Бу муаммога Вазирлар Маҳкамаси мажлисида эътибор қаратилди!

/
Алига ҳам, Валига ҳам сарфланган харажат фермернинг айланма маблағини тўлдириши мумкин эди, бироқ...
Ҳеч истисносиз айтиш мумкинки, фермер қишлоқдаги жадал ва барқарор ривожланишларнинг, қишлоқдошларнинг муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг ташаббускори бўлиб майдонга чиқмоқда. Унинг зиммасига юкланган масъулиятнинг зўри шундаки, фермер ерга, мулкка ва зарур ишлаб чиқариш воситаларига бўлган чин эгалик муносабати, ислоҳотчилик кайфияти билан қишлоқдошлари онгида янгиланиш жараёнларига нисбатан чуқур дахлдорлик ҳиссини тарбияламоқда. Жамиятнинг соғлом фикрловчи кишиси бўлиб ўзига, оиласига ва мамлакатга кўпроқ наф келтиришга ундамоқда. Самарқанд вилоятида айни шундай кайфият, уддабуронлик билан меҳнат қилаётган ўнлаб фермер хўжаликларини мисол қилиб келтириш мумкин. Вилоятдаги ҳосили барқарор, экспортбоп салкам 2 минг гектарлик интенсив боғ, ғалла ва пахта билан бирга тонналаб асал, балиқ, парранда гўшти етиштираётган фермер хўжаликларининг иш тушуми бунга далил бўла олади.
Бироқ...
— Фермернинг аввало ўз айланма маблағи, техникаси, ҳосилдорликнинг машаққатли бекатларида беминнат хизмати тегадиган шериги бўлиши керак, — дейди Тайлоқ туманидаги “Қўшчинор” агрофирмаси раҳбари Абдураҳмон Искандаров. — Акс ҳолда фермернинг меҳнати кутилган натижани бермай омбору пештахталарга етиб бориши лозим бўлган ғалла-ю узум, сабзавоту меванинг салмоғи кўзни қувнатадиган даражага етмай қолаверади.
Хўш, индаллосини айтганда, гап нимага бориб тақалаяпти? Фермерга айланма маблағни ким беради? Техника-чи?
Гап шундаки, фермер айланма маблағини ўзи тўлдириши, техникани ҳам бирин-кетин сотиб олиши мумкин. Бироқ буюртмачи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан шартномавий, молиявий муносабатларда интизом, аниқлик ва раҳбарга хос шахсий жавобгарлик етишмаётгани ишнинг белига тепаяпти.
“Қўшчинор” агрофирмаси таркибида 120 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларга 1054 гектар экин майдонлари боғдорчилик, ғаллачилик ва сабзавотчилик йўналишлари бўйича тақсимлаб берилган. Бултур агрофирма томонидан 1740 тонна ғалла, 3500 тонна сабзавот, 1500 тонна узум, 730 тонна мева етиштириш таъминланди. Лекин натижа бундан анча зиёд бўлиши мумкин эди.
— Агротехник тадбирларни бажаришда муддати ўтказиб юборилаётган чала ишлар ёки хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг шартнома шартларига нисбатан ноқобиллиги панд бермоқда, — дейди агрофирма раҳбари. — Эътибор беринг, ғалла айни ўроққа келган пайтда туман машина-трактор паркига комбайн сўраб мурожаат қиламиз. Ташкилот раҳбари техникани дала бошига жўнатади. Бироқ ғаллазорда бир соат, ярим соат “жавлон уриб” улгурмаган комбайн бункери донга тўлмай тўхтаб қолади. “Фалон “запчаст”и етишмайди, бозорда нархи атиги бир миллион сўмдан ошмайди”, дейди комбайнчи гуноҳкорона елкасини қисиб. Бошоқлардаги дон тўкилиб кетаётганини кўрган фермер ишни тезлатиш учун ноилож бозорга югуради. Аммо эртасига ҳам, индинига ҳам шу ҳолат такрорланаверади. Нега, дерсиз? Гап шундаки, техника хизмати кўрсатиш бўйича фермер билан шартнома тузган ММТП раҳбари ишкали бор комбайнни бир амаллаб бўяб-безаб тайёргарлик чизиғига қўяди. Техникани созлаш ёки янгисини сотиб олиш имкониятини эса излаб кўрмайди. Алқисса, ерни шудгорлаш, экинга ишлов бериш пайтида ҳам кўзбўямачилик, ғирромликдан фақат фермер зарар кўриб қолаверади.
— Ўтган йили туман “Агротехсервис” масъулияти чекланган жамиятига техник хизмат учун 80 миллион сўм маблағ тўлаб берганмиз,—дейди “Қўшчинор” агрофирмаси бош ҳисобчиси Мансурхон Ҳусенов. — Лекин фермернинг ёндафтарчасидаги кўзда тутилмаган харажатлар бандига ёзиб борилган маблағ бундан ҳам кўпроқ — 100 миллион сўмни ташкил этди. Ахир бу маблағ фермернинг бола-чақасига едирмай асраб юргани эканлигини ким тушунади-ю ким тиғиз пайтда унинг машаққатига беғараз елка тутади?
