик билан амалга оширишда Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони дастлабки муҳим қадам бўлди.
Энг муҳими, ушбу соҳада давом эттирилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият даражасига кўтариш, суд ҳокимияти нуфузи ва самарадорлигини юксалтириш, одил судловни амалга ошириш каби конституциявий принципларни қарор топтириши билан Ўзбекистон "Адолат" СДП дастурий мақсадлари рўёбига ҳам хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ҳаётбахш вазифалар Ўзбекистон "Адолат" СДПнинг барча даражадаги ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари, қолаверса, партиянинг ҳар бир аъзосини ушбу дастурий вазифалар ижросида фаол иштирок этишга ундайди. Шундай экан, халқимизнинг эзгу орзу-мақсадларини ўзида мужассам этган мазкур қомусий ҳужжатнинг ҳаётга тўлақонли жорий этилишида ўз ҳиссамизни қўшишни барчамиз Ватан олдидаги муқаддас бурчимиз, деб билмоғимиз зарур.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон "Адолат" СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...
01 янв 1970
Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати ички ривожланиш вазифаларини ҳал этишнинг самарали воситаси сифатида шаклланаётганини кузатишимиз мумкин. ...
01 янв 1970
Баҳодир ака Устабоев қарийб ўн йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. ...
01 янв 1970
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғидаги самимий мулоқотлар вилоят фаоллари, тадбиркорлари, зиёлилари ва кенг жамоатчилик заммасига янги масъ...