Аҳолига қулайлик яратиш йўлида яна бир муҳим қадам

/
Мустақиллик йилларида автомобиль транспорти хизмати соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида собиқ Иттифоқдан мерос бўлиб ўтган муаммолардан бири – йўловчи ташиш масаласи ўзининг барқарор ечимини топди ва нафақат шаҳарларда, балки энг узоқ қишлоқ ҳудудларида ҳам йўловчиларнинг ўз манзилларига етиб бориши учун жаҳон бозори андозаларига мувофиқлашган талаб даражасида хизматлар кўрсатиш шаклланди.
Ислоҳотлар натижасида соҳада қулай бизнес муҳити яратилиши ҳисобига давлат томонидан ажратилаётган маблағлар билан бир қаторда тадбиркорлар томонидан молиявий ресурслар соҳага инвестиция қилинди. Бугунги кунга келиб автомобилда йўловчи ташиш хизмати бозорида хусусий секторнинг улуши 90 фоиздан ортмоқда. Энг қувонарлиси, мустақиллик йилларида автомобилда йўловчи ташиш транспортининг барча турлари ўзимизда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Уларнинг сифат кўрсаткичлари ҳам жаҳон талаблари даражасига етказилди. Йўловчиларнинг транспорт воситаларидан фойдаланаётгандаги хавфсизлиги масалалари мамлакатимизда махсус қонун билан ҳимояланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”га қарор мазкур соҳани янада ривожлантириш йўлида яна бир дадил қадам бўлди.
Жумладан, мамлакатимизда йўловчи ташишда фойдаланилаётган автостанцияларни янгилаш, йўналишларни белгилашда нафақат аҳоли зич яшаётган манзилларни ўзаро боғлаш, балки энг чекка ҳудудларда жойлашган йўналишларни ҳам эътиборга олиш ва кенгайтириш, автомобиль йўлларининг йўл қопламаларини, биринчи навбатда, қишлоқ жойларда яхшилаш ҳисобига аҳолининг автомобилларда ташувга бўлган талаб-эҳтиёжини тўлиқ қондиришни таъминлаш масалалари устувор этиб белгиланди.
Шунингдек, асосий эътибор йўловчилар ташиш хавфсизлиги чора-тадбирларини кучайтириш, йўналишлар бўйича ҳаракатланиш жадвалларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматларнинг сифат даражасини ошириш, йўловчилар ташиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини шакллантириш, йўлкира ҳақи учун нақд пулсиз тўлов тизимини жорий этиш бугунги куннинг муҳим вазифалари, деб қайд этилди.
Мазкур масалаларни ҳал этишда йўловчи ташиш транспорти эгаларининг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш ва транспорт воситалари эксплуатациясини самарали ташкил этиш, яъни уларнинг йўналишлардаги бекатларга белгиланган вақтларда етиб келиши, турган ёки ҳаракатланаётган йўналиши ҳақида йўловчилар махсус электрон дастурлар орқали тўлиқ хабардор бўлиши автомобиль транспортини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, деб белгиланди.
Мазкур устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги зиммасига йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини оширишга йўналтирилган комплекс амалий чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва тизимли асосда амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазифаси юкланган ҳолда унинг ваколати доираси ҳам кенгайтирилди.
Президентимизнинг мазкур қарорига мувофиқ 2017-2018 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Дастур келгусида йўловчилар ташийдиган янги автобус йўналишларини йўлга қўйиш ва янги автобуслар ҳамда микроавтобуслар сотиб олишнинг параметрлари, автовокзаллар ҳамда автостанцияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш тадбирларини қамраб олган.
Ушбу дастур ижроси давомида 303 та янги йўловчи ташиш йўналиши, улардан 240 тасини (79,2 фоизи) шаҳар атрофида ва қишлоқ жойлардан ўтадиган шаҳарлараро қатновларда очилиши, 8,6 мингта йўловчи ташиш автомобили, шу жумладан, 5,7 мингта умумий фойдаланишга қулай микроавтобуслар эксплуатацияга қўшимча киритилиши аҳолига қулайлик яратишда муносиб ўрин тутади.
Белгиланган тадбирларни амалга оширишда маҳаллий машинасозлик корхоналарида ишлаб чиқарилаётган автомобиль транспорти воситаларига ва ўзимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш ҳамда бошқа бутловчи материаллардан фойдаланишга асосий эътибор қаратилади.
Дастурни молиялаштиришга 840 миллиард сўмдан зиёд, асосан “Ўзавтосаноат-лизинг” ва бошқа лизинг компанияларининг маблағлари, тижорат банклари кредитлари, хусусий инвесторларнинг маблағлари, шунингдек, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар йўналтирилган ҳолда жалб этилаётган маблағларга ва хориждан импорт қилиниши зарур бўлган бутловчи материаллар ҳамда лизинг хизматлари учун алоҳида имтиёзлар механизмлари белгиланди.
Ҳар бир қабул қилинган қарор ижроси билан муҳимлиги қайд этилган ҳолда Дастур бажарилишининг доимий мониторинги олиб борилишини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унинг муайян вазифалари белгиланди.
Мухтасар айтганда, Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур қарор мамлакатимизда ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга эришиш ҳамда мамлакат шаҳар ва қишлоқларида аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишда муҳим ўрин тутади.
Ёрмамат ХОЛИЯРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Алига ҳам, Валига ҳам сарфланган харажат фермернинг айланма маблағини тўлдириши мумкин эди, бироқ......
01 янв 1970
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғидаги самимий мулоқотлар вилоят фаоллари, тадбиркорлари, зиёлилари ва кенг жамоатчилик заммасига янги масъ...
01 янв 1970
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ходимлари ҳамда...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши “Ёш адолатчилар” қанотининг бир гуруҳ фаоллари Олий ...