Адолат — қонун устуворлигида

/
Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши шарт
Инсоният тарихида макон ва замон танламайдиган энг олий мезонлардан бири — бу, шубҳасиз, адолатдир. Зеро, адолат устувор бўлган жойда фаровонлик ҳукм суради, тараққиёт бўлади, эртанги кунга ишонч ортади, юртга файзу барака келади, одамларда меҳр-оқибат кучаяди, халқнинг орзу-истаклари рўёбга чиқади. Замонлар ўтса-да адолатли раҳбарларни халқ ҳамиша хотирасида сақлайди. Шу боис ҳам халқ ижодида адолатли ва адолатсиз етакчилар ҳақида кўпдан-кўп достонлар, масаллар учрайди. Чунончи, адолат ва ҳақиқатга интилиш, адолатли жамиятда яшаш ҳар бир халқнинг асрий орзуси бўлиб келган.
Бугун мамлакатимизда кечаётган демократик янгиланишларнинг янги босқичида халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, барчанинг фикрини билиш, дардини эшитиш ва ҳақиқий ҳаётга мос бўлган халқчил стратегияни амалга оширишнинг ҳосиласи сифатида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан адолат тамойили кун тартибидаги энг устувор масалалардан бири сифатида илгари сурилмоқда.
Юртбошимиз, у қайси мансаб ёки лавозимда бўлмасин, ҳар бир раҳбардан қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик баробарида, албатта, адолатли бўлишни талаб этаётгани, Биринчи Президентимизнинг «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот — инсон манфаати учун», деган пурҳикмат ғояси изчил ва тизимли давом эттирилаётгани ҳар бир фуқаронинг қалбига қувонч бағишлаб, келажакка ишонч билан қарашга ундамоқда.
Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги нутқини кенг жамоатчилигимиз катта мамнуният билан кутиб олди. Ушбу маъруза, айниқса, адолат ва қонун устуворлиги тарафдори бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фаолларини, электоратини тўлқинлантириб юборди.
Зеро, партиямиз учун қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаси доимо муҳим аҳамият касб этиб келган. Хусусан, партиямиз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида “Адолат – қонун устуворлигида”, “Қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади”, “Куч – адолатда” каби ғояларни ҳаётга кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб билади.
Биз “кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор”, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда партиямиз суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, суд ва судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни таклиф этиб келмоқда. Энг муҳими, ушбу таклифларнинг аксарияти бугунги кунга келиб Президентимизнинг соҳага доир қарор ва фармонларида ва парламентимиз томонидан қабул қилинган қонунларда ҳамда амалиётда ўз ифодасини топаётгани бизни қувонтиради.
Давлатимиз раҳбари суд тизими вакиллари билан учрашувдаги нутқида соҳада эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларни, таъбир жоиз бўлса, адолат тарозисида тортиб, хатоларни рўй-рост кўрсатган ҳолда истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилаб берди. Албатта, Президентимиз жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтириш борасида аввалги нутқларида ҳам кўп бора тўхталиб ўтган эди. Бу гал Юртбошимиз куюнчаклик билан “Асосий вазифаси ва бурчи оқни – оққа, қорани – қорага ажратиш, адолатни ҳимоя қилишдан иборат бўлган судья қонунга, ўз касбига хиёнат қилса, одамлар додини кимга айтади? Адолат излаб қаерга боради?”, дея ҳақиқатни очиқ-ойдин гапирди. Тўғри-да, модомики одамлар тақдири, таъбир жоиз бўлса, ҳаёти судьялар қўлида экан, бу лавозимда фақат ва фақат адолат яловини маҳкам тутган инсонлар фаолият олиб бориши ҳаётий заруриятдир.
Қолаверса, ушбу фикрлар нафақат суд тизими ходимлари, балки Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун ўзини масъул, деб билган мансабдор шахслардан тортиб, оддий фуқарони ҳам ҳақиқатга тик боқишга, ислоҳотларга дахлдор бўлишга ундади десак, янглишмаймиз.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, кейинги пайтларда соҳага оид жадаллашган саъй-ҳаракатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва алоҳида назорати доирасида кечаётгани барчамизни қувонтирмоқда.
Хусусан, жорий йил бошида қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган эди.
Қолаверса, Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳам соҳадаги туб ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ судьялик лавозимига тайинлаш (сайлаш) муддатларига аниқлик киритилди. Узоқ йиллар муҳокамалар билан чекланиб келинган судьялик лавозим муддати қатъиятлик билан узил-кесил ҳал этилди. Адолат қарор топди, яъни судьялик лавозимига биринчи маротаба тайинлаш беш йилга, иккинчи маротаба — ўн йил, кейингисида муддатсиз тайинланиш (сайланиш), зарур бўлганида етмиш ёшгача ва ундан кейин ҳам фаолият кўрсатиш имкони яратилди. Бу судьяларнинг ёши, малакаси, касб маҳорати ва ҳаётий тажрибасини инобатга олган ҳолда узоқроқ муддат фаолият кўрсатишини кафолатлаш баробарида, уларнинг бошқа давлат органлари олдидаги мустақиллигини таъминлаш омили ҳамдир. “Қари билганни пари билмас” деганларидек, бунда, албатта, судьяларнинг халқимиз кўз ўнгида нуроний, мукаммал, комил шахслар бўлиб кўриниши ҳам эътиборга олинган.
Бундан ташқари, келгусида судларнинг замонавий биноларда, яъни суд ходимлари ва фуқаролар учун барча қулайликлар мавжуд жойда фаолият юритиши учун комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, суд тизими ходимларини ижтимоий ҳимоялаш, уларга зарур шароит яратиш режалаштирилганлиги суд органининг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга ҳамда судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади. Албатта, бундай ёндашув одил судлов органларига нисбатан ҳурмат кўрсатилишидан ва судьяларнинг умумэътироф этилган нормалар даражасида ижтимоий ҳимояга олинишидан далолат беради.