Фермер хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотлар билан шартнома шартларини талаб қилишда, молиявий муносабатларда интизомга эришишда қийналмоқда. Очиғи, хизмат кўрсатувчилар ҳар сафар фермерга пешвоз чиқиш ўрнига фермер уларни излашга мажбур бўлмоқда.
— Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан ҳаққоний танқид қилинганидек, қишлоқ хўжалигида масъулиятсизларча ёндашув асосида молиялаштириш тажрибасига аллақачон барҳам бериш пайти келди, — дейди агрофирма раҳбари А.Искандаров. — Ахир кейинги 10 йил мобайнида минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва уруғлик нархининг ўсиши билан давлат буюртмасидаги ғалланинг харид нархи орасидаги фарқни бизга ким қоплаб беради?
Муаммога “Қўшчинор” агрофирмасидаги ҳолатдан келиб чиқиб жавоб излайдиган бўлсак, бир гектар ғаллани ўриб, донни омборга топширгунча бўлган харажатлар икки ярим миллион сўмга бориб қолаяпти.
ўалланинг харид нархи эса бир ярим миллион сўмдан ошмаяпти. Тағин бу пулни донни қайта ишлаш корхонаси шартнома муддатидан беш-олти ойлаб кечиктириб тўлаётганига нима дейсиз? Ёки узум, мева ҳосили учун тўловларни ойлаб эмас, йиллаб чўзиб келаётган қайта ишлаш корхонаси фермерни югур-югурлардан толиқтириб қўяётгани билан муросага келиш мумкинми? “Агромир” қўшма корхонасининг “Адас” филиали агрофирмага топширилган узум учун қолган 7 миллион 200 минг сўмлик дебиторлик қарзини ҳанузгача тўлаб бермагани бунинг битта мисоли.
— Ҳосилдорлик бекатларида фермерни иложсиз аҳволга солиб қўяётган муаммолар оз эмас, — дейди агрофирма раҳбари. — Айтайлик, бугун “Қўшчинор”да алмашлаб экиш тартиби издан чиққан 630 гектарлик ғаллазор танаффуссиз ишлаяпти. Ёки ғалла жами экинзорнинг 70 фоизини ташкил этган ҳолда сабзавот учун ер 220 гектардан ёки 30 фоиздан ошмаяпти. ўаллазорни бегона ўт, зараркунанда, касалликлар тобора кенг “ишғол” қилаётгани, тупроқ таркиби “камбағаллашиб” бораётгани ҳам шундан. Оқибатни бартараф этиш учун эса яна фермер харажат қилишга, куч ва меҳнат сарфини оширишга мажбур бўлмоқда.
— Рентабелликни таъминлаш учун хўжалигимизни кўптармоқли фермер хўжалигига айлантирдик, — дейди “Акмал Тошпўлатович” фермер хўжалиги раиси Дилшод Муҳаммадиев. — 1 гектарлик ҳавзада балиқ етиштириш, 100 бош қорамол, 100 тадан зиёд ўрдак, товуқ парваришлаш имконига эга бўлдик. Йил якуни бўйича 500 миллион сўм даромад олишга эришдик. Бироқ бизни хуноб қиладиган ҳолат — чорва учун озуқа етиштириладиган майдон ажратилмай қолаётгани. Ахир 100 бош қорамолга кам деганида 45 гектар ер зарур. Ҳисобимиздаги бор еримиз эса 39 гектардан ошмайди. Шу боис чорва учун озуқани четдан сотиб олишга мажбур бўлаяпмиз. Ахир сут, гўштнинг таннархини арзонлаштириш учун бизга ёрдам беришлари керак-да.
Фаҳмлаган бўлсангиз, гап яна фермернинг талабини қондиришга, алмашлаб экишни йўлга қўйишга бориб тақалаяпти. Шунда савбзавот ҳам кўпаяди, гўшт, сут миқдори ҳам ошиб, таннархи арзонлашади.
Қисқаси, “Қўшчинор” агрофирмасидаги фермерлар оддий арифметик ҳисоб-китобларни кимларгадир уқтириш, маъқуллатиш билан овора. Фаровонлик фойдасига ишлаши лозим бўлган боғ, токзорлар, ғаллазор эса фермердан ҳам, бошқарув идорасидаги хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан ҳам соғлом меҳнату ёндашувни, амалий ҳамкорликни кутмоқда. Буни эса пайсалга солиб бўлмайди.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, азалдан тили, эътиқоди, турмуш тарзи яқин халқлар бир-бирига интилиб келган. Ахир, якка отнинг чанги чиқмас ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган....
01 янв 1970
Мана, қирқ йилдирки, Афғонистонда қуролли тўқнашувлар, уруш ҳаракатлари тўхтамайди....
01 янв 1970
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, ёши улуғ фуқароларнинг, ёлғиз кексаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят ёки шаҳарга ташрифи, ўша ҳудудлар ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда....