Минтақавий хавфсизлик яхлит ва бўлинмасдир

/
Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари БМТ шафеълигида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича ўтказилган халқаро конференция, шубҳасиз, ўтиб бораётган йилимизнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурилган ҳамда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича муҳим амалий қадамлардан бири бўлган мазкур йирик халқаро тадбирда 500 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, МДҲ, Европа, Осиё ҳамда Америка давлатларининг нуфузли расмий делегациялари, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарияти, 100 га яқин таниқли халқаро экспертлар ва етакчи хорижий ОАВ ходимлари, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари қатнашдилар.
Халқаро анжуманда сўзга чиққан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида Марказий Осиёда осойишталик ҳамда барқарор тараққиётга эришиш йўлида амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсат, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқаларни такомиллаштириш ва фаоллаштиришга қаратилган 6 та йўналишдаги устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Булар савдо-иқтисодий, транспорт ва транзит-логистика, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, давлат чегараларига доир масалаларни якунига етказиш, сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш, мамлакатлар, халқларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш каби йўналишлардир.
Ушбу йўналишлар ичида, айниқса, Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ йўналиш алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Марказий Осиё минтақасида тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий топган макон барпо этиш — Ўзбекистон интиладиган энг улуғ мақсад ва асосий вазифадир.
Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёни тинчлик, осойишталик, барқарор тараққиёт ҳамда яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Чунончи, мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик, аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш яқин ва ўрта муддатли стратегияда ташқи сиёсатимизнинг устувор вазифаси сифатида қайд этилган.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақаси ўзининг геосиёсий ва геостратегик аҳамияти, катта миқдордаги минерал ва хом-ашё ресурслари туфайли халқаро майдонда жиддий эътибор объектига айланиб бормоқда. Дунёнинг йирик давлатларининг ушбу минтақадаги стратегик манфаатлари, афсуски, ҳамиша бир-бирига мос тушаётгани йўқ. Аксинча, аксарият ҳолатларда ушбу манфаатларнинг ўзаро тўқнашуви содир бўлмоқда. Салкам 40 йилдан бери Афғонистонда давом этаётган кескинлик ва қарама-қаршилик фикримизнинг яққол далилидир.
Президентимизнинг маърузасида минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, митақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича Ўзбекистоннинг қатор таклиф ва ташаббуслари янгради. Айниқса, бугунги кунда минтақанинг барча мамлакатларини ташвишга солаётган терроризм, диний экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига қарши самарали курашишни фақат биргаликда, минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик механизмлари доирасида таъминлаш зарурлиги қайд этилди. “Хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарур” – деб қатъий фикр билдирди Президентимиз. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз раҳбари хавфсизлик масалаларининг ечими бўйича, энг аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида, шунингдек, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар механизмлари доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.
Маълумки, Президентимиз жорий йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, ўз маърузасида Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва асосий сиёсий кучлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканлигини, афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақли эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Самарқанддаги анжуманда ҳам мамлакатимиз раҳбари Афғонистон масаласига доир Ўзбекистоннинг позициясини яна бир бор эълон қилиб, бугунги кунда Марказий Осиёда барқарор ва изчил тараққиётнинг истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш билан чамбарчас боғлиқлигини қайд этди. Бу борада биринчи галдаги вазифа — Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашишдан иборатдир.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон қатор йиллардан буён Афғонистонда иқтисодий-ижтимоий инфратузилмани яхшилашга ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда. Мамлакатимиз бундан кейин ҳам жафокаш афғон халқининг қаддини тиклаш, қўшни мамлакатнинг транспорт ва энергетик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрлар тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этади.
Президентимизнинг маърузада илгари сурилган прогрессив ва ўта дадил фикрларини умумлаштирган ҳолда қуйидаги хулосага келиш мумкин: Марказий Осиёдаги хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар яхлит ва бўлинмасдир, уни таъминлаш фақат айрим давлатларнинг индивидуал вазифаси эмас, балки ҳамманинг умумий вазифаси ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, минтақавий хавфсизлик Марказий Осиёдаги ҳар бир давлатнинг алоҳида саъй-ҳаракатлари эвазига эмас, балки минтақа мамлакатларининг бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ҳаракат қилиши ва халқаро ҳамжамият билан узвий ҳамкорлик қилиши орқалигина таъминланиши мумкин.
Умуман олганда, Самарқандда бўлиб ўтган нуфузли халқаро анжуман Марказий Осиё давлатларининг барқарор ривожланиши, минтақавий кўплаб жиддий масалаларнинг ҳал қилиниши, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш учун янги имкониятлар эшигини очади. Халқаро анжуманнинг амалий натижаларидан бири сифатида Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари томонидан 2018-2019 йилларда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланиши ташқи сиёсат маҳкамаларининг кўп томонлама ҳамкорлиги учун асос бўлиб хизмат қилади.
Конференция иштирокчилари Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясига Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир махсус резолюция қабул қилиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватладилар.
Халқаро конференция cўнггида Марказий Осиё халқларини ўйлантираётган асосий масалалар ўз ифодасини топган якуний ҳужжат — коммюнике қабул қилинди. Мазкур коммюникеда конференция иштирокчилари томонидан билдирилган принципиал фикр-мулоҳазалар ўз ифодасини топди. Шу билан бирга, минтақада сиёсий ишонч даражасининг мустаҳкамланаётгани, давлатлараро муносабатлардаги ижобий ўзгаришлар, “Марказий Осиё — бизнинг умумий уйимиз” ғояси ҳам коммюникеда ўз аксини топди.
Ишончимиз комилки, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган мазкур халқаро анжуман Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга, минтақадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан амалий мулоқотни мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва ролини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда....
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ташқи дунё билан нафақат сиёсий, балки савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро манфаатли муноса...
01 янв 1970
Бугун дунёда кечаётган глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намо...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги сифат бос...