Шу билан бирга, ўтган қисқа давр ичида судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил қилиниши билан судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг янада адолатли тизими шакллантирилди. Айниқса, Президент судьяларни тайинлаш билан боғлиқ ўз ваколатининг бир қисмини Судьялар олий кенгаши ваколатига ўтказиб берганлиги бу янги тузилмага бўлган ишонч ва масъулиятдир.
Суд ислоҳотларининг яна бир муҳим жиҳати, “Судлар тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган ва узоқ йиллардан буён ечимини кутиб келган маъмурий судлар ўз фаолиятини бошлади. Шу билан бир вақтда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий орган сифатида янгидан шакллантирилди. Бу ҳам одил судловнинг институционал ривожланишига, инсон ҳуқуқларини тизимли ва ишончли ҳимоя қилинишига, яхлит бошқарув орқали қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилади, албатта.
Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани ҳам Президентимиз томонидан бир қатор аниқ мисоллар асосида келтириб ўтилган тизимдаги қонун бузилиш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим қадам бўлди. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ишончли механизмидир. Чунки қўшимча терговга юбориш институтидан воз кечилиши, оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш каби масъулиятни зиммасига олмаган судьяларнинг “Отангга бор, онангга бор” қабилида иш юритиш ҳолатларига барҳам беради.
Шунингдек, ўтган даврда қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ давлат бошқаруви ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари, жумладан, ҳокимлар, прокурор ва ички ишлар органлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисоб бериш амалиёти жорий этилди. Президентимизнинг эндиликда ҳар бир судьянинг жойларда ойига камида бир марта аҳоли билан очиқ мулоқотини ташкил этиш, суд ходимларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ўз фаолияти бўйича ахборот бериб бориши тизимини жорий этиш ташаббуси одил судлов органлари вакилларининг халқ билан яқинлигини таъминлашга хизмат қилади. Зотан, халқимиз судьяларни “халқ суди”, “халқ судьяси” деб аташи бежиз эмас. Албатта, мазкур амалиётнинг йўлга қўйилиши судьяларни халқ ичида бўлишга ундайди. Улар билан ҳамдард, ҳамфикрликка чорлайди.
Юртбошимиз “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди” деган сўзларнинг маъносига судьялар эътиборини қаратар экан, адолат посбони саналадиган ушбу касб эгалари томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг қонуний ва адолатли бўлиши зарурлигини таъкидлади. Бу борада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини сўзсиз таъминлаш лозимлиги ҳақида билдирилган фикрлар эса адолатни таъминлаш йўлидаги яна бир қатъий қадам бўлди. Ҳақиқатан, судья ўз қасамёдига содиқ қолиб фақат қонунга бўйсунган ва ўз виждони олдида пок бўлган ҳолда иш кўриши керак. Суд ишига аралашув нафақат судьянинг қасамёди, ҳатто Конституциямизнинг “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деган талаби бузилишига олиб келади. Бундай ҳаракат, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, оғир жиноят ҳисобланади.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда одамларнинг ҳуқуқий онгги ва маданияти юксалиб бораётгани, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши англаб етаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига фуқаролар томонидан йўлланаётган мурожаатларнинг сони ва доирасида бу яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, фуқаролардан тушаётган мурожаатлар орасида суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқлари кўпчиликни ташкил этаётгани давлатимиз раҳбари томонидан афсус билан қайд этилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, судьялар билан мулоқот жараёнида тилга олиб ўтилган танқидий мулоҳазалар асосида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш ғояси кенг жамоатчилигимиз қаторида “Адолат” партияси фаоли сифатида бизни жуда тўлқинлантирди.
Президентимизнинг судьяларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ихтисослаштирилган ўқув муассасаси — Одил судлов академиясини ташкил этишга доир таклифи ҳам суд ходимларининг билими, малакаси ва масъулиятини ошириш орқали одил судлов амалиётини тўлиқ таъминлаш имконини беради.
Бундан ташқари, халқ олдида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги ижобий тажрибаларни кенг оммалаштириш учун “Судьялар клуби”, “Суд ҳимоясида” каби рукнлар остида марказий телеканаллар ҳамда газеталарда мунтазам равишда туркум кўрсатув ва мақолалар эълон қилиб бориш ҳақида илгари сурилган амалий фикрлар ҳам одил судловни рўёбга чиқариш ҳамда судларнинг обрўсини мустаҳкамлаш, шу билан бир вақтда жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг пойтахтимизда “Адолат саройи” деб аталадиган янги мажмуани барпо этиш ҳақидаги таклифини ҳам “Адолат” СДП фаоллари тўла қўллаб-қувватлайдилар. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, давлат ҳокимиятининг узвий тармоғи бўлган суд тизимига кирадиган барча суд муассасаларини бир жойга жамлайдиган ушбу муҳташам даргоҳ адолат истаб келадиган ҳар бир фуқаро учун ўз саволига қонуний жавоб топадиган масканга айланиши шубҳасиз.
Умуман, Президентимизнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, эл-юртимизнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган бундай эътиборини “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғоянинг амалдаги ифодаси сифатида эътироф этиш мумкин. Дарвоқе, Юртбошимиз томонидан кўтарилаётган масалалар ва уларнинг ечимини, амалга оширилаётган ислоҳотларни, айниқса, инсонга бўлган юқори муносабатни кўриб Алишер Навоийнинг “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами” деган пурмано сатрлари ёдимизга келади.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу дастуриламал маърузаси Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги тузилмалари томонидан чуқур ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди. Айни кунларда унинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш бўйича жойларда турли тадбирлар ўтказилмоқда. Эндиликда партиямиз олдида турган энг муҳим вазифалардан яна бири суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган янгиланишларга мос равишда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фаол иштирок этиш, бунинг учун ҳар бир маҳаллада Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича кўнгилли лекторларини шакллантириш, улар орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ҳаракатлар стратегияси, қабул қилинаётган қонунлар, Президент қарорлари ва фармонларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ишларини тизимли йўлга қўйишдан иборатдир. Зеро, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши биладиган, қонун ва амалдаги тартиб-қоидаларни, одил судлов органларини ҳурмат қиладиган жамиятда қонун устувор бўлади. Қонун устувор бўлган жойда эса адолат қарор топиши муқаррар.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Оқни – оқ дейиш керак
“Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш – барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти” мавзусида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ижтимоий ҳаётимизда катта аҳамиятга эга воқеа бўлди.
Йиғилишда истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Бу борада ҳали ўз ечимини топмаган камчилик ва муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, муҳим амалий хулосалар чиқарилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кунда давлат бошқаруви органларида фаолият кўрсатаётган барча инсонлар қатори судьялар фаолиятининг ҳам кундалик қоидаси бўлиб қолиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Президентимизнинг суд органлари ходимлари билан учрашувдаги нутқидан келиб чиққан ҳолда хулоса қиладиган бўлсак, суд жазоловчи орган эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилувчи орган бўлиши зарур.
Йиғилишда Президентимиз томонидан долзарб, вазиятни ижобий томонга ўзгартиш учун амалга оширилиши керак бўлган вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун, биринчи навбатда, ҳар бир судья ўз фаолиятини танқидий жиҳатдан кўриб чиқиб, ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириб, ўзининг жавобгарлигини кескин ошириши лозим бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари томонидан қонунчиликни мустаҳкамлаш, республикада одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида 2016 йил давомида ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарадиган шарт-шароитлар ва сабабларнинг олдини олиш бўйича 1.578 та (2015 йили 1.409 та) ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилган. 452 та (2015 йили 393 та) жиноят ва маъмурий ишлар бўйича сайёр суд мажлислари ўтказилган.
Кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, уларнинг сони 37 (2015 йили 85) тани ташкил қилган. Умумлаштиришлар натижаси бўйича тегишли корхона, муассаса ва ташкилотларга 23 та (2015 йили 68 та) тақдимномалар киритилган.
Ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса, ташкилот ва ахоли ўртасида 1740 (2015 йили 1605) маротаба чиқишлар, учрашувлар ва суҳбатлар ўтказилган.
Натижада 2016 йили қасддан баданга оғир шикаст етказиш жинояти 19 тага ёки 27,5 фоизга, порахўрлик жинояти 29 тага ёки 27,9 фоизга, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар 43 тага ёки 34,1 фоизга, безорилик жинояти 63 тага ёки 43,4 фоизга, шунингдек, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлар 24 тага ёки 21,4 фоизга камайган.
2017 йилнинг 5 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари томонидан ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг содир қилиниши сабабларини ва уларга имкон бераётган шароитларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан жами 530 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, улар сони 13 тани ташкил қилди. Умумлаштиришлар натижаси бўйича тегишли корхона, муассаса ва ташкилотларга 21 та тақдимномалар қиритилган.
2017 йилнинг 1 июнь кунига қадар судьялар ва суд ходимлари томонидан корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳамда аҳоли ўртасида жами 990 та лекция, семинар ва учрашувлар ўтказилган.
Оммавий ахборот воситалари орқали жами 99 та, шундан радиода 39 та, телевидениеда 33 та, газета ва журналларда 27 та чиқишлар амалга оширилган.
Жиноий ва маъмурий ишлар юзасидан жами 1.514 та сайёр суд мажлислари ўтказилган.
Натижада 2017 йилнинг 5 ойи давомида қасддан одам ўлдириш жинояти 3 та ёки 33,3 фоизга, номусга тегиш жинояти 11 та ёки 84,6 фоизга, босқинчилик жинояти 3 та ёки 60,0 фоизга камайган.
Бу борада олиб бораётган ишларимиз, албатта, бугунги кун талаби даражасида эмас. Шу сабабли одил судловни амалга ошириш фаолиятимиз билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш ҳамда уларнинг дардини эшитиш ва мулоқотлар қилиш орқали уларга нисбатан теран ҳуқуқий мазмунли ахборот ва маълумотларни етказиш мақсадида ҳар бир судьяга амалга ошириши лозим бўлган чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқамиз. Шунга асосан ҳар бир судья ойига камида бир маротаба маҳалла, корхона, муассаса ва ташкилотларга, шунингдек, таълим муассасаларига чиқиб, аҳолининг дардини эшитади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида учрашувлар, лекциялар ва давра суҳбатлари ўтказиш орқали халқ билан мулоқотни янада кучайтиришимиз лозим. Эндиликда ишимизга янада жиддий эътибор қаратиб, қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинганлиги муносабати билан судьяларимиз масъулиятни ўз зиммаларига олиб, Президентимиз маърузаcида айтиб ўтганидек оқни — оқ, қорани — қора деб оқлов ёки айблов ҳукми чиқариши лозим бўлади.
Неъмат ХАТАМОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг раиси

Адолат қўрғони барпо этилади
Суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида қатнашиб, Президентимизнинг нутқини тинглар эканман, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлашда ҳокимиятнинг мустақил тармоғи бўлган суд тизимини бугунги ҳаёт ва давр талаблари асосида чуқур ислоҳ қилиш ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини эшитиб, бу ижтимоий ҳаётимиз учун муҳим ҳаётий мезонга айланганлигини янада чуқурроқ англаб етдим.
Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш, улар устидан назоратни белгилаш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Мазкур янги Кенгаш судьялар ҳамжамиятининг юқори органи бўлиб, у мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашади. Ушбу Кенгашнинг ташкил этилиши суд-ҳуқуқ тизимида катта ўзгариш ҳисобланади.
Хўш, Судьялар олий кенгаши қандай ишларни амалга оширади? Кенгаш, аввало, судьялик лавозимига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаб олади. Судьяларни тайинлаш, касбий тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил этади. Судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолайди, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб боради, аҳоли билан мулоқотларни амалга оширади. Шунингдек, судьяларни интизомий, жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани ҳам кўриб чиқади. Бошқача айтганда, Кенгаш суд тизимидаги бутунлай янги, адолатпарварликка, демократияга, очиқ-ойдинликка хизмат қиладиган, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонуний асосда кўриб чиқадиган янгиликларни яратишга хизмат қилади. Кенгаш фаолиятида, эътибор берган бўлсангиз, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ва аҳоли билан мулоқотлар олиб боради, дейилган. Демак, бу суд ишларида адолатнинг рўёбга чиқиши учун ошкоралик институтини юзага келтириш ҳисобланади. Яъни жиноятчиларни жазолаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиб, халқ билан мулоқотларда ошкор қилинади. Халқ билан мулоқотлар эса судьяларнинг аҳоли олдида ҳисоботлари тарзида амалга оширилади. Бундай жараён ҳам суд тизимида пайдо бўлаётган ўзига хос янгилик саналади. Суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда яна бир масалага — судларни янада ихтисослаштириш, суд аппаратини мустаҳкамлаш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари ходимларини ўқитиш, танлаш, тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада яна бир янгилик — судьяларнинг касбий маҳоратини, малакасини ошириш мақсадида ихтисослашган ўқув муассасаси — Одил судлов академияси ташкил этиладиган бўлди.
Суд-ҳуқуқ тизимида, қонунчиликда иккита масалага эътибор бериб келинади. Биринчиси, жиноятчиларга қарши кураш, уларни қонуний асосда жазолаш, жиноятга жазо муқаррарлигини амалга ошириш орқали жамиятда адолатни қарор топтириш бўлса, иккинчиси, жиноятчиликнинг олдини олиш натижасида юрт тараққиётига хизмат қилишдан иборат. Кўп йиллар давомида суд тизимининг асосий фаолияти жиноятчиликка қарши курашдан иборат бўлиб келди. Энди эса ҳаёт бу борада ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар олдига янгича талабни — жиноятчиликнинг олдини олишни асосий масала қилиб қўймоқда. Президентимиз бу борада ҳам ташаббускор бўлди. Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб эълон қилинди. Шу куни жойларда ҳуқуқ-тартибот ва суд идоралари вакиллари аҳоли билан учрашувлар, суҳбатлар ўтказиб келмоқда. Ушбу мулоқотларда катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган ёши улуғ нуронийлар ҳам иштирок этиб, содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларига нисбатан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Жиноят йўлларига билиб-билмай кириб қолганлар халқ олдида уялтирилмоқда. Ёшларнинг ҳаётда тўғри йўл топиб олишлари учун имкон берилмоқда. Бу ишлар ҳаётда жиноятчиликнинг олдини олишда катта ибрат мактаби эканлиги аён бўлмоқда.
Бунинг яққол мисоли сифатида яқинда фаолиятимда рўй берган бир воқеани келтириб ўтмоқчи эдим. Туман судимизга ўғирлик жиноятини содир қилган икки нафар шахсни олиб келишди. Жиноят ишини сайёр суд мажлисида кўриб чиқиш учун иккала жиноятчини улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинига олиб бордик. Суд жараёнида жиноятчиларнинг ота-оналари, қариндош-уруғларига ҳам сўз бердик. Улар жиноятчиларга қаттиқ танбеҳ беришди. “Маҳаллада сендақа жиноятчиларга ўрин йўқ. Бизга фарзанд эмассан, сендай ўғрилардан ор қиламиз”, дейишди. Сайёр суд охирида изза тортиб, мулзам бўлган жиноятчилардан “Энди сизларга қандай жазо берсак адолатли бўлади?”, деб сўраганимизда, “Дунёда ота-онанинг, қариндош-уруғнинг, халқнинг сендан юз ўгиришидан ортиқ жазо борми? Энди сизларнинг берадиган жазонгиз бу жазо олдида ниҳоятда енгил”, дейишди улар афсус билан. Ана шунда мен бундай учрашувлар, суҳбатлар, сайёр судларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда тарбиявий аҳамияти нақадар катта эканини яна бир бор англадим.
Давлатимиз раҳбари ушбу йиғилишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаймиз, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантирамиз, деди қатъият билан. Биз эса Президентимизнинг бу фикрларини ўз фаолиятимиз билан ҳаётда амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Адл қўрғонини мустаҳкам қонуний асосда барпо этамиз.
Зафар НАЗАРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди раиси
 
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоячисига айланайлик
Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини, фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш фаолиятини янада такомиллаштириш йўналишида судлар тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 13 июнь куни видеоконференцалоқа режимида ўтказилган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган тарихий йиғилишда истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилгани қайд этилиб, айни пайтда соҳа ривожига танқидий ёндашиш, судлар ва судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилганлиги бежиз эмас.
Зеро, кейинги пайтларда фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг катта қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани бу йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига тушган мурожаатларнинг 50 мингдан зиёди айнан судлар устидан, хусусан, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича эканлиги жуда ачинарли ҳолатдир.
Шунинг учун судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш, ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги кераклиги, адолат ва маънавият — ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Шу маънода ҳам судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг мутлақо янги органи — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил қилингани бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганини кўрсатади.
Тўғрисини айтишимиз керак, давлат томонидан судьяларга бир қатор ижтимоий ёрдам берилиб келинаётган бўлса-да, айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, тамагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш каби салбий ҳолатлар учраб келаётгани қаттиқ танқид қилинди ва бу ҳақда аччиқ гаплар айтилди.
Маърузада таъкидланганидек, охирги йилларда судьялардан 50 нафари жиноий жавобгарликка тортилганлиги, жорий йилнинг олти ойида эса 7 нафар судьянинг яна жиноятга қўл урганлиги жуда аянчли ҳолатдир. Йиғилишда ушбу ҳолатлар чуқур таҳлиллар асосида аниқ мисоллар билан, рўй-рост очиб берилди.
Албатта, бундай вазиятда одамлар судга, судьяларга ишонмай қўяди, Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонага, юқори давлат органларига мурожаат қилишга, ҳақли эътирозлар билдиришга мажбур бўлади. Фуқаролар судьяларнинг ўз вазифаларини амалда қандай бажараётганлигига қараб, уларнинг фаолиятига, қолаверса, суд ҳокимиятига ва давлат органларининг фаолиятига баҳо беради. Шу боис, бундан буён, ким бўлишидан, иш стажидан қатъи назар, қонунларни оёқости қилишга, қонунларга ва одамларга бепарво бўлишга, ўзини билиб-билмасликка олишга асло чидаб бўлмайди ва бундай нуқсонларга йўл қўйиб бўлмайди. Бундай нопок судьяларга судьялар корпусида ўрин йўқ. Олий суд бу ишлар бўйича назоратни кучайтириб, ҳар бир судьянинг фаолиятини таҳлил қилиб, тегишли баҳо бериб, Судьялар олий кенгаши билан яқин ҳамкорликда ишлайди.
Шунинг учун фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилган судья ва суд ходимларига муносиб баҳо бериш, ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиши, судьялар ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши, бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш белгиланганлигини қўллаб-қувватлаймиз.
Зеро, судьяларнинг адолат посбони, давлат ва халқ хизматчиси сифатида оддий одамлар билан очиқ, юзма-юз мулоқот қилишлари, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам беришлари, шунингдек, халқ депутатлари олдида ўз фаолиятлари юзасидан ахборот беришлари, содир этилган ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларнинг атрофлича таҳлил қилиниши ҳамда муҳокама этилиши, биринчидан, айнан шу жойда, яъни маҳаллаларда, корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга амалий ёрдам беради, иккинчидан, аҳолининг ҳуқуқий маданияти янада ошади, учинчидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар билан ҳамкорлик яхшиланади.
2017 йилнинг 1 июнидан янгидан ташкил этилган ва ўз фаолиятини бошлаган Олий суд раҳбарияти ва судьялари жойларга чиқиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилмоқдалар Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг ариза-шикоятларида келтирилган важларни чуқурроқ, атрофлича ўрганишга, уларга ҳуқуқий баҳо беришга, кейин эса узил-кесил қарор қабул қилишга имконият яратмоқда. Бунда ойига камида бир марта жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш кераклигига яна бир бор амин бўлдик.
Шу билан бирга, Олий суд томонидан узоқ муддат давомида ечимини топмай келаётган низоли ишларнинг алоҳида рўйхатини тузиш, уларнинг мураккаблигига қараб ишларни Олий суднинг биринчи инстанциясига олиб, қисқа муддатларда ҳал қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туман (шаҳар)ларнинг янгидан ташкил қилинган маъмурий судлари судьялари учун видеоконференцалоқа тизими ёрдамида ўқув семинар-тренинг машғулотлари режа асосида олиб борилмоқда.
Яна бир муҳим масала. Янги тайинланган судьяларнинг давлатимиз байроғи олдида қасамёд қилишлари пайтида Олий суд пленуми йиғилишига уларнинг ота-оналари, яқин қариндошларини таклиф этган ҳолда тантанали ўтказиш тартибининг жорий этилгани судьяларнинг масъулиятини янада оширади.
Жорий йилнинг 12 июнида бўлиб ўтган Олий суднинг пленуми мажлисида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2017 йил 7 июндаги қарорлари билан илк бор лавозимларга тайинланган 15 нафар судьялар ўз оила аъзоларининг иштирокида тантанали қасамёд қилдилар ҳамда уларнинг ҳар бирига судьялик гувоҳномаси ва “Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари” китоби топширилди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мажлисда сўзга чиққан ота-оналар ҳам ўз фарзандларининг судьялик қасамёдига содиқ қолишларига, тўғри ва ҳалол ишлаб, Ватанимизга хизмат қилишларига кафолат бердилар.
Олий суд пленумининг барча қарорларини хатловдан ўтказиб, уларнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги нуқтаи назаридан ишчи гуруҳлари томонидан кўриб чиқиш иши ҳам бошланди ва унинг натижаларига кўра, қонунга зид бўлган қарорларнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши таъминланади. Шунингдек, суд амалиётидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг иккинчи ярмида пленум муҳокамасига киритиладиган аниқ масалалар белгилаб олинди ва ишчи гуруҳлари томонидан тегишли қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди. Булар эса судьялар ва қонунни қўллайдиган ташкилотлар учун ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши муқаррар.
Судьяларнинг фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш мезонларининг қайта кўриб чиқилиши, Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари ўрнига бугунги кун талабларини инобатга олган ҳолда янги Судьялар одоб-ахлоқи кодексининг ишлаб чиқилиши ҳам юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун хизмат қилади.
Одил судлов академиясининг ташкил этилиши адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилишга қодир, мустаҳкам иродали, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган судьялар ва суд ходимларини шакллантиришга хизмат қилади. Шу ўринда, муҳтарам Президентимиз томонидан йиғилишда айтилган “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак” деган сўзлари амалий фаолиятимиз учун асос бўлиши керак.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, маҳалла, корхона ва ташкилотларда кенг жамоатчилик иштирокида сайёр суд мажлисларида ишларни кўриш кўламини янада кенгайтириш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, жумладан, электрон суд стенографияси, видеоконференцалоқани кенг жорий этиш, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминловчи идоралараро электрон маълумот алмашиш тизимини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш жараёнини доимий ўрганиб, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ тавсия ҳамда амалий кўрсатмалар берилди.
Бу ишларнинг амалга оширилиши муҳим аҳамият касб этади. Жойларда сайёр суд мажлисларининг ўтказилиши, одамларнинг етти марта эшитганидан кўра, бир марта суд мажлисини кўргани ва содир этилган жиноий қилмиш учун жазонинг муқаррарлигига ишонч ҳосил қилиши, суднинг тарбиявий профилактика ишини кучайтиришга, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, қонунчиликни мустаҳкамлашга кўмаклашади.
Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир судьянинг кундалик қоидаси бўлиб қолиши даркор. Юқорида қайд этилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳар бир судья олдига қўйилган вазифалар сифатли амалга оширилишини таъминлаш, суд органлари ва судьялар фаолиятини қонун ва адолат талаблари асосида самарали ташкил этиш учун суд тизимида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Иброҳим АЛИМОВ,
Олий суд судьяси

Одил судловга эришиш йўлида
Президентимизнинг судьялар билан учрашувида судлар фаолиятидаги бугунги аҳвол, одил судловни рўёбга чиқаришда тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари бўйича келгусидаги долзарб вазифалар батафсил таҳлил этиб берилди.
Президентимиз нутқидаги мамлакатимизда одил судловни юритиш борасида йўл қўйилган жиддий камчиликлар ва нуқсонлар, уларни бартараф қилиш ҳақида рўй-рост фикрларни юрагимиздан ўтказиб қабул қилдик.
Бошқа соҳалар каби одил судловни амалга оширувчи тизим ҳам кечаги кун билан яшаб бўлмаслигини, ишимизга теран кўз билан назар солишни, фаолиятимизни қайтадан танқидий кўриб чиқишни, холислик ва шаффофликни таъминлашни давр тақозо этаётганлигини чуқур ҳис этдик.
Дарҳақиқат, ўтган даврда қилинган ишларга қарамасдан, ҳали тўлақонли одил судловга эришганмиз, деб айтолмаймиз. Ачинарлиси, буни фуқароларимиз ҳам ҳис қилишмоқда.
Бугун ҳаётнинг ўзи инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашни устувор вазифа қилиб қўймоқда. Бунинг учун эса, судьялар аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-умидлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.
Судья ҳар бир суд ишини адолатли ҳал этиши керак. Ҳар бир қарорни юрак, виждонини ўртага қўйиб чиқариши лозим.
Судья ҳар бир ҳукм, қарор чиқаргандан кейин, албатта, у нима учун бундай қарорга келганлигини тушунтириш орқали адолатли ҳукм, қарор қабул қилинганлигини халққа етказиши шарт.
Президентимиз томонидан ҳар бир чоракка мўлжалланган график асосида судьяларнинг халқ билан мулоқот ўрнатишга қаратилган аниқ тадбирлар амалга оширилиши шартлиги белгилаб берилди. Бу борада судьялар мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
Эндиликда судларнинг тарбиявий-профилактик ролини ошириш учун маҳаллаларда, иш ва хизмат жойларида, таълим муассасаларида сайёр суд мажлислари ўтказиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик холатларини кенг муҳокама қилиш тажрибасини кенг йўлга қўямиз. Сайёр суд мажлисларини ўтказишда ҳуқуқбузарлик ёки низо кўп учраётган ҳудудларни қамраб олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Президентимизнинг маърузасида билдирилган фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, юксак ишончни тўла оқлашга, халқимиз кутаётган адолатли, асосли ва қонуний қарорларни қабул қилишга бутун билим, тажриба ва ғайрат-шижоатимизни бағишлашимиз шарт.
Амирхон СИДИҚОВ,
Олий суд судьяси

Фаровон ҳаёт ва эзгулик мезони
Мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган қатор ислоҳотлар шу вақтгача ҳам амалга ошириб келинган. Аммо бугунги кунга келиб айрим ўзини оқламаган жиҳатларга барҳам берилиб, суд тизими айни вақтда ўзининг янги босқичига кўтарилмоқда.
Суд тизими тузилмасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича Президентимиз томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар, фармонлар бу жараёнда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи бандида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгилангани ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг 7 моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилгани, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганидан далолатдир.
Суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилганини қайд этиш билан бирга, ҳали бу борада ўз ечимини топмаган камчилик ва муаммолар борлигини таъкидлади.
Албатта, ҳар бир соҳа ривожида ислоҳотлар амалга оширилиб турилмаса, камчиликлар кўлами кенгайиб бораверади. Ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, тизимни янада такомиллаштириш бугунги давр талаби эди.
Адолат тушунчасининг салмоғи оғир. Президентимиз таъкидлаганидек, адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келган. Унинг устуворлигини таъминлашда эса давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта.
Аммо кейинги пайтларда аҳолининг судларга бўлган эътирозлари кўпайиб бораётганди. Одамлар адолатга ишонмай қўйишаётгандек эди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари мамлакатимиз фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг катта қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ эканлигини таъкидлар экан, бу йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигини куюниб гапирди.
Асосий мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир, деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари суд тизимини малакали кадрлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Кун тартибида малакали кадрларни бугунги давр талабига мос равишда тарбиялаш масаласи турибди. Бу борада тизимда ҳали қилиниши лозим бўлган жиддий ишлар бор.
Президентимиз йиғилишда таъкидлаганидек, бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Шу маънода, ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги керак.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтди.
Айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, тамагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб келаётгани қаттиқ танқид қилинди. Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо бериш зарурлиги қатъий таъкидланди.
Судьялар орасида қонунбузарлик ва йўл қўйилаётган тамагирлик ҳолатларини кечириб бўлмайди. Бундай салбий ҳолатларнинг учраётгани ҳам ҳали бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларнинг бир талай эканлигини кўрсатиб турибди.
Олий суднинг янги раҳбарлари олдига бундай камчилик ва муаммоларни тезлик билан бартараф этиш, суд органлари ва судьялар фаолиятини қонун ва адолат талаблари асосида самарали ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Йиғилишда судьяларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Президентимиз томонидан бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ихтисослашган ўқув муассасаси – Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақида билдирилган таклиф йиғилиш қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, йиғилишда судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш вақти келгани қайд этилди. Бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо беради, деди давлатимиз раҳбари.
Тизимда ислоҳотлар давом этади. Уларнинг ижроси халқ манфаатига хизмат қилади. Аммо халқ суд тизимидан рози бўлмаса, бошқа, янада қатъий чора-тадбирлар белгиланади. Буни йиғилишда давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлади.
Ижро, вазифага масъулиятли ёндашув масаласига келсак, Президентимиз таъбири билан айтганда, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кунда давлат бошқаруви органларида фаолият кўрсатаётган барча инсонлар қатори судьялар фаолиятининг ҳам кундалик қоидаси бўлиб қолиши зарур.
Бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, эл-юртимизнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан айниқса муҳим аҳамиятга эгадир.
Алишер МАРДИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, I даражали адлия давлат маслаҳатчиси

Юксак номга муносиб бўлайлик
Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида иштирок этар эканман, давлатимиз раҳбарининг суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган маърузасидан жуда таъсирландим. Соҳада учраётган айрим камчилик, нуқсонлар, уларни бартараф этиш йўллари, суд-ҳуқуқ соҳасида яқин истиқболда амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлар ҳақида жон куйдириб сўзланган маърузадан сўнг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасидаги мақсад ва вазифаларни янада изчиллик билан, тизимли амалга оширишга бўлган иштиёқим кучайди.
Дарҳақиқат, онги, фикри ва тафаккурида фақатгина адолат бўлган судьягина фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилади. Бундай судьянинг иш фаолиятида фақат қонун устувор бўлади, қонунгагина таянган судья шахсий манфаатининг “қули”га айланмайди. Йиғилишда айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, тамагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб келаётгани ҳақида билдирилган танқидий фикрлар, очиғини айтганда, биз, судьяларнинг “юзимиз қизаришига” сабаб бўлди. Ўрни келганда айтиш лозим, орамизда меҳнатсевар, ҳалол, қонунни ҳурмат қилувчи, одил судъялар талайгина. Лекин орамизда бир нафар бўлсада, ўз шахсий манфаатини ўзганинг тақдиридан устун қўювчи, одамларнинг тақдирига бефарқ, нопок ҳамкасбимиз бор экан, биз одамларимизнинг адолатга, одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлай олмаймиз.
Президентимиз суд-ҳуқуқ соҳасининг янада ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бир қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратгани, яъни судъяларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ихтисослашган ўқув муассасаси – Одил судлов академиясини ташкил этиш, ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш, халқ олдида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги ижобий тажрибаларни оммалаштириш мақсадида “Судьялар клуби” ва “Суд ҳимоясида” рукнлари остида марказий телеканаллар ва газеталарда мунтазам равишда туркум кўрсатув ва мақолалар эълон қилиб бориш ҳақида билдирилган таклифи барча ҳамкасбларимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланди. Шунингдек, Президентимиз ўз нутқида юксак маънавий ахлоққа эга бўлмаган одам судья бўлиши мумкин эмаслиги, судья, аввало, адолат посбони бўлиши лозимлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
Биз, судьялар давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар, таклиф ва ҳар томонлама чуқур асослаб берилган долзарб вазифалардан тўғри хулоса чиқариб, бугундан бошлаб ишга бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартириш, аввало, маънавий тафаккуримиз ва дунёқарашимизни бугунги кун талабига мос равишда шакллантириш, халқимиз ишончига сазовор бўлиш учун бор билим ва тажрибамизни ишга солиш, бир сўз билан айтганда, судья деган юксак номга муносиб бўлишга ваъда берамиз.
Шерзод РАЖАБОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси
 
Халқ олдидаги ҳисобот — холислик минбари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз суд тизими ходимлари билан учрашувида қатнашар эканмиз, давлатимиз раҳбарининг судлар халқпарвар бўлмагунча курашни тўхтатмаймиз, деган фикрларини ишимизнинг бор мазмуни, бор моҳияти сифатида англадик. Президентимизнинг адолат қонун устуворлигида намоён бўлади, дея таъкидлаши бу борада истиқлолимизнинг дастлабки даврларида бошланган саъй-ҳаракатлар, юритилаётган сиёсат изчил ва бардавом эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Давлатимиз раҳбари учрашувда уқтирганидек, адолат бўлмоғи учун қонун устуворлиги зарур. Қонун устуворлиги бўлмаган жойда адолат ҳам бўлмайди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, судьянинг маънавий савияси суст бўлган жойда адолат тантана қилолмайди. Шу боис, Президентимизнинг истиқболда юксак маънавий билим, савия ва фазилатга эга бўлган шахсларгина судьялик лавозимига тавсия этиладилар, деган сўзлари адолат тантанаси йўлида ташланган муҳим ва салмоқли қадам сифатида эътироф этилмоғи даркор.
Юртбошимиз сўзларидан уққанимиз яна бир мужда шуки, виждон ва иймон сустлиги одиллик, холислик йўлидаги катта ғовдир. Бу ғов яқин-яқинларгача шарт ва зарур бўлган ҳолларда ҳам муайян шахслар устидан оқлов ҳукмларини чиқаришга монелик қилиб келди. Ишни келишув орқали қўшимча терговга қайтариш ҳоллари ана шунинг оқибатида рўй берди. Бу юзадан Президентимиз айтган мулоҳазалар ва қўшимча тергов институтининг судлов амалиётдан чиқарилгани, авваламбор, иши судга тушганлар учун адолат номи билан аталувчи катта совға бўлди. Президентимиз бағоят ибратли шиорни ўртага ташлади. Унга кўра судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши даркор. Бизнингча, бу даъват нафақат суд тизими ходимлари, балки бошқалар учун ҳам ҳаёт ва ҳаракат шиори, дастуриламалига айланмоғи шарт.
Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, Президентимиз мазкур учрашувда ўртага қўйган долзарб ва тагзаминли масалалар, баён этган оқилона фикр-мулоҳазалар, йўл-йўриқлар Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган икки ҳуқуқий ҳужжат, хусусан, “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2016 йил 21 октябрда ҳамда “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 21 февралда қабул қилинган фармонларнинг мазмун-моҳиятига тўла ҳамоҳангдир.
Бу соҳадаги кенг қамровли ишлар, режа ва дастурлар ижроси судловга оид демократик тартиб-тамойилларни амалда қўллаш борасидаги саъй-ҳаракатларни нафақат тубдан кучайтириш, балки юртимизда инсонпарварлик ғояларини янада ривожлантириш, уни амалиётга изчил жорий этиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ва кенгроқ йўл очади. Қонун олдидаги масъулият ва уни собитқадамлик билан бажаришга қаратилган тадбирлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш гарови ҳисобланади.
Шу ўринда сайёр суд мажлисларини адолат, холислик, қонунийлик майдони десак, камлик қилади. Бу жараёнда масаланинг тарбиявий жиҳати олдинги маррага чиқади. Муҳокама этилаётган масалага суд ҳайъатидан ташқари кенг жамоатчилик ҳам ўз муносабатини билдиради, судланувчи, айбланувчининг қилмишига суд билан бирга халқнинг ўзи ҳам баҳо беради. Сайёр суд мажлисларининг кучи ана шу тариқа унинг катта тарбиявий қуввати, қудрати таъсирида намоён бўлади. Президентимиз бу борада судлар ялпи суд мажлисларининг камида 30 фоизини сайёр тарзда ўтказиши масаласини қўйдилар.
Кези келганда таъкидлаш лозим, Хоразм вилоятида бу соҳада етарлича тажриба тўпланди десам, муболаға бўлмайди. Жорий йилнинг биргина сўнгги 2,5 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича 284 та, йил бошидан буён эса 377 та ёки жами кўрилган суд ишларининг 42,1 фоизи сайёр тарзда ўтказилгани ва бу соҳадаги кўрсаткичлар миқдори тўхтовсиз ортаётгани фикримизни тасдиқлайди. Эътиборли жиҳати, сайёр судлар ва қабулларда фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаётган омиллар ўрганилиб, уларга тегишли тушунтиришлар берилаяпти, аксарият мурожаатлар қаноатлантирилмоқда.
Ишимизнинг умумий асосларига келсак, жорий йилнинг 1-чорагида судлар томонидан кўриб, тамомланган жиноят ишлари сони 694 тани, айбланувчи тариқасида судга жалб қилинганлар сони эса 711 нафарни ташкил қилди. Шу давр ичида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 452 та жиноят иши бўйича хусусий ажримлар чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча кўпдир. Кўриб чиқилган барча жиноят ишларининг 88,4 фоизига нисбатан хусусий ажримлар чиқарилди. Бу кўрсаткич бир йил муқаддам 82,7 фоизга тенг бўлганлигини алоҳида айтиб ўтиш зарур.
“Судьялар ва суд аппарати ходимларининг одоб-ахлоқ ва юриш-туриши—судлар фаолиятини такомиллаштириш, обрў-эътиборини ошириш, чинакам суд мустақиллигини таъминлашнинг муҳим омили” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилиб, семинар материаллари асосида “Суд даргоҳи — юксак ахлоқий меъёрлар маскани” номли рисола чоп этилди.
Президентимизнинг аҳоли ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда Хоразм вилояти тажрибасини амалда қўллаш юзасидан баён этган таклифи бизни янада руҳлантирди. Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт келди”, деган дастуриламал сўзларини ҳаётга изчил татбиқ этиш мақсадида омма билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ишимиз мезонига айланди. Халқ дардини эшитиб, муаммолари ечимини топиш учун ҳаракат қилиб келаяпмиз. Бу эса касбий фаолиятимиз самарадорлиги, адолат, ҳақиқат, холислик, одиллик ва албатта қонунийлик тантанасига хизмат қилади.
Фуқароларнинг дардини эшитиш ёки уларни қабул қилиш суд даргоҳининг остонасиданоқ бошланмоғи керак. Бу фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада ортиши гарови эканлигини соҳанинг ҳар бир ходими дилдан ҳис этиши зарур.
Хулоса қилиб айтганда, халқнинг ичига кириб, дардини эшитиб, ўзаро хамкорлик муҳитини юзага келтириш, одамлар фикрини инобатга олган ҳолда адолатли қарор чиқарилишини таъминлаш асосий бурчимиз, мажбуриятимиз, эл-юрт олдидаги фарзу қарзимиз эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ.
Шубҳа йўқки, бундай тадбирлар ўз самарасини беради, инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, халқ, давлат ва жамият манфаатини таъминлаш судлар фаолиятида энг юқори ва асосий ўринга кўтарилади. Зеро, одил судлов борасида давлатимиз раҳбарининг нутқи ва фармонларида кўзда тутилган олижаноб мақсад ва муддаолар ҳам шундан иборат.
Бобир УМАРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши шарт
01 янв 1970
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда....
01 янв 1970
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, ёши улуғ фуқароларнинг, ёлғиз кексаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда....
01 янв 1970
Александр Шлик дўстона қабул учун ташаккур билдирди ва партияга сайловда муваффақият тилади